Йирик АЭС жойлашган Запорожье ракетадан ўққа тутилмоқда
Бугун Россия ҳарбийлари Запорожье вилоятини ўққа тутишди. Вилоят маъмурияти маълумотига кўра, саҳар вақти, тахминан 6:50 ларда бир нечта ракета келиб тушган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча очиқланмади.
Запорожье вилоятида Европадаги энг йирик атом-электр станцияси жойлашган. АЭС урушнинг илк ҳафталарида ўққа тутилган ва рус ҳарбийлари томонидан босиб олинган эди. Маъмурият урғулашича, радиация фонида ўзгариш бўлгани йўқ.
Расман: Луганскда тинч аҳоли 1 кечада 17 марта ўққа тутилди
Луганск вилоятида шиддатли жанглар давом этмоқда. Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Гайдай ўтган кеча Россия ҳарбийлари тинч аҳолини 17 марта ўққа тутганини билдирди.
Попасная ва Рубежноеда ҳам жанглар тўхтагани йўқ. Гайдайга кўра, Россия армияси зарбаларидан айниқса Попасная, Лисичанск ва Горная обшчина аҳоли пунктлари кўп зарар кўрган.
“Попасная тўртта, Лисичанск иккита қудратли артиллерия ҳужумларига дош берди. Лисичанскда иккита, Попаснаяда иккита ва Горнийда камида битта уй шикастланган. Муҳтамал қурбонларга доир маълумотлар текширилмоқда”, деб ёзди Гайдай.
Остин: Украина урушда ғалаба қозониши мумкин
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина икки ойдан бери давом этаётган можарода ғалаба қозониши мумкин деб ҳисоблайди:
"Украинанинг ғалабага ишончи комил. Бу ердагиларнинг ҳаммаси худди шундай фикрда"
26 апрель куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин АҚШнинг Германиядаги Рамштайн ҳарбий авиабазасида 40 дан ортиқ давлат билан мудофаа бўйича музокараларни бошлади.
Остин Украина тўлиқ қўллаб-қувватланишига яна бир бор ваъда бериб, Россиянинг босқинини "асоссиз, мулоҳазасиз ва ҳуқуқбузарлик" деб атади:
“Украина бугун ғалаба қозониш учун бизнинг ёрдамимизга муҳтож ва уруш тугаганда ҳам улар бизнинг ёрдамимизга муҳтож бўлади. Президент Байден айтганидек, бизнинг хавфсизлик бўйича ёрдамимиз тўғридан-тўғри эркинликнинг олдинги сафларида, жасорат билан турган қўрқмас ва малакали украиналик жангчиларга йўналтирилди. Менинг украиналик дўстларим: биз барчангиз елкангизда қандай юк кўтариб турганингизни биламиз ва ҳаммамиз сизнинг ортингизда турганимизни билишингиз керак. Шунинг учун биз бугун бу ерга Украина демократиясининг арсеналини мустаҳкамлаш учун йиғилдик”.
“Газпром” ширкати Польша ва Болгарияга табиий газ етказиб бериш тўхтатди
Россиянинг “Газпром” ширкати жорий йил 27 апрелидан Польша ва Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатади. Бу ҳақда ҳар икки давлатнинг Энергетика вазирликлари “Газпром”нинг огоҳлантирув хатига таянган ҳолда билдиришган. Газ етказиб беришнинг тўхтатилишига бу мамлакатларнинг ёғилғи учун рублда ҳақ тўлашдан бош тортганлари сабаб бўлган.
Аввалроқ Польшага газ етказиб беришда муаммолар юзага келгани ҳақида Onet портали ҳукуматдаги ва PGNiG энергетика ширкатидаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилган. Бу маълумотни Bloomberg агентлиги ҳам тасдиқлаган.
“Газпром” аввалроқ 26 апрель куни Польша ва Болгариянинг етказиб берилаётган газ учун янги тартиб бўйича (Россия рублида) ҳақ тўлашнинг сўнгги куни эканини билдирган.
Сешанба куни Польша ҳукуматининг стратегик энергетик инфратузилмаси бўйича вакили Пётр Наимской Варшава газ учун рублда ҳақ тўлаш ниятида эмаслигини очиқлаган.
Ўша куннинг ўзида PGNiG вакиллари газ етказиб бериш тўхташи хавфи борлиги туфайли вазият доимий назоратда эканини билдиришган.
Болгария Иқтисодиёт вазирлиги Россия газ учун шартномага зид келувчи шартлар асосида пул тўлашни таклиф қилганини билдирган.
1 апрель куни президент Владимир Путин Россия ширкатларига ўз ҳукумати “дўст бўлмаган” деб топган мамлакатлар билан газ олди-соттиси бўйича ҳисоб-китобни фақат рублда амалга оширишни буюрган эди.