ОАВ: Украиналиклар зарбаси чоғида “Москва” крейсери экипажининг 37 аъзоси ўлган
“Москва” крейсерига берилган ракета зарбасидан кейин экипаж аъзоларидан 37 нафари ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Медуза” нашри Қора денгиз флоти қўмондонлигига яқин манба иддаосига таянган ҳолда хабар қилди.
Аввалроқ “Новая Газета. Европа” нашри крейсерда 40 чоғли денгизчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Қайд этилишича, ракета зарбаси чоғида яна 100 га яқин одам яраланган, дараксиз йўқолганлар сони эса маълум эмас. Ҳарбий кемада жами 500 га яқин киши бўлган. Россиянинг давлатга яқин ОАВлари ўтган ҳафтадан бери чўккан “Москва” крейсерида ҳеч ким ўлмаганини иддао қилиб келишади.
Россия Қора денгиз флотининг флагмани “Москва” ракета крейсери 14 апрель куни Украинанинг иккита ракетаси билан урилганидан кейин чўкиб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Ирпень шаҳрида тинч аҳоли вакилларидан 269 нафари ўлдирилгани қайд этилди
Украина полицияси Ирпенда 269 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилганини қайд этган. Бу ҳақда Миллий полиция Тергов бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Пантелеев маълум қилди.
Мулозимга кўра, полициячилар шаҳардаги тергов ҳаракатларини якунлаганлар, улар одамлар оммавий равишда отилган еттита жойни аниқлаганлар.
Россия болгариялик бир неча дипломатни мамлакатдан чиқариб юбормоқчи
Россия Болгариянинг Москвадаги элчихонасида ишлайдиган ходимни “исталмаган шахс” (persona nоn grata) деб эълон қилди. Бу ҳақда маълумот тарқатган Россия Ташқи ишлар вазирлиги бадарға қилинажак дипломатлар сонига аниқлик киритган эмас.
Вазирлик бу Болгария томонидан россиялик дипломатларнинг “исталмаган шахс” эълон қилиниши бўйича “ҳеч бир асоссиз қарор”ига жавоб чораси эканини билдирган.
Жорий йилнинг 18 март куни Болгария Ташқи ишлар вазирлиги россиялик 10 нафар дипломатни persona nоn grata деб эълон қилиб, уларга мамлакатни тарк этиш учун 72 соат муҳлат берганди.
ТИВ баёнотида мазкур қарор “Болгария республикаси салоҳиятли идоралари таклифига кўра” қабул қилингани, россиялик дипломатлар мамлакатда “дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясига тўғри келмайдиган фаолият”ни амалга оширганлари қайд этилган. Дипломатларнинг айнан нима қилганига аниқлик киритилган эмас. Болгария прокуратураси ҳам бу борада изоҳ бермаган.
Бучада ўлдирилган Илья Навальний россиялик мухолифатчининг қариндоши бўлиб чиқди
Украинанинг Буча шаҳрида ўлдирилган Илья Навальний россиялик машҳур мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қариндоши бўлиб чиқди. Бу ҳақда BBC News уларнинг яна бир қариндоши - Новое Залесье қишлоғи оқсоқоли Павел Навальний сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Аввалроқ Германиянинг Bild нашри Бучада 61 ёшли Илья Навальний ўлдирилгани ҳақида хабар қилган. Экспертлар унинг кўкраги ва бошидан отилганини аниқлаганлар, жасад Буча черкови яқинидаги оммавий қабрдан эксгумация қилинган. Маҳаллий аҳоли вакиллари Илья Навальнийнинг отилишига фамилияси сабаб бўлганига оид тахминни илгари суришган. Аввалроқ унинг жасади ёнидан паспорти топилган.