Львовдаги ҳужумда 6 киши ўлди
Львовда эса ўтган тунда 6 киши ўлди, 8 киши, жумладан, бир бола жароҳатланди.
Львов вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Максим Козицкий жами тўртта ракета келиб тушганини маълум қилди. Шундан учтаси – ҳарбий инфратузилма объектларига, биттаси шина ямаш устахонасига тушган.
Украина темир йўллари раҳбари “темир йўл объектларига” ҳам зарба йўлланганини билдирган, аммо қурбонлар ҳақида ҳеч нима демади.
Россия Мудофаа вазирлиги ушбу зарбалар юасидан изоҳ берганича йўқ.
“Настояшчее время”нинг Львовдаги мухбири Юлия Жукова зарбалар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
“Ҳаво ҳужуми тревогаси Киев вақти билан тахминан 7:45 ларда янгради. Мен дарҳол йўлакка чиқдим. Чамаси 40 дақиқа ўтиб портлаш саслари келди. Товуш жуда қаттиқ эмасди. Аммо марказга яқинроқ жойларда яшовчи одамлар кучли портлаш бўлганини, бинолар деворлари ларзага келганини айтишди. Шаҳар марказида кўкка ўрлаётган тутун кўриниб турибди. Биздан тутаётган жойни суратга олмасликни илтимос қилишди, акс ҳолда у ерга такрор зарба берилиши мумкин экан”.
Буча мэри: Оккупация вақтида шаҳардаги ҳар беш кишидан бирини ўлдиришган
Буча мэри Анатолий Федорчук Украина телевидениесидаги чиқишида дастлабки маълумотларга кўра, “Россия ишғолидан сўнг шаҳарда қолган ҳар беш нафар тинч фуқаролардан бири ўлдирилган”ини айтди.
“Тинч аҳолига нисбатан содир этилган энг оғир жиноятлар – гуруҳ бўлиб амалга оширилган жинсий тажовузлар ва болаларнинг ўлдирилганидир. Бунақа ҳолатлар Бучада ҳам, Ворзелда ҳам бўлган”, дея қўшимча қилди Федорчук.
Урушга қадар Бучада қарийб 36 минг аҳоли яшаган. Аввалроқ Федорчук оккупацияда 4000 нафарга яқин одам қолганини айтган эди.
Якшанба куни Киев вилояти полицияси бошлиғи 420 дан ортиқ жасад эксгумация қилинганини, аммо қурбонларнинг умумий сони бундан кўплигини айтди.
Россия расмийлари эса рус аскарлари тинч аҳолини оммавий қатл қилаганини иддао қилишда ва кўплаб фото ва видеоларни эса “сохта далиллар” деб аташда давом этмоқда.
Ота-оналар "Москва" крейсерида ўғиллари ўлганини айтмоқда
“Москва” крейсерида муддатли ҳарбий хизматда бўлган икки аскарнинг ота-онаси ўғиллари ҳалок бўлганини маълум қилди.
“ВКонтакте”да Дмитрий Шкребец исмли фойдаланувчи ўғли Егор 14 апрель куни кема чўкканидан сўнг “бедарак йўқолган” деб эълон қилинганини даъво қилди. 20 ёшли Егор оиласи билан Ялтада яшаган ва 2021 йил июлда ҳарбий хизматга чақирилиб, “Москва” крейсерида ошпаз бўлиб хизмат қилган. Отаси Дмитрий Шкребецга кўра, “Москва” чўктирилганидан сўнг крейсер қўмондонлиги унга ўғли бедарак йўқолганлар рўйхатида эканини билдирган.
“Москва” крейсерининг яна бир матроси – Марк Тарасовнинг онаси Ульяна ҳам “ВКонтакте”даги хабарида кема Қора денгизда чўкиб кетганидан сўнг ўғли ғойиб бўлгани ҳақида ёзди.
Тарасов ҳарбий хизматга 2021 йил охирида – 15 декабрь куни чақирилган. Бу маълумотни матроснинг бир таниши “Агентство” нашрига тасдиқлаган. Ҳарбийга олинганидан сўнг Тарасов ўзининг “Инстаграм”даги саҳифасида матрос кийимидаги суратини эълон қилган.
Россия Мудофаа вазирлиги крейсердаги экипаж аъзолари қутқарилганини маълум қилди, бироқ қутқарилганлар сонини очиқламади.
Россия Давлат Думаси собиқ депутати, мухолифатчи Илья Пономарьёв эса чўкиб кетган “Москва” крейсери бортидаги 510 кишидан атиги 58 нафарини қутқаришга муваффақ бўлингани ҳақида ёзди.
Россия Мудофаа вазирлиги “Москва” крейсери денгизчиларининг ўлимига доир хабарларга изоҳ бермаяпти.
Германия Россия босқинини оқлаганларга қарши 140та иш очди
Германия маҳаллий полиция ва прокуратура идораларида Россиянинг Украинага тажовузини маъқуллаш билан боғлиқ 140 дан ортиқ иш кўрилмоқда.
Уларнинг аксарини Z рамзининг қўлланишига доир ишлар ташкил қилади.
Россия аскарлари ҳарбий машина ва танклар сиртига тушириб олган Z ҳарфи Украинага қарши уруш рамзига айланган. Ушбу белги уруш тарафдорлари томонидан кенг қўлланмоқда.