CIA: Россиянинг ядро қуролини қўллаш таҳдидига енгил қараб бўлмайди
АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс Россиянинг Украинада ядро қуролини қўллаши мумкинлиги ҳақидаги таҳдидига енгил қараб бўлмайди, дея баёнот берди. Бироқ агентлик бу хавотирни тасдиқловчи етарлича далилларга эга эмас.
Бёрнс 14 апрелдаги чиқишида Россия президенти Владимир Путиннинг “потентсиал ноумидлиги” ва муваффақиятсизликлари ҳақида гапириб, Россия қўшинлари катта йўқотишларга учрагани ва Киевни қўлга кирита олмагач, Украина шимолининг айрим қисмларидан чекинишга мажбур бўлганини таъкидлаб ўтди.
“Президент Путин ва Россия раҳбариятининг потентсиал ноумидлигини ва улар ҳозиргача дуч келган ҳарбий муваффақиятсизликларни ҳисобга олсак, ҳеч биримиз тактик ёки паст рентабелли ядро қуролидан фойдаланиш хавфига енгил қарай олмаймиз, - деди Бёрнс.
Кремл 24 февраль куни Украинага қарши асоссиз уруш бошлаганидан ҳеч қанча ўтмай, Россия ядровий кучларини юқори шай ҳолатга келтиргани билан таҳдид қилди. Бироқ, Қўшма Штатлар кўпроқ ташвиш туғдирадиган ядро қуролининг амалда активизация қилиниши борасида “реал далилларни” кўрмади, дея қўшимча қилди Бёрнс Георгиа Теч университети талабалари билан суҳбат чоғида.
Зеленский: Уруш бошланганидан бери 2500-3000гача украин аскари ҳалок бўлди
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери 2500 дан 3000 гача украиналик аскарлар ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Американинг CNN телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
Унга кўра, яна 10 мингга яқин аскар турли даражада яраланган. Зеленский шунингдек, Украина ҳукумати ҳудудларининг бир қисми ишғол остида бўлгани, жасадлар вайроналар остида қолган бўлиши мумкинлиги сабабли босқин бошланганидан бери тинч аҳоли орасидан қанча одам ҳалок бўлганини ҳозирча аниқ ҳисоблаб бера олмаслигини айтди.
“Тинч аҳоли ҳақида гапириш жуда қийин, чунки мамлакатимиз жанубида аҳоли пунктлари ва шаҳарлари тўсиб қўйилган – шарқда Херсон, Бердянск, Мариупол, бу тарафда эса Волноваха жойлашган ҳудуд – биз шунчаки билмаймиз. Тўсиб қўйилган ўша зонада қанча одам ҳалок бўлганини”, — деди Зеленский.
БМТ: Қамалдаги шаҳарларда тинч аҳоли очликдан нобуд бўлиши мумкин
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Россия ҳарбийларини Украинанинг қамалдаги шаҳарларига кириш имкониятини таъминлашга чақирди.
БМТ қамалдаги шаҳарларида уруш туфайли тинч аҳоли очликдан нобуд бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 1, 4 миллионга яқин украиналик озиқ-овқат ёрдамини олган. Дастур ходимлари, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами юкланган Украина карвонлари Мариуполь қамалда қолгани учун ерга етиб бора олмаётганини айтишмоқда.
Расмийларга кўра, шаҳарда 100 мингдан ортиқ одам қолган қолиши мумкин.
Кличко: Киев ўққа тутилди
Киев мери Виталий Кличко 16 апрель куни эрталаб Украина пойтахти ўққа тутилганини айтди.
"Дўстлар! Эрталаб Киев ўққа тутилди. Шаҳар четидаги Дарница туманида портлашлар содир бўлди. Ҳозир воқеа жойида қутқарувчилар ва шифокорлар ишламоқда. Қурбонлар ҳақида маълумотлар аниқланмоқда", - деб ёзди Кличко ўзининг Телеграм каналида.
У киевликларни шаҳарга қайтмасликка ва хавфсизроқ жойларда қолишга чақирди.
Аввалроқ маҳаллий аҳоли Киев туманларидан бирида портлаш юз бергани ҳақида хабар берган эди.
Львовда ҳам портлашлар рўй бергани ҳақида хабарлар бор, бироқ бу ҳали тасдиқланмаган.