Россияда Human Rights Watch сайти блокланди
Роскомнадзор Россия Бош прокуратураси қарорига биноан мамлакат ҳудудида Human Rights Watch, “Цензор.нет”, Gazeta.ua, “Громадське радiо” сайтлари ва яна 20 та ахборот ресурсини тақиқади.
Блоклаб қўйилган сайтлар реестрига Human Rights Watch ташкилотининг фақат бир саҳифаси – “Украина: Россия ҳужуми давомида жанглардан қочаётган тинч аҳоли нобуд бўлмоқда” сарлавҳали хабар киритилган холос. Аммо https баённомаси қўлланиши туфайли битта саҳифанинг тўсилиши бутун сайтнинг очилмай қолишига олиб келган.
Роскомнадзор Украинада уруш бошланганидан бери Россия ҳудудида 2300 дан ортиқ ахборот ресурсини блоклаб қўйди.
Украинада гуманитар йўлаклар ишламаяпти
Украинада кетма-кет иккинчи кун гуманитар йўлаклар очилмаяпти, дея маълум қилди мамлакат бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук.
Верешчук Россия ҳарбийларини “халқаро гуманитар ҳуқуққа хилоф ўлароқ гуманитар йўналишларни очмасликда ва уларни ўққа тутишда” айблади.
Унинг сўзларига кўра, кеча ҳукумат расмийлари Мариуполь, Бердянск, Токмак ва Энергодардан яшил йўлаклар очиш бўйича узоқ ва машаққатли музокаралар олиб борганлар. Шунингдек, Херсон ва Луганск вилоятларидан гуманитар йўлак очиш хусусида ҳам музокаралар бўлган.
"Москва" крейсерининг ёнаётган сурати ёйинланди
“Москва” крейсеридаги муҳтамал ёнғин фото ва видеотасвирлари пайдо бўлди.
Бир неча фотосуратни OSINTtechnical лойиҳаси ёйинлади. Суратлардан бирига изоҳ бераркан, лойиҳа тадқиқотчиси унинг ҳақиқийлигини текшира олмаслигини айтган.
“Аммо бу Slava тоифасидаги крейсер, улардан бошқа биронтаси бу тарзда йўқ қилинган деб ўйламайман”, деб ёзган у. Россиянинг мазкур тоифага мансуб нариги икки кемасидан бири “Маршал Устинов” (Шимолий флот), иккинчиси эса “Варяг” (Тинч океани флоти) деб аталади.
Кейинроқ россияпараст “Военный осведомитель” телеграм-каналида видео ҳам эълон қилинди. Уни АҚШнинг собиқ денгиз пиёдалари аскари, ҳозирда Ташқи сиёсий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаётган OSINT-тадқиқотчи Роб Ли ҳам ёйинлаган.
"Союзмультфильм"нинг Z ҳарфли кемаси ҳақидаги мутльтфилми Ютубдан ўчирилди
«Союзмультфильм» томонидан 1973 йилда ишланган “Чўкиб кетган кемалардаги хазиналар” мультфильми Ютуб тармоғидан ўчириб ташланди.
Мультфильмда болалар “Нептун 25” номли батискафда сувости саёҳатига чиқишганида бортига Z ҳарфи туширилган чўккан кемани топиб олишгани ҳақида ҳикоя қилинади.
“Тушунарли, бу фашистлар кемаси”, дейди пионерлардан бири. “Қаердан билдинг?” деб сўрашади ундан дўстлари. “Китобда ўқиганман! Фашистлар кемаларига Z ҳарфини белги қилиб қўйишган”, деб жавоб беради бола.
“Союзмультфильм” ушбу мультфильмнинг Ютубдан ўчирилишига уларнинг алоқаси йўқлиги, “Союзмультфильм” мультиклари” номли канал киностудияга тегишли эмаслигини таъкидлади.
Россия аскарлари ҳарбий машина ва танклар сиртига тушириб олган Z ҳарфи Украинага қарши уруш рамзига айланган. Ушбу белги уруш тарафдорлари томонидан кенг қўлланмоқда.
Мультфильмга тақиқ Россиянинг денгиздаги қудрати ва Украинага урушнинг бир рамзига айланган “Москва” крейсери чўкиб кетганидан сўнг Ютубдан ўчирилди.