Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:27

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Херсонда Ленин ҳайкали ўрнатилди

Россия армияси босиб олган Херсон вилояти Геническ шаҳрида Владимир Ленин ҳайкали ўрнатилди.

Ҳайкал 2015 йилда олиб ташланганди. Рус ҳарбийлари Ленин ҳайкалини эски жойида – маҳаллий маъмурият биноси олдида қайтадан тиклашди, бино томига эса Россия ва совет байроқлари осилди.

БМТ: тинч аҳоли орасида уруш қурбонлари сони икки мингдан ошди

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссариати маълумотига кўра, 24 февралдан бери Украинада 2072 киши, жумладан 169 бола нобуд бўлган. Яна 2818 киши яраланган. Донбассда 732 киши, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эса 1340 киши ҳалок бўлган.

БМТ урғулашича, ўлганларнинг ҳақиқий сони бундан кўп бўлиши турган гап, чунки жанглар давом этаётгани сабабли қурбонларга доир ишончли маълумотлар кечикиб келмоқда.

Россия Украинада тинч аҳолини ўққа тутганини инкор қилиб келади. Қурбонларга оид фото ва видеоларни эса “фейк” деб атамоқда.

АҚШда Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакети ҳозирланмоқда

АҚШ президенти Жо Байден яқин кунларда Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини эълон қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда NBC телеканали Оқ уйдаги исми ошкор этилмаган манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Янги ёрдам пакети тақрибан аввалгиси билан тенг – 800 миллион доллар бўлиши тахмин қилиняпти, бироқ унинг нималардан иборат бўлишига оид тафсилотлар ҳали очиқланганича йўқ.

GM Россия бозоридан бутунлай кетишга қарор қилди

Дунёдаги энг йирик автомобилсозлик ширкатларидан бири бўлган General Motors (АҚШ) корпорацияси Россия бозоридан бутунлай кетади. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар қилди.

Нашр қайдича, дилерлар Россияга автомобиль етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида огоҳлантирилган, Россия офиси ходимлари ишдан бўшатилмоқда.

GM Қрим аннексиясидан кейин 2015 йили Россияда автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатган ва шу кунгача бу мамлакатга фақат Chevrolet ва Cadillac’нинг қимматбаҳо моделларини етказиб бериб келаётганди. Россиялик ҳарбийлар шу йил 24 февралида Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан эса АҚШда Россияга қимматбаҳо автомобиллар етказиб беришга экспорт тақиқи жорий этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG