Россия S7 Airlines аъзолигидан ўчирилди
Катталиги бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи Oneworld авиация альянси Россиянинг S7 Airlines ташувчисини аъзоликдан ўчирди.
S7 альянсга 2010 йил ноябрда аъзо бўлиб кирган.
Кремль янги сулҳ шартномасини Украинага топширди
Бугун Кремль ўзи ишлаб чиққан сулҳ шартномаси лойиҳасини Украинага топширди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “мутлақо аниқ, пишиқ-пухта ишлаб чиқилган” сулҳ шартномаси лойиҳаси Украина томонига топширилганини маълум қилди.
“Тўп уларда, биз жавобни кутяпмиз”, деди Песков.
Украина музокара гуруҳи ўз лойиҳасини 29 март куни бўлиб ўтган сўнгги учрашувда Россияга топширган эди. Унда Украина ҳарбий иттифоқларга кирмасликка, ядро қуролига эга бўлишга интилмасликка тайёрлигини билдирган, аммо қатор мамлакатлардан аниқ ва қатъий кафолатлар талаб қилган эди. Шунингдек, ҳужжатда Қрим ва Севастополь мақоми хусусида кейинги 15 йил давомида музокаралар олиб борилиши белгиланиб, “ДХР” ва “ЛХР” тақдири алоҳида банд билан киритилиши назарда тутилган.
Россиянинг “сулҳ шартномаси”даги талаблар эса очиқланганича йўқ.
Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар Бучада тинч аҳоли оммавий қирғин қилинганидан сўнг амалда тўхтаб қолган эди.
Россия ва Украина бешинчи марта асирларни алмашди
Россия ва Украина бешинчи марта ҳарбий асирларни алмашди.
Бош вазир ўринбосари Ирина Верешчукка кўра, Украинага 76 киши, жумладан 10 зобит ва 16 фуқаровий шахс қайтган.
Россияга қанча ҳарбий асир қайтганини Верешчук ҳам, Россия Мудофаа вазирлиги ҳам очиқламаган.
Донбасс учун жанглар
Украина кучлари сўнгги 24 соат ичида Донецк ва Луганскда Россия қўшинларининг 10 та ҳужумини қайтарди.
Россия кучлари “Донецк, Луганск ва Харковь вилоятларининг деярли бутун фронт чизиғи бўйлаб” Украина мудофаасини ёриб ўтишга уринмоқда.
Маҳаллий расмийларга кўра, Харковга тушган снарядлар ва ракеталар турар-жой ва бошқа биноларни вайрон қилган, тўрт киши ҳалок бўлган, 14 киши яраланган.
Луганск вилояти губернатори Сергей Гайдай “Россия кучлари “ҳар томондан” ҳужум уюштираётганини, расмийлар эса аҳолини эвакуация қилишга уринаётганини ва тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонини аниқлаш имконсизлигини” хабар қилди.
Деярли саккиз ҳафталик урушда Киев ва бошқа йирик, стратегик шаҳарларни қўлга кирита олмаган Москва эндиги мақсади 2014 йилдан бери Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айирмачилар назоратида бўлган Донецк ва Луганск вилоятларини тўлиқ қўлга киритиш эканини айтмоқда.