Латвия кейинги йил бошидан Россия газидан бутунлай воз кечмоқчи
Латвия 2023 йилнинг 1 январидан Россия газидан тўлалигича воз кечишни режаламоқда. Бу ҳақда иқтисодиёт вазири Янис Витенбергс маълум қилди.
Мазкур қарор эндиликда парламент депутатлари томонидан маъқулланиши кутилмоқда.
БМТ: Уруш бошидан бери 5 миллиондан зиёд Украинани киши тарк этди
Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан бери бу мамлакатдан 5 миллиондан кўпроқ одам чиқиб кетган. Бу ҳақда БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги сайтида маълум қилинган.
Маълумотларга кўра, украиналикларнинг ярмидан кўпи Польшага чиқиб кетган (2,8 миллион киши). Бундан ташқари, 757 киши Руминияга, 549 минг киши Россияга, 471 минг киши Венгрияга, 426 минг киши Молдовага, 342 минг киши Словакияга, 23 минг киши эса Беларусга йўл олган.
Агентлик Шенген ҳудуди ичида одамлар эркин ҳаракатланиши, шундан келиб чиққан ҳолда тақдим этилган маълумотлар фақат Украинага чегарадош бўлмиш Венгрия, Польша ва Словакия чегарасидан ўтган кишилар сонини акс эттиришига эътибор қаратган. Айтилишича, бу одамларнинг катта қисми бошқа мамлакатларга ўтиб кетишган.
БМТ агентлиги бунда чегараолди ҳудудларида истиқомат қилаётган ҳамда Украинадан бир муддатга чиқиб, тез орада уйига қайтаётган кишилар ҳисобга олинмаганини қайд этган.
Хитойнинг UnionPay тизими санкция рўйхатига тушган Россия банклари билан ҳамкорликни тўхтатди
Хитойнинг UnionPay тўлов тизими санкция остига тушган Россиянинг йирик банклари билан ҳамкорлик қилишдан хавфсирамоқда, дея хабар қилди РБК Россиянинг бешта йирик банкидаги манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда.
Нашр суҳбатдошларидан бири UnionPay музокаралар бўйича танаффус олганини маълум қилган.
Украинага қарши очилган уруш туфайли Ғарб мамлакатлари Россиянинг ВТБ, "Откритие", Совкомбанк, Промсвязьбанк, Новикомбанк каби банкларига қарши кескин чеклов чораларини жорий этган. Уларнинг барча активлари ҳамда доллардаги ҳисобрақамлари музлатилган.
Аввалроқ Сбербанк, "Альфа-банк", "Откритие", Промсвязьбанк ҳамда ВТБ каби банклари UnionPay тўлов тизими билан ҳамкорлик режаси борлигини очиқлашган. РБК манбалари мазкур банклар эндиликда UnionPay карталарини чиқаролмаслигини айтган.
Германия шу йил охиригача Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатмоқчи
Германия 2022 йил якунига қадар Россиядан нефть импорт қилишни тўхтатади. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 20 апрель куни Болтиқбўйи мамлакатларидан бўлган ҳамкасблари билан учрашувдан кейин маълум қилди.
Чоршанба куни Латвия кейинги йил бошидан Россия газидан бутунлай воз кечишини эълон қилган эди.
“Шунинг учун мен бу ерда очиқ-ойдин ва шубҳага ўрин қолдирмайдиган қилиб айтяпман: ҳа, Германия ҳам Россия энергия захиралари импортидан тўлалигича воз кечмоқда”, деган Бербок.
Германия ТИВ раҳбарига кўра, ёзга бориб ўз мамлакати Россиядан нефть сотиб олишни икки баравар қисқартиради, йил охирига бориб эса тамоман тўхтатади, кейин ЕИнинг қўшма йўл харитаси доирасида газга навбат келади.