Тўпга тутилган Харьковда якшанба куни 5 киши нобуд бўлди, 20 киши яраланди
Украинанинг рус тилида сўзлашувчи аҳоли кўп яшайдиган шаҳри бўлмиш Харьков тўпга тутилиши натижасида 17 апрель куни беш киши ҳалок бўлди, 20 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда Харьков вилояти раҳбари Олег Синегубов маълум қилди.
Мулозимга кўра, шаҳар марказидаги Салтовка тураржой мавзеси нишонга олингани ортидан кўп қаватли уйлар ва фуқаровий инфратузилмага шикаст етган.
Россиялик ҳарбийлар олдин бир неча бор Украинада фақат ҳарбий объектларга зарба берилаётганини иддао қилишган.
Аввалроқ Харьковда 17 апрель куни соат 15:00 гача россияликларнинг зарбалари туфайли 5 киши нобуд бўлиб, 13 киши яралангани маълум қилинган эди. Якшанба насронийлар кўп истиқомат қиладиган мамлакатларда бўлгани каби Украинада ҳам ҳордиқ ва ибодат куни бўлиб ҳисобланади.
Зеленский ХВЖ раҳбари билан урушдан кейинги тикланиш истиқболини муҳокама қилди
Украина президенти Владимир Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева билан телефон орқали мамлакатнинг молиявий барқарорлиги ва уни урушдан кейин тиклаш истиқболларини муҳокама қилди.
“Бизда аниқ режалар бор… ХВЖ ва Украина ҳамкорлиги самарали бўлишда давом этишига аминман”, деб ёзди Зеленский Твиттердаги ўз саҳифаси орқали.
Ўз навбатида Георгиева бунга жавобан: “Замонавий рақобатбардош Украинанинг тикланишига асос яратилиши учун украиналик ҳамкорлар томонидан давомли иқтисодий дастак муҳим”, деб ёзган.
Днепропетровск ва Киев вилоятлари ҳамда Украина пойтахтида комендантлик соати қисқарди
Украинанинг Днепропетровск вилоятида расмийлар комендантлик соатини қисқартиришга қарор қилдилар. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раиси Валентин Резниченко маълум қилди.
“Эртанги кундан бошлаб вилоятда комендантлик соатини қисқартиряпмиз. Энди у соат 22:00 дан 5:00 гача давом этади”, дея қайд этган Резниченко 17 апрель куни.
Аввалроқ Киев шаҳри ва вилоятида комендантлик соат муддати қисқариши ҳамда бундан буён соат 22:00 дан 5:00 гача давом этиши очиқланган. Аввал у соат 20:00 дан 6:00 гача давом этаётган эди.
Медведчук Путин ва Зеленскийга мурожаат билан чиқди
Бугун россияпараст сиёсатчи ва олигарх, ҳозирда Укринада ҳибсда ушлаб турилган Виктор Медведчук ўзини Мариуполни ҳимоя қилаётган украин жангчилари ва аҳолисига алмашишларини сўради:
“Мен, Медведчук Виктор Владимирович Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийга мурожаат қилар эканман, мени Мариуполь шаҳри мудофаачиларига ва ҳозирда шаҳарда қолаётган ёки гуманитар йўлаклар орқали уни тарк этиш имкониятига эга тинч аҳолига алмашишларини сўрайман”.
Виктор Медведчук Россия президенти Владимир Путин билан қалин шахсий алоқаларга эга украиналик сиёсатчидир. У “Путиннинг яқин одами ва биродари” сифатида танилган. Медведчук давлатга хиёнат ва террорчилик фаолиятига кўмаклашишда гумон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғига олинган, лекин уруш бошлангач, у қочиб, яширинган ва 12 апрель куни қўлга олинган.
Президент Зеленский Виктор Медведчукни украиналик асирларга алмашишга тайёрлигини айтган:
"Ўзингиз кўряпсиз, биз Виктор Медведчукни алмашишга тайёрмиз. Ростини айтадиган бўлсам, уни асирликдаги ҳарбийларимизга ёки Россия таклиф қиладиган бошқа нарсага алмашишга мутлақо тайёрмиз."
Львов суди Медведчукнинг 154 та мулкини ҳибсга олди. Медведчук Британиянинг Россияга қарши санкциялари рўйхатига ҳам киритилди.