Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:36

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

SAP ҳам Россиядаги фаолиятини тўхтатди

Бизнес учун дастурий таъминотлар ишлаб чиқарувчи SAP ширкати ҳам Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатади.

Ширкат маҳаллий мижозлар билан тузилган шартномаларини бекор қиляпти.

Аввалроқ ширкат Россия ва Беларусда сотувларни тўхтатган эди.

Австрия рус ва белорус расмийларини Маутҳаузендаги тадбирга келишини тақиқлади

Австриядаги Маутҳаузен концлагери тутқунлари жамоат ташкилоти Россия ва Беларусь расмийларига лагерь озод этилганига 77 йил тўлиши муносабати билан 15 май куни ўтказиладиган маросимга келишни тақиқлади.

Апрель ойида бу икки мамлакат расмий делегацияларига Бухенвальд концлагери озод этилганига 77 йиллигида қатнашишга рухсат берилмаган эди.

Мазкур қарор Бухенвальднинг собиқ тутқуни, 96 ёшли Борис Романченко Россия снарядидан ҳалок бўлганидан сўнг қабул қилинган.

Борис Романченко
Борис Романченко

Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистларнинг Бухенвалд, Дора-Миттелбау ва Берген-Белсен концлагерларидан омон қайтган, Холокостда тирик колган Романченко ўтган ойда Харковдаги уйида рус ҳарбийлари отган ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди.

Романченко узоқ йиллар давомида Бухенвалд-Дора халқаро қўмитаси вице-президенти бўлиб ишлаган ва ўз фаолиятини нацистлар жиноятларини ҳужжатлаштиришга бағишлаган.

Литвада Z ва V рамзлари тақиқланди

Литва парламенти қонунларга Георгий тасмаси, Z ва V рамзларини тақиқловчи янги нормаларни киритди.

Ушбу рамзларни намойиш этиш 300-700 евро миқдорда жарима билан жазоланади.

Бир неча кун олдин Молдова президенти ҳам мазкур уч рамзнинг қўлланишини тақиқловчи қонунга имзо чеккан эди.

Россия аскарлари ҳарбий машина ва танклар сиртига тушириб олган Z ҳарфи Украинага қарши уруш рамзига айланган. Ушбу белги уруш тарафдорлари томонидан кенг қўлланмоқда.

Bloomberg: Путин уруш бошлаш қарорини фақат 3 киши билан маслаҳатлашган

Bloomberg агентлиги журналистлари россиялик ўнлаб мулозимлар ва элита вакиллари билан урушга муносабат ва муҳим сиёсий қарорлар қандай қабул қилиниши ҳақида сўзлашишди.

Қуйида мақоладан энг муҳим иқтибослар келтирилмоқда.

  • Урушга икки ҳафта қолганида Путин шусиз ҳам тор бўлган мулоқот доирасини бадтар торайтирди. Украинага бостириб кириш қарорини у мудофаа вазири Сергей Шойгу, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ҳамда Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовлар билан бамаслаҳат қабул қилган.
  • Путин санкциялар таъсирида ёки ичкаридан бўладиган босим туфайли қарорини ўзгартириши амри маҳол. У ўзини “махсус амалиёт” жонкуярлари даврасига тобора кўпроқ яшириб, иқтисодиёт учун ҳалокатли оқибатлардан ташвишланаётган одамларга кун сайин камроқ қулоқ соладиган бўлиб қолган.
  • Bloomberg суҳбатдошлари АҚШнинг Путин ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги билан боғлиқ хавотирларига қўшилганлар:
  • Бу уруш Россияни иқтисодий тараққиётда ўнлаб йиллар орқага улоқтириши ҳақида огоҳлантиришганида Путин доим: “Ғарб менга бошқа чора қолдирмади”, дея гапни калта қилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG