Бучадаги қатлиомни француз экспертлари текширади
Украина Россия ҳарбийларининг Бучадаги ҳарбий жиноятларини исботлаш учун француз суд-тиббий экспертларини Буча шаҳридаги оммавий қабрларга таклиф қилди.
Бош прокурор Ирина Венедиктованинг айтишича, яқин 15 кун ичида француз мутахассислари Буча Россия қўшинларидан қайтариб олинганидан кейин жасадлари топилган 250 кишининг тақдирини аниқлашда Украина ҳукуматига ёрдам беради:
"Афсуски, бизда уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар билан боғлиқ жуда кўплаб ҳолатлар бор. Бугун бир оиланинг учта жасадини қазиб олганимизга барчангиз гувоҳ бўлдингиз. Гувоҳларнинг айтишича, бу аёл ва унинг икки боласи бўлган. Улар кимлигини ҳам билмаймиз. Биз уларни процессуал имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда ва француз ҳамкасбларимиз билан бирга аниқлаймиз. "Биз ёпиқ давлат эмасмиз”.
Таллинда рус ҳарбийлари зўравонлигига қарши акция ўтмоқда
Таллинда аёллардан иборат жамоатчилик фаоллари уч кундан бери Россиянинг Эстониядаги элчихонаси олдида норозилик акцияси ўтказмоқда. Бу ҳақда Эстониянинг ERR телеканали хабар қилди.
Улар Россия ҳарбийларининг Украинадаги хатти-ҳаракатларига қарши норозилик билдиришяпти.
Сўнгги ҳафталарда Россия ҳарбийлари босиб олинган ҳудудларда ўнлаб аёллар ва болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганига доир хабарлар ёйинланмоқда.
“Рус аскарлари Украинада бегуноҳ аёллар ва болаларни жинсий зўрлашяпти, ўлдиришяпти. Урушни дастаклаётган одамлар бу билан ҳарбий жиноятларни, ваҳшийликларни ҳам оқлашмоқда ва ўзлари ҳам бу ёвузликларга шерик бўлишмоқда. Путин режими тарафдорларига айтар гапимиз шу”, дейишмоқда акция ташкилотчилари.
Британия Россиядаги 200 дан зиёд жисмоний ва юридик шахсга қарши санкция жорий этди
Буюк Британия Украинадаги уруш туфайли 206 жисмоний ва юридик шахсга қарши санкциялар жорий қилди.
Санкция рўйхатида жумладан “Лукойл” раҳбари Вагит Алекперов, Давлат думаси депутати ва хоккейчи Вячеслав Фетисов, “Система” акциядорлик молиявий корпорацияси асосчиси Владимир Евтушенков, Россия президентининг ёрдамчиси Андрей Фурсенко, “Газпромбанк” вице-президенти Сергей Фурсенко, Россия ташқи ишлар вазирининг хотини Мария Лаврова каби шахслар бор.
Мазкур рўйхатга Украинадаги россияпараст “Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун” партияси раҳбари, “Путиннинг биродари” Виктор Медведчук номи ҳам киритилган. Бу одам бир кун аввал Украинада қўлга олинган эди.
Ҳаага халқаро жиноят суди прокурори Украинанинг Буча шаҳрига борди
Ҳаагадаги халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон Украинанинг бутун ҳудуди жиноят содир этилиш жойи ўлароқ қаралиши мумкин, деган фикрда. Бу ҳақда у Буча шаҳри зиёратидан кейин билдирган.
Суд-тиббий экспертлар гуруҳи Киев яқинидаги мазкур шаҳарда қатлиом амалга оширилган жойда текширув фаолиятини бошлаб юборганлар.
Карим Хон Ҳаага суди вакиллари Украинага ўз юрисдикцияси остига тушган жиноятлар содир этилаётганини тахмин қилиш учун жиддий асос борлиги учун келганини урғулаган.