Кремл Киевга зарба бериш билан таҳдид қилди
Россия Мудофаа вазирлиги Киевга зарбалар йўллаш билан таҳдид қилди.
“Украина қўшинлари томонидан Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга қарата зарба бериш ёки қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш уринишлар бўлаётганини кўряпмиз. Бунақа ҳолатлар давом этган тақдирда Россия Федерацияси Қуролли кучлари қарор қабул қилиш марказларига, жумладан, Киевга зарбалар беради. Россия армияси шу пайтгача бундан тийилиб келмоқда эди”, дейилади вазирлик хабарномасида.
"Москва" крейсери чўкиб кетди
Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиздаги рус флоти флагмани "Москва" крейсерининг чўкиб кетганини маълум қилди. Аввалроқ Украина томони кемани ракетадан нишонга олганини билдирган эди.
"Москва" крейсери белгиланган портга олиб борилаётган пайт ўқ-дорилар портлаши натижасида юзага келган шикастланиш оқибатида барқарорликни йўқотди ва денгиз тўфони шароитида ғарқ бўлди. Экипаж ҳудуддаги Қора денгиз флоти кемасига эвакуация қилинди", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
National Geographic журналини Россияда чоп қилиш тўхтатилди
National Geographic журналининг рус тилидаги версиясини Россияда чоп қилиш тўхтатилди. Нашр сайтига кирган ташрифчилар Russian Traveler лойиҳаси сайтига йўлланмоқда.
National Geographic журналининг асосий эгаси Disney корпорацияси бўлиб ҳисобланади. Март ойида корпорация Россиядаги бизнесини тўхтатишини эълон қилган эди.
Украина парламенти россиялик ҳарбийлар хатти-ҳаракатини геноцид деб тан олди
Олий Рада Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти ҳамда армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳужжат учун 363 депутат овоз берди, дея маълум қилинган Украина парламенти сайтида.
Қарорда қайд этилишича, Украина Бош прокуратураси, ТИВ ва Адлия вазирлиги геноцид, инсонийликка қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар амалга оширилиши бўйича барча ҳолатларни ҳужжатлаштириши ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш ташаббуси билан чиқиши лозим.
Олий Рада россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид сифатида тан олиш юзасидан БМТ, Европа кенгаши парламент ассамблеяси, Европа парламенти, ЕХҲТ парламент ассамблеяси, НАТО парламент ассамблеяси ва хорижий давлатлар парламентларига мурожаатнома йўлламоқчи.