Путин Пасха байрами билан одамларни табриклади
24 апрел куни Православ насронийлари, хусусан россиялик диндорлар Пасха байрамини нишонламоқда.
Путин Москвадаги Нажоткор Масиҳ соборидаги Пасха маросимида қатнашди.
Путин ҳозир камдан-кам ҳолларда омма олдида пайдо бўлмоқда. Қоида тариқасида, телевидениеда уни расмийлар билан учрашуви олдиндан ёзиб олиниб, кўрсатилади ёки у онлайн тарзда учрашувларда қатнашади. Шахсан учрашса ҳам – узундан-узун стол атрофида кўриниш беради.
Путин Пасха билан табриклашда бу байрам одамларни “юксак маънавий ғоялар ва қадриятлар атрофида бирлаштириб,одамларда энг ёрқин туйғуларни, ҳаёт, эзгулик ва адолат тантанасига ишончни уйғотаётганини” таъкидлади.
В.Зеленский: Бизда қурол пайдо бўлиши билан - ҳужумга ўтамиз!
Украина президенти Владимир Зеленский Киевдаги метро бекатида матбуот анжумани ўтказди. Россия томонидан босиб олинган Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳудудларида “халқ республикалари” ташкил этиш бўйича референдумлар ўтказилиши эҳтимолига Украина қандай муносабатда бўлади, деган саволга, Россиянинг Украинага ҳужуми ва тинч аҳоли ўлдирилаётганига қарамай, у музокаралар тарафдори ва Владимир Путин билан учрашишга тайёр эканини билдирди.
Зеленский, шунингдек, Украина уруш пайтида Россия армияси томонидан босиб олинган ҳудудларни ўз назоратига қайтаришини айтди.
- Агар Мариуполдаги одамларимиз йўқ қилинса, сохта республикаларда сохта референдумлар эълон қилинса, Украина барча музокара жараёнларидан чиқиб кетади. … Бизда кўпроқ қурол пайдо бўлиши билан биз ҳужумга ўтамиз, ҳудудларимизни қайтарамиз. Ва бу келаси ўн йилликларда дегани эмас.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ Мудофаа вазири ва АҚШ Давлат котиби якшанба куни Киевга келади. Улар билан қурол-яроқ етказиб бериш масалалари муҳокама қилинади.
Украина президенти ҳозир Мариупол блокадасини ҳарбий йўл билан узишнинг иложи йўқлигини айтди ва Россияни вазиятни гуманитар йўл билан ҳал қилишга яна бир бор Азовстал заводида қамалда қолаётган украиналик ҳарбийлар ва тинч аҳолини рус асирлари эвазига шаҳардан озод қилишга чақирди.
Зеленский, шунингдек, Россия халқини урушга қарши аниқ позицияни эгаллашга даъват қилди.
Путин черковга келиб шам ёқишидан бир неча соат олдин Украининг фронтдан узоқда бўлган Одесса ўққа тутилди. Шанба куни Россиянинг Украинанинг Одесса шаҳрига ракета ҳужуми қурбонлари орасида уч ойлик қизалоқ, унинг онаси ва бувиси ҳам бор.
- Пасха Украинада катта оилавий, инсоний байрам. Биргина Одессага бугун 7та ракета учиб келди! Еттита! Иккитасини биз уриб туширдик. Турар жойларга, кўп қаватли уйга ракета тушди. 8та одам ўлди, 18-20та одам яраланган. Уч ойлик бола ҳалок бўлди. Уруш бу бола бир ойлик бўлганида бошланди. Тасаввур қиляпсизми? Нима бўляпти ўзи? Ифлос маразлар. Бошқа гап йўқ",
Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари зарба Россияда ҳам, Украинада ва хусусан Одессада аҳолиси асосан руслардан иборат диндорлар томонидан нишонланадиган Пасха байрами арафасида бўлганини таъкидламоқда.
Мариупол ҳимоячиси шаҳардаги вазият ҳақида
Бомбалар остида қолаётган Мариупол ҳимоячиларидан бири, “Азов” полки командири ўринбосари Святослав Паламар жаҳон ҳамжамиятига яна бир мурожаат йўллади.
"Бугун буюк кун ва шунга қарамай, душман ҳаво бомбаларини ташлашда давом этмоқда, кема артиллерия сидан, ердаги тўплардан ўқ узмоқда, душман танклари зарба беришда давом этмоқда, пиёдалар бостириб киришга ҳаракат қилмоқда. (. . . ) Лекин унутманг: сиз Пасха расмларини ташлаётган ва сулҳдан завқланаётган пайтда Мариуполда душман бегуноҳ болаларнинг бошига бомба ташламоқда".
Украинада Совет даври рамзлари йўқотилмоқда
Россия босиб олган ҳудудларда Ленин ва бошқа Совет Иттифоқи даври ҳайкаллари ва рамзларини тиклаётган бир пайтда, Украинада аксинча – коммунистик давр ва Советлар тузумига оид рамзлар йўқ қилинмоқда.
Киевдаги Ғалаба майдонидан Ленин расми туширилган орден муляжи олиб ташланди. Олдинроқ Харковда маршал Жуков ҳайкали, Владимир -Волинскийда эса совет танки демонтаж қилинган эди.