Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:34

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Словакия президенти россиялик аскарларга рус тилида мурожаат қилди

Словакия президенти Зузана россиялик аскарлар ва уларнинг командирларига рус тилида мурожаат қилди.

Ўз видеомурожаатномасида Чапутова Украинадаги урушни “исталмаган” ва “ҳеч бир асоссиз бошлатилган” уруш деб атаган.

“Сизга ҳеч ким таҳдид қилаётгани йўқ эди, ҳеч ким сизга зарар етказаётгани йўқ эди, аммо сиз зарар етказаяпсиз”, дея урғулаган Словакия президенти Россия армияси амалга оширган бир қанча ҳарбий жиноят, жумладан украиналик аёлларнинг жинсий зўрланганига эътибор қаратган.

“Агар ўзингизда заррача инсонийлик қолганини ҳис қилаётган бўлсангиз, уни жонлантиринг ва бу мудҳиш урушга барҳам беринг”, деган Чапутова россиялик ҳарбийларга юзланар экан.

Видеомурожаат ёйинланишидан аввалроқ Словакия президенти Твиттерда қуйидаги сатрларни қолдирган: “Украинага бостириб кириш билан Россия кулфат ва дард-алам олиб келди, жинсий зўравонлик қурбонлари сони тобора ортиб бормоқда. Ҳеч қандай уруш бу каби жиноятларни оқлашга хизмат қилолмайди. Мен россиялик аскарлар ва уларнинг раҳбарларига бу зўравонликка чек қўйиш чақириғи билан мурожаат қилмоқдаман”.

Россиянинг Украинага қуролли босқини шу йил 24 февралида президент Владимир Путин буйруғи билан бошланган. Ҳозирги пайтда урушда қанча одам қурбон бўлганини аниқ айтиш қийин, бироқ катта эҳтимол билан гап ўн минглаб ҳарбий ва тинч аҳоли вакили ҳақида бормоқда.

БМТ: Путин “Азовсталь”даги тинч аҳоли вакиллари эвакуациясида БМТ ва Қизил Хоч вакиллари қатнашишига қарши эмас

Владимир Путин Мариуполдаги “Азовсталь” заводидан тинч аҳоли вакиллари эвакуациясида БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари иштирокига “”принципиал розилигини берган”. Бу ҳақда БМТ сайтида ёйинланган хабарномада айтилган.

Мазкур келишувга БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 26 март куни Москвада Россия президенти билан бўлиб ўтган учрашувида эришилган.

Разведка: Украина ўз ҳаво ҳудудининг катта қисмини назорат қилмоқда.

Британия разведкасига кўра, Украина ўз ҳаво ҳудудининг катта қисмини назорат қилмоқда.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳисобатида айтилишича, ҳозирда Россия кучлари Украина жануби ва шарқида жамланган, Россия армиясининг Украина ғарбий ва шимолий ҳудудларига кириш имкони деярли йўқ, шу боис баъзан олисдан ракеталар билан зарба бермоқда.

Шунингдек, Украина ҳарбий ва логистика инфратузилмаларига зарба йўллаш ҳам давом этяпти. Мариуполга ҳужумларда бошқарилмайдиган бомбалар қўлланмоқда. Бу Россиянинг зарбалари самарадорлигини камайтириб, тинч аҳолининг кўплаб қурбонлар беришига олиб келади, дея хулоса қилинади разведка маълумотларида.

Зеленский: Россия 3та АЭСга ракета отди

Президент Зеленский эса сешанба куни Украинанинг учта атом электр станциясига рус қўшинлари ракета отганидан хавотир билдирди:

"Бугун Россия кучлари Украинага учта ракета учиришди, улар бизнинг уч атом электр станциямиз - Запорожье, Хмелницкий ва Жанубий Украина АЭСлари устидан учиб ўтди… Менимча, Россия қўшинлари Чернобил зонасида ва Запорожье атом электр станциясида қилган барча ишларидан сўнг, Россияда қанча ядровий объект, ядро қурол ва шу каби технологиялар мавжудлигини билган дунё ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Агар Россия Чернобил нима эканлигини унутган бўлса, Россиянинг ядровий иншоотлари ва технологиялари устидан тўлиқ назорат зарур.”

Россия қўшинлари февраль ойида Украина пойтахти Киевга юриши давомида радиация билан ифлосланган Чернобил АЭСнинг тақиқланган ҳудудига ўтган эди. Кремль Украина шарқидаги жангларга эътиборини қаратгани сабабли Киевдан чекинди. Мазкур ҳудуд яна Украина қўлига ўтиб, узилиб қолган алоқа қайтадан тикланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG