Украина Бош штаби: Россия Донбассда барча йўналишда ҳужум қилмоқда
Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг шанба куни эрталабки тезкор ҳисоботига кўра, 23 апрель куни Россия ҳарбийлари Донецк йўналиши бўйича ҳужумларни амалга оширган.
Бош штаб, шунингдек, Россия армияси Мариуполдаги "Азовсталь" заводи ҳудудида Украина бўлинмаларини қамалга олгани ва шаҳарга ҳаво зарбаларини беришда давом этаётгани ҳақида хабар берди.
Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари Херсон вилоятининг маъмурий чегараларида мустаҳкам ўрин эгаллашга ҳаракат қилмоқда, бироқ Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия кучлари кўп техника йўқотган.
Британия разведкаси: Россия Украинада сезиларли силжишга эриша олмаяпти
Британия разведкаси маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари Украинада сезиларли муваффақиятга эриша олмаган.
Бунинг сабаби Украина кучларининг қарши ҳужумлари, ҳаво ва денгиз мудофааси самарадорлиги.
Россия ҳарбийлари Украина мудофааси самарадорлиги сабаб Украина ҳаво ҳудуди ёки денгизида назорат ўрната олмаган.
Бу ҳам Россия қўшинларнинг олдинга силжишига тўсқинлик қилади, дейилади Британия разведкаси билдирувида.
Россия томонининг Мариуроль шаҳрини эгаллаб олгани ҳақидаги баёнотларига қарамай, Мариупол учун шиддатли жанглар давом этмоқда. Бу эса Россия ҳарбийларининг Донбассдаги юришини янада секинлаштирмоқда.
Россиянинг 11 та аэропортига парвозлар учун тақиқ ўнинчи марта узайтирилди
Россия 24 февраль куни Украинага бостириб киришдан сўнг жорий қилинган мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларидаги 11 та аэропортга парвозларни тақиқлаш муддатини узайтирди.
Тақиқ 1 майга қадар давом этиши билдирилди. Федерал ҳаво транспорти агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, у ўнинчи марта узайтирилмоқда.
Қодиров яна бир чечен ҳарбий отрядини Украинага юборишини айтди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинага “ҳарбий операция”да қатнашадиган яна бир кўнгиллилар отрядини юбориш ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, улар Гудермесдаги Россия махсус кучлари университетида ўқув курсини тамомлаган.
Бироқ, уруш бошланганидан бери экспертлар Чеченистондан келган ҳарбийларнинг самарадорлигига шубҳа билдиришган.
CIT асосчиси Руслан Левиев фикрича, чечен ҳарбийлари реал жангларда қатнашмайдилар, лекин шу билан бирга ижтимоий тармоқларда ўзларини фаол равишда тарғиб қиладилар:
"Қодиров шарафига “гуманитар ёрдам” тарқатадилар, байроқлар билан суратга тушадилар ва ҳоказо", - дея таъкидлаган Левиев.