Украиналик ҳарбийлар кетма-кетига Россиянинг иккита Ми-8 вертолётини уриб туширишганини иддао қилишмоқда
Украина Қуролли кучларининг десантчи-ҳужумчи қўшинлари қўмондонлиги 21 апрель оқшомида украиналик десантчилар ва денгиз пиёдалари Россия армиясига тегишли иккита Ми-8 вертолётини кетма-кетига уриб туширишга муваффақ бўлишгани тўғрисида маълумот тарқатди.
Украина томони қайдича, вертолётлардан бири десантчи-ҳужумчи қўшинларининг 81-махсус автомобиль бригадаси жангчилари томонидан “Стингер” кўчма зенит-ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилган. Биринчи экипажни қутқариш илинжида учиб келган иккинчи Ми-8 вертолётини эса украиналик денгиз пиёдалари уриб туширишган. Маълумотларга кўра, ҳодиса Запорожье вилоятида содир бўлган.
Бу маълумот бошқа манбалар томонидан тасдиқланган эмас.
Зеленский: Россия Пасха сулҳи таклифидан бош тортди
Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг галдаги видеомурожаатида Россия томони Украина томонидан таклиф этилган Пасха сулҳидан (православ мазҳабида Пасха байрами келаётган якшанба нишонланади) бош тортганини билдирди.
“Бу Россиянинг раҳбарлари насроний динига, энг қувончли ва муҳим диний байрамлардан бирига қандай муносабатда эканини яхши кўрсатиб берди”, деган Зеленский.
Украина президенти ўз мурожаатида Россия истилоси остидаги ҳудудлар аҳолисини россияликларга ўз шахсий маълумотларини тақдим этмасликка чақирган. Чунки, Зеленскийга кўра, бу маълумотлардан сохталаштирилган сепарастик “референдумлар” ўтказишда фойдаланилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси яна Киевга қайтди
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси жорий йилнинг 22 апрелидан эътиборан Киев шаҳрида ўз иш фаолиятини тўлиқ тиклаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов Телеграм-канали орқали маълум қилди.
Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан кўплаб мамлакатлар ўз элчихоналарини пойтахт Киевдан бошқа жойларга кўчиришга қарор қилишган, Ўзбекистон ҳам ўтган ой ўрталарида ўз элчихонасини вақтинча Львов шаҳрига кўчирган эди.
Россия кемаларининг АҚШ портларига кириши тақиқланди
АҚШ президенти Жо Байден Россия кемаларининг Қўшма Штатлар портларига кириши тақиқлангани ҳақида эълон қилди.
Мазкур чора кўпроқ рамзий бўлиб ҳисобланади, чунки 2021 йилда Россия кемалари АҚШ бандаргоҳларига бор-йўғи 1800 марта кирган, холос.
Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Украинага 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдам йўллайди. Ёрдам пакетига ҳарбий дронлар, оғир артиллерия ва 144 мингта тўп ўқи киради. Шунингдек, Вашингтон Киевга 500 миллион доллар миқдорида бевосита иқтисодий ёрдамни ҳам тақдим этади.