Юрий Шевчукнинг концерти Z рамзи сабаб қолдирилди
Россиялик мусиқачи Юрий Шевчук Z рамзи туширилган залда куйлашдан бош тортгани сабаб ДДТ гуруҳининг Тюмендаги концерти бекор қилинганини билдирди.
“Концерт ўтказиш белгиланган залда улкан Z ҳарфини осиб қўйишган экан. Биз у ерда куйлашдан бош тортдик ва концертни бошқа зал кўчирмоқчи бўлдик. Аммо бошқа зал беришмади, концертимизни ҳам бекор қилишди”, деди мусиқачи журналист Александр Плюшчевга берган интервьюсида айтди.
Мариуполда 300 метрлик оммавий қабр топилди
Сунъий йўлдош Россия қўшинлари босиб олган Мангуш қишлоғида (Мариуполь яқинида жойлашган) узунлиги 300 метрга тенг оммавий қабр борлигини кўрсатди. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирларини қўлга киритган “Схеми” нашри хабар қилди.
Аввалроқ Мариуполь шаҳри мэрининг маслаҳатчиси Пётр Андрюшченко Россия аскарлари ҳалок бўлган мариуполликларни битта умумий қабрга кўмганини айтган эди.
Сунъий йўлдош тасвирларига қараганда ушбу ҳандақ март ойи охирларида қазилган. 23 мартда олинган суратда у йўқ, мазкур жойнинг 29 мартдаги тасвирида эса узунлиги 300 метрдан зиёд траншея акс этган.
“Схеми” ёзишича, 9 апрелда олинган нисбатан янги суратда ҳандақ қисман тупроқ билан ёпилганини ва кенгайганини илғаш мумкин.
Пётр Андрюшченко журналистлар билан суҳбатда рус аскарлари Мариуполь кўчаларидаги жасадларни йиғиб олиб, дастлаб катта музлаткич камералар жойлашган саноат ҳудудларига элтишини, сўнгра елимхалталарга жойлаб, оммавий қабрга элтишаётганини маълум қилди.
Буча шаҳри озод этилганидан сўнг у ердан 14 метрлик оммавий қабр топилган, қабрдан 70 кишининг жасадлари чиққан эди.
Россия расмийлари "Москва" крейсерида ўлган мичманнинг исмини очиқлади
Аннексия қилинган Севастополь губернатори “Москва” крейсерида ҳалок бўлган денгизчининг исмини айтди.
Бир неча соат олдин Россия Мудофаа вазирлиги "Москва" крейсерида бир денгизчи ҳалок бўлганини тан олди (яна 27 киши, Россия версиясига кўра, ҳануз "йўқолганлар" рўйхатида).
Россия томонидан аннексия қилинган Севастополь губернатори Михаил Развозжаев марҳумнинг исми ва унвонини айтди: У катта генерал Иван Вахрушев.
Ўлган мичманнинг исмини Россия расмийлари расман тан олишидан беш кун олдин Озодлик радиоси украин хизмати журналистлари аниқлашган эди.
Пентагон: Уруш бошланганидан бери АҚШ Украинага 3, 4 миллиард доллар ёрдам ажратган
Молиявий ёрдамдан ташқари, Вашингтон Киевга ҳарбий техника - танкга қарши Javelin тизимлари (5, 5 мингдан ортиқ), 155 миллиметрли гаубицалар (90), Стингер портатив ҳаво мудофаа тизимлари (1, 4 минг) ва бошқа ҳарбий анжомларни етказган.
Ҳаммаси бўлиб президент Жо Байден бошқаруви даврида Украина АҚШдан 4 миллиард доллардан ортиқ ёрдам олган.