БМТ бош котиби Пасха пайтида Украинада ўт очишни тўхтатишга чақирди
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Пасха чоғида Украинадаги урушда ўт очишни тўхтатиш чақириғи билан чиқди.
“Православларнинг эҳтиросли ҳафтаси чоғида Украинадаги урушда гуманитар танаффус қилишга чақираман. Мен барча томонларга – ва бутун дунёдаги тинчлик тарафдори бўлган барчага – менинг Пасха ўтинчимга қўшилишни сўрайман. Инсонлар ҳаётини сақлаб қолинг. Қон тўкиш ва вайрон қилишни тўхтатинг. Мулоқот ва тинчлик-осойишталик учун имконият беринг”, дейилган Гутерриш мурожаатида.
Аввалроқ БМТнинг 200 дан зиёд собиқ юқори лавозимли мулозими бош котибга огоҳлантириш билан чиқишиб, агар у Украинада тинчлик ўрнатилишига воситачилик қилиш учун ҳеч нарса қилолмаса, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат томонидан амалга оширилган босқин туфайли халқаро ташкилот мавжудиятининг ўзи савол остида қолиши мумкинлигини урғулашган.
Канада Путиннинг қизлари дохил 14 нафар россияликка қарши санкция жорий этди
Канада россиялик 14 нафар жисмоний шахсга қарши янги санкциялар жорий қилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, галдаги чекловлар ҳам Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан киритилмоқда.
Санкция рўйхатига бу гал Россия Марказий банки раиси Эльвира Набиуллина, тадбиркорлар Петр Авен ва Михаил Гуцериев, сенатор Александр Торшин, Путиннинг қизлари Катерина Тихонова ва Мария Воронцова ҳамда бошқалар киритилган.
Ўтган сафар Канада ҳукумати Россиянинг мудофаа саноатига алоқадор 33 та корхонасига қарши санкция жорий этганди. Март ойи охирида эса Канада Россия Федерация кенгашининг 160 аъзосини қора рўйхатга киритган.
Киевлик мулозима Мариуполдан аёллар ва болалар учун битта гуманитар йўлак очилажагини билдирди
Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук россияликлар билан 20 апрель кунига Мариуполдан битта гуманитар йўлак очиш юзасидан келишувга эришилганини маълум қилди.
“Биз аёллар, болалар ва ёши улуғ одамлар учун гуманитар йўлак очиш бўйича дастлабки келишувга эришишга муваффақ бўлдик”, деб ёзган мулозима. Унга кўра, бу одамлар чиққан автомашиналар карвони Мариуполь-Мангуш-Бердянск-Токмак-Орехов-Запорожье йўналиши бўйлаб ҳаракат қилади.
Россия қўшинлари томонидан қарийб тамоман оккупация қилиниб, вайрон этилган Мариуполда ўн мингла одам қолаётгани айтилмоқда. Сўнгги кунларда Верешчук гуманитар йўлаклар юзасидан келишувга эришиш бўйича музокаралар натижа бермаётганини айтиб келаётган эди.
Россия Мариуполга янги ультиматум қўйди
Донбассга ҳужумларини кучайтирган Россия Мариупол шаҳридаги Азовстал заводига қамалиб қолган украиналик ҳимоячиларга таслим бўлиш талаби билан янги ультиматум қўйди. Россия агар ўз талаби амалга ошса, сулҳ тузилишига ваъда берди. Руслар аввал ҳам шундай таклиф билан чиқишган, аммо биронта ҳам украин аскари шу пайтгача таслим бўлмаган.
Мариуполдаги сўнгги мудофаа ўчоғи бўлмиш ушбу заводнинг ерости иншоотларида ҳарбийлар билан бирга бир неча юз нафар тинч аҳоли ҳам яширинган.
Украина ҳарбийлари Россия қўшинлари 20 апрель куни эрта тонгдан заводга ҳужумларни давом эттираётганини маълум қилди. Заводга оғир бомбалар ёғдирилмоқда, одамлар вайроналар остида қоляпти.
Бугун тунда Украина денгиз пиёдалари бригадаси командири Сергей Волина тинч аҳолининг эвакуация қилинишини ташкиллаштиришни сўраб АҚШ, Британия, Туркия ва Украина раҳбарларига мурожаат қилди.
Президент Зеленский Мариуполдаги украин ҳарбийлари ўлдирилган тақдирда музокараларни давом эттириш имконсиз бўлиб қолиши ҳақида огоҳлантирган.