Одессада стратегик кўприк ракетадан нишонга олинди
26 апрель куни Россия Одессадаги Днестр-Лиман орқали ўтадиган стратегик аҳамиятга эга кўприкни ракетадан нишонга олиб, кўприкка зарар етказди, деб хабар берди Одесса шаҳар кенгаши.
Украина полицияси сешанба куни кўприк вайроналардан тозаланаётгани ва электр линиялари таъмирланаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Украина темир йўл компанияси раҳбарининг айтишича, темирйўлчилар жабрланмаган. Шаҳар кенгаши ҳали қурбонлар ҳақида маълумот берганича йўқ.
Затокадаги темир йўл кўприги Одесса вилоятининг жанубини Украинанинг қолган қисмлари билан боғлайдиган муҳим кўприкдир.
Москвада урушга қарши фаолларга таҳдид қилинди
“Буча – Москва” урушга қарши акцияси муаллифлари Александр Греда ва Александра Островскаяга таҳдид қилишди.
Номаълум кимсалар Островская ва Греданинг эшикларига уларнинг дафн тасмалари тақилган портретларини ёпиштириб кетишди. Сурат тагида “Ватанни сотма”, “Ўликларга тақлид қилиш – ёмон аломат” деган сўзлар бор эди.
Плакатлар Греда расмий рўйхатда турадиган манзилда пайдо бўлган, у ҳибсхонадан чиқиб уйига борганида ушбу таҳдидли плакатларга дуч келган.
4 апрель куни Греда ва Островская кўчада қўллари боғланган ҳолда ётган одамларни суратга олишган эди. 6 апрелда акциячиларни қўлга олишди, тўққизинчи санада эса улар 15 суткага қамалди.
Renault “АвтоВАЗ” корхонасидаги улушини “1 рублга” сотяпти
Renault “АвтоВАЗ” корхонасидаги 68 фоизлик улушини Россия томонига “бир рублга” сотади, дея маълум қилди Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров.
Айни чоғда француз ширкати беш-олти йил ичида бу активларни қайтариб олиш ҳуқуқини сақлаб қолиши айтилмоқда.
IIHF Россияни жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этди
Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) Россияни 2023 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этди. Чемпионат келаси йилнинг май ойида Санкт-Петербургда ўтказилиши белгиланган эди.
Янги мезбон мамлакат хоккей бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатининг сўнгги ҳафтасида Тампере шаҳрида (Финляндия) ўтказиладиган IIHF конгресси чоғида аниқланади.
Март ойи бошларида IIHF Россиядан 2023 йилда ёшлар ўртасидаги хоккей бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини тортиб олган эди.
Жорий йилнинг февраль ойи охирида Халқаро футбол федерацияси ҳамда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи Россиянинг Украинага тажовузи туфайли Россиянинг барча клубларини ва терма жамоаларини расмий мусобақалардан четлатган.