Германия Украинани тиклашга 37 миллион евро ажратади
Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Свенья Шульцега кўра, бу маблағ уй-жой ва электр тармоқлари қурилишига йўналтирилади.
Аввалроқ Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасс унинг ташкилоти Украина инфратузилмаларига етказилган зарарни 60 миллиард долларга баҳолаганини билдирган эди.
Владимир Зеленский эса Халқаро валюта фонди ташкил қилган давра суҳбатида Украина, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу урушдан 550 миллиард доллар йўқотганини айтган.
OnlyFans Россия учун тўлов тўлашни тўхтатди
OnlyFans интернет-платформаси Россиядаги фойдаланувчиларига тўлов тўлашни вақтинча тўхтатди.
Британиянинг интернетдаги порнография рухсат этилган контентга обуна қилиш хизмати Россиядаги фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатди. OnlyFans вакили бу ҳақда Motherboard нашрига маълум қилган.
“Сўнгги бир неча ой мобайнида биз урушдан жабр кўрган муаллифлар билан ишни давом эттиришнинг бир неча йўлини кўриб чиқдик. Бироқ Россияга ва Россиядан тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ чекловлар тобора кучайиб бораётгани сабабли OnlyFans Россиядаги муаллифлар жамоасига лозим даражада хизмат кўрсата олмайди”, дейилади сервис баёнотида.
OnlyFans бутун дунё бўйича 170 миллион кишилик аудиторияга эга.
Украина шарқидаги жанглар. Британия маълумотномаси
Британия Мудофаа вазирлиги Украинадаги жанговар ҳаракатларга доир навбатдаги маълумотномасини эълон қилди.
Унда айтилишича, Путин “Азовстал”ни қуршовга олишга буйруқ бераркан Мариуполдаги украин мудофаачиларини ҳаракатсиз қолдиришни ва бўшаган кучларни Украина шарқидаги бошқа ҳудудларда бўлаётган жангларга ташлашни кўзлаган.
Заводга кенг кўламли ҳужум уюштириш, катта эҳтимол билан, Россия қўшинларининг кўплаб қурбонлар бершига олиб келган бўларди.
Донбассда қақшатқич жанглар давом этмоқда. Британияликларга кўра, Россия Лиман, Бугаевка, Барвенково ҳамда Попасная кентлари ҳудудида олға силжишга уриняпти.
Россия армияси урушнинг дастлабки даврида кўрган талафотларидан ҳамон ўзига келгани йўқ. Қўшинлар шикастланган ҳарбий техникаларни таъмирлаб қайтариш учун Россия ҳудудига ўтказиш орқали ўз кучини тиклашга интилмоқда, дейилади Британия ҳарбийлари маълумотномасида.
Австралия Путиннинг икки қизига санкция эълон қилди
Австралия Россиянинг 147 фуқароси, жумладан, президент Владимир Путиннинг икки қизи ҳамда Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг қизига нисбатан санкциялар жорий этди.
Австралия ҳукумати “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, украин халқини қатъиян қўллаб-қувватлашини яна бир бор маълум қилади”, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Марис Пейн.