Донбасс учун жанглар
Россия кучлари “Донецк, Луганск ва Харков вилоятларининг деярли бутун фронт чизиғи бўйлаб” Украина мудофаасини ёриб ўтишга уринмоқда.
Луганск вилоят ҳарбий маъмуриятига кўра, Рубежное ва Попасная шаҳарларида жанглар бормоқда, бироқ руслар бирор ҳудудни ололмаган.
20 апрель оқшомида Украинанинг Днепропетровск вилоятининг бир қанча ҳудуди бараварига ўт очиш тизимларидан ўққа тутилди.
Украин ҳарбийларига кўра, жанубий йўналишда энг узоқ мудофаа чизиғи бўлган Херсон вилоятида ҳам жанглар давом этмоқда. Херсон вилоятининг озод этилган қишлоқлари муттасил ўққа тутилмоқда.
Украина разведкасига кўра, Херсон вилоятида Россия қўшинлари эркакларни Украина билан урушга жўнатиш учун мажбурий сафарбарлик ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.
“Донецк ва Таврия йўналишларида душман алоқа чизиғи бўйлаб артиллериядан ўқ узишда давом этмоқда. Херсон вилоятида босқинчилар аҳолини Украинага қарши урушга мажбурий сафарбар этишни режалаштирмоқда. Босқинчилар минтақага Украина ҳукумати томонидан юборилаётган инсонпарварлик ёрдамини бутунлай тўхтатишни мақсад қилган”, деди Олександр Штупун Украина Қуролли кучлари Бош штаби матбуот котиби.
Россия БМТнинг Пасхада ўт очишни тўхтатиш таклифини рад қилди
Россия БМТ бош котиби Антонио Гуттерришнинг гуманитар мақсадларда тўрт кунлик “Пасха сулҳи” эълон қилиш таклифини рад этди.
Россиянинг БМТдаги вакили ўринбосари Дмитрий Полянский Гуттерришнинг таклифини “Киев миллатчилари ва радикалларига нафас ростлаб олиш учун имкон яратишга интилиш” деб атади.
Разведка: Россия 9 майгача Украинада “жиддий ютуқ”қа эришмоқчи
Британия разведкасига кўра, Россия армияси 9 майга қадар “жиддий ютуқлар”га эришганини намойиш этишни истайди.
Британиялик таҳлилчилар, шунингдек, Россия армияси Краматорск шаҳрига кенг кўламда ҳужум қилаётганини, Донбассдаги амалиётга фаол жалб қилинган авиация Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофа кучларини яксон қилишга уринаётганини қайд этишмоқда.
Украина армияси Қрим кўпригига зарба бермоқчи
Украина армияси Қрим кўпригига зарба бериши мумкин. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов маълум қилди.
“Шунақа имконият туғилса, биз бу ишни албатта қиламиз”, деди Данилов.
Даниловна кўра, Керчь кўприги Россия тарафидан ўқ-дори ва аскарларни ташишда асосий логистика йўли ўлароқ қўлланилмоқда.
Бунга жавобан Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев таҳдид қилди.
“Украинанинг мияси айниган сиёсатчиларидан бири Қрим кўпригига зарба бериш кераклиги ҳақида гапирибди. У жавоб нишони ўзи бўлишини тушунади, деб умид қиламан”, деб ёзди Медведев “Телеграм”даги каналида.