Латвияда 9 май Россиянинг Украинадаги ҳарбий агрессияси қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинди
Латвия Сейми 9 майни фашизм устидан қозонилган ғалаба куни ўрнига Россиянинг Украинадаги ҳарбий агрессияси қурбонларини хотирлаш куни қилиб белгилади.
Шу куни бутун мамлакат бўйлаб мотам эълон қилинади ва барча байрамларни ўтказиш тақиқланади.
Илгари 9 май Ригада “Совет армияси аскарлари – Совет Латвиясини фашист босқинчиларидан озод қилганларга” ёдгорлик мажмуаси ёнида нишонлаб келинган.
Тадбирда ўн минглаб одам қатнашган. Россиялик юлдузлар шу куни концерт берган .
"Энди 9 май Латвияда ҳеч қачон бундай бўлмайди", дейилади Сейм депутатлари қабул қилган қонунда.
Одесса ҳарбий штаби: Россия сув ости кемаларидан Украина ҳудудига ракета ҳужуми уюштирилди
Россиянинг камида тўртта сув ости кемаси Қора денгиздан Украина ҳудудига ракета ҳужуми уюштирмоқда, деб хабар берди Одесса ҳарбий маъмуриятининг тезкор штаби.
"Гап Россиянинг "Палтус" сув ости кемалари ҳақида кетмоқда. Бу кемалардан ракеталар 50 метргача чуқурликдан учирилади, бу эса радарлар ва сунъий йўлдошларга уларни самарали аниқлаш имконини бермайди", - дея маъмурият матбуот котибидан иқтибос келтирган УНИАН агентлиги.
Украина Чегара хизмати Россия Чернигов вилоятини ўққа тутгани ҳақида маълум қилди
Украина чегара хизматига кўра, Чернигов вилоятининг Сенковка қишлоғи яқинида 10 га яқин автоматик граната портлаган.
Департамент маълумотларига кўра, Чернигов вилояти Россия қўшинлари вилоят ҳудудини тарк этганидан бери тўртинчи марта Россиядан ўққа тутилган.
Талафотлар ҳақида маълумот йўқ.
Одессада ракета ҳужумидан беш киши ҳалок бўлди
Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ёрмакнинг сўзларига кўра, Одессада ракета ҳужуми оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлган, 18 киши жароҳатланган.
УНИАН Ёрмакга таяниб, ракета ҳужумидан уч ойлик бола ўлгани ҳақида хабар беради.
Аввалроқ Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко ўзининг телеграм-каналида Одессалик фуқаро машинасида кетаётганида ҳужумдан ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.
Украина ҳарбий қўмондонлиги маълумотларига кўра, Одессага зарбалар Россиянинг Ту-95 стратегик самолёти томонидан Каспий денгизидан берилган.
"Россиянинг Одессага ракета ҳужумларидан ягона мақсад террордир. Россия терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиниши ва унга нисбатан муносабат ўринли бўлиши керак", деб ёзган Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ушбу ҳужум ҳақида.