Харьков вилоятида Россия армияси снарядидан икки нафар тинч фуқаро нобуд бўлди
Ўтган кеча-кундузда Харьков вилояти Россия армиясига қарашли тўплардан 50 мартага яқин ўққа тутилган.
Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълумотига кўра, артиллерия снарядининг автомобилга теккани натижасида тинч аҳоли вакилларидан икки нафари ҳалок бўлган. Ўтган сутка мобайнида Харьков шаҳри ва вилоятида яна икки киши тан жароҳати олган.
Уруш шароитида тинч аҳоли вакиллари ўлимига оид хабарларни оператив равишда текшириш имкони ҳар доим ҳам бўлавермайди.
Қирғизистон: 9 майда Z рамзли кийим кийганлар жазоланиши мумкин
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) қирғизистонликларни Z белгили ҳарбий либосларни ижарага бермасликка ва 9 майда ўтадиган “Ўлмас полк” юришида мазкур кийимларни киймасликка чақирди.
“Хавфсизлик органлари карнавал кийимларини ижарага берувчи ташкилотларни – миллатлараро низо чиқишига сабаб бўлувчи Z белгили ҳарбий либосларни ижарага бермасликка, фуқароларни эса 9 майда Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалаба куни шарафига ўтказиладиган “Ўлмас полк” юришида мазкур кийимларни киймасликка чақиради”, дейилган МХДҚ сайтидаги хабарномада.
Қўмита миллатлараро адоват қўзғатган фуқаролар жавобгарликка тортилишини эслатган.
Россия аскарлари ҳарбий машина ва танклар сиртига тушириб олган Z ҳарфи Украинага қарши уруш рамзига айланган. Ушбу белги уруш тарафдорлари томонидан кенг қўлланмоқда.
Украина билан Россия 6-марта асирларни алмашди
Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук томонлар олтинчи марта ўзаро ҳарбий асирларни алмашиши ҳақида маълум қилди.
Украинага 10 нафар ҳарбий ва 9 тинч аҳоли вакили қайтади.
Верешчук алмашиш қанақа схема бўйича ташкил қилинишини очиқламаган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам изоҳ бергани йўқ.
Украинада 7,7 миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этди
Россия босқини бошланганидан бери Украинада 7,7 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлишди.
Халқаро Миграция Ташкилоти Украинада апрель ойининг дастлабки 17 кунида яна 600 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этганини хабар берди. Ташкилотга кўра, уруш бошланганидан бери уйини ташлаб чиққанлар умумий сони 7,7 миллиондан ошди, бу эса аҳоли сонининг 17 фоизини ташкил этади.
БМТ маълумотларига таянилса, Украинадан чиқиб кетган қочқинлар сони 5 миллиондан ортиқ.
Демак, мамлакат ичкарисида хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинганлар сони 3 миллионга яқинни ташкил қилади. Украина шарқидан кўчирилганларнинг ярмидан кўпи озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги ҳақида хабар берган.