Мелитополь мэри “Путин бутун украин миллатини қириб ташлашни истайди” дея иддао қилди
Россия қўшинлари томонидан март ойида беш кун асирга олинган Мелитополь шаҳри мэри Иван Фёдоров (суратда) CNN телеканалига берган суҳбатида ўз шаҳри “жуда мураккаб ва хавфли вазиятда” эканини билдирди.
Украинанинг Запорожье вилояти жанубидаги мазкур шаҳар Россия қўшинлари томонидан ҳужум бошланганидан бир неча кун ўтиб оккупация қилинган, ўшандан бери Мелитополда вақти-вақти билан норозилик чиқишлари бўлиб турибди.
Фёдоров ўғирлаб кетилганидан кейин россиялик ҳарбийлар Мелитополга янги “мэр” тайинлаганлар. Кейинроқ Фёдоров томонларнинг ўзаро асир алмашиши доирасида озодликка чиқарилган.
У CNN’га Украинадаги шаҳарларни истило қилишдан бошлаган Владимир Путиннинг мақсади “бутун украин миллатини ўлдириш” эканини айтган.
Мэр мелитополликлар ёрдам ололмаётганларини қўшимча қилган. “Биз у ерга гуманитар ёрдам етказиб беролмаяпмиз. Биз дори-дармон, тезкор ёрдам етказиб беролмаяпмиз. Шунинг учун ҳам вазият жуда хавфли”, деган Иван Фёдоров.
Россия президент Владимир Путин авваллари бир неча бор руслар ва украинларни “битта халқ” деб атаган.
Америка банки Россия консулхоналари ҳисобрақамларини музлатиб қўйди
Bank of America Россиянинг Хьюстондаги ва Нью-Йоркдаги бош консулхоналари ҳисобрақамларини блокировка қилиб қўйган. Бу ҳақда “Россия 1” телеканали ёйинида Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов маълум қилди.
Дипломатга кўра, мазкур ваколатхоналардаги фаолият фалажланган.
Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан ғарб ҳукуматлари Россияга қарши кескин санкциялар жорий этишган. Бунга жавобан Москва уларни “русофобия”да айблаган.
Пасха куни Луганскда россияликлар асосан тўртта шаҳарни нишонга олишган
Украинанинг Луганск вилояти ҳудудлари православларнинг Пасха байрами нишонланган якшанба куни ҳам тўпга тутилган.
Луганск вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайга кўра, ўққа тутишлар натижасида учта кўп қаватли уй ва тўртта хусусий уй шикастланган, шунингдек Россия армияси учинчи бор Лисичанскдаги нефтни қайта ишлаш заводини нишонга олган. Мазкур зарбаларнинг муҳтамал оқибатлари текширилмоқда.
Гайдайнинг ёзишича, 24 апрель куни Россия армияси снарядларидан энг кўп Лисичанск, Северодонецк, Рубежное, Горское шаҳарларига талафот етган.
Мариуполь яқинида яна бир оммавий қабр топилди
Украинанинг Мариуполь шаҳридан беш километр нарида яна бир оммавий қабр топилган – унда шаҳар аҳолиси вакиллари дафн қилингани тахмин этилмоқда.
Озодликнинг украин хизмати “Схеми” лойиҳаси журналистлари қабр ўлароқ қазилган чоҳлар акс этмиш сунъий йўлдош тасвирларини ёйинлашди. 24 март куни олинган тасвирларда (ўша пайтдаёқ тасвирдаги Эски Қрим қишлоғи ҳудудидаги қабристон россиялик ҳарбийлар назорати остида бўлган) қазилган чоҳлар узунлиги 60–70 метр келган. Орадан бир ой ўтгач, улар узунлиги 200 метрга етган ва чоҳларнинг айримлари кўмилган.
Мариуполь мэри Вадим Бойченко иддаосига кўра, россиялик ҳарбийлар жасадларни кўмиш ишига маҳаллий аҳолини жалб қилмоқда - уларга бу иш эвазига озиқ-овқат ваъда қилиняпти.
Аввалроқ журналистлар Мариуполь яқинида – Виноградное ва Мангуш қишлоқларида топилган икки оммавий қабр тасвирларини ёйинлашган эди. Маълумотларга кўра, бу қабрларда мингдан зиёд одам дафн этилган бўлиши мумкин.
Мариуполь расмийлари иддаосича, Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан бери шаҳарда 20 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлган. Мариуполдаги биноларнинг 90 фоизга яқини бутунлай вайрон бўлган.