Буюк Британия Россиялик 26 жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкция жорий этди
Санкция қўлланганлар рўйхатига Россия фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Александр Чуприян, Махсус амалиётлар кучлари қўмондони Валерий Флюстиков, Россия темир йўллари давлат ширкати бош директори Олег Белозёров, Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари Николай Богданский, собиқ мудофа вазири Анатолий Сердюков, Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков, “Национальная оборона” журнали бош муҳаррири Игорь Коротченко ҳамда тадбиркор Герман Ханнинг турмуш ўртоғи Анжелика Хан ва бошқалар киритилган.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Буюк Британия Россияга қарши бир неча туркум санкцияларни жорий этди. Жумладан, Владимир Путин, Сергей Лавров, миллиардер Роман Абрамович, “Роснефть” директорлар кенгаши раиси Игорь Сечин, “Газпром” директорлар кенгаши раиси Алексей Миллер, шунингдек Путиннинг ва ТИВ раҳбари Лавровнинг қизларига нисбатан чекловлар қўлланди.
БМТ: Украиналик қочқинлар 5 миллиондан ошди
Уруш бошлангач Украинадан чиқиб кетганлар сони 5 миллиондан ошди.
БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлигига кўра, украиналикларнинг ярмидан кўпи - 2,8 миллион киши Польшага чиқиб кетган . Бундан ташқари, 757 киши Руминияга, 549 минг киши Россияга, 471 минг киши Венгрияга, 426 минг киши Молдовага, 342 минг киши Словакияга, 23 минг киши эса Беларусга йўл олган.
Агентлик Шенген ҳудуди ичида одамлар эркин ҳаракатланиши, шундан келиб чиққан ҳолда тақдим этилган маълумотлар фақат Украинага чегарадош бўлмиш Венгрия, Польша ва Словакия чегарасидан ўтган кишилар сонини акс эттиришига эътибор қаратган. Айтилишича, бу одамларнинг катта қисми бошқа мамлакатларга ўтиб кетишган.
БМТ агентлиги бунда чегараолди ҳудудларида истиқомат қилаётган ҳамда Украинадан бир муддатга чиқиб, тез орада уйига қайтаётган кишилар ҳисобга олинмаганини қайд этган.
БМТ: Украинада 172 бола қурбон бўлди
БМТ маълумотига кўра, Россия босқини бошланган 24 февраль санасидан бери Украинада 2224 нафар тинч аҳоли, жумладан 172 бола қурбон бўлган. Тинч аҳоли орасида ярадорлар 2897 кишини ташкил қилади.
Қурбонлар сони сезиларли даражада кўп бўлиши мумкин, чунки жанг ҳаракатлари бўлган айрим ҳудудлардан маълумот олиш қийин, айрим ҳолатлар эса ҳали тасдиқланмаган.
Кипр олигарх Алишер Усмоновнинг синглисини ватандошликдан маҳрум қилди
Кипр россиялик тўрт миллиардер ва уларнинг оила аъзоларини фуқароликдан маҳрум этди.
“Филелефтерос” газетасига кўра, уларнинг барчаси Россиянинг Украинага ҳужум қилиши ортидан Евроиттифоқ томонидан санкциялар қўлланган тадбиркорлардир.
Улар орасида россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор.
Кипр ҳукумати, шунингдек, инвестиция эвазига Исмоилова оила аъзоларига берилган “олтин паспорт”ларни ҳам бекор қилди. Гулбаҳор Исмоилова ва унинг оиласи Кипр ватандошлигини 2015 йилда олган.
Ўтган ҳафта Гулбаҳор Исмоилова Британия санкцияларига ҳам тушган. Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Алишер Усмонов санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг бир қатор активларини Гулбаҳор Исмоилова номига ўтказиб берган. Жумладан, Исмоилова «Дилбар» яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади.
Исмоилованинг Британиядаги барча активлари музлатилган ва унга мамлакатга кириш тақиқланган. Гулбаҳор Исмоилова Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий акцияларининг 82,1 фоизига ҳам эгалик қилади.