Карим Хон: Украинада “адолат учун туриб бериш” вақти келди
“Ҳозир гапириш вақти эмас, балки ҳаракат вақтидир. Халқаро ҳуқуқ пассив томошабин бўла олмайди. У ҳаракатсиз бўлиши мумкин эмас. У ҳимоя қилиш ва жавобгарликка тортиш истаги билан ҳаракат қилиши лозим."
Хон 24 февралда Россия босқини бошланганидан бир ҳафта ўтиб, Украина бўйича тергов бошлаган эди.
Россиялик дипломат Сергей Леонидченко Халқаро Жиноят Судини “сиёсий қурол” деб атади. Москва 24 февраль куни Украинага бостириб киришини “махсус ҳарбий операция” деб атаб, тинч аҳоли нишонга олинганини рад этиб келади.
Украина Бош прокуратурасига кўра, камида етти нафар россиялик ҳарбийга қарши ҳарбий жиноятларда айбловлар тайёрланган.
“Азовстал”даги қўмондон ёрдам сўради
Икки ойдан бери қамалда қолаётган Мариуполдаги Азовстал заводига яширинган ҳарбийлар қўмондони Сергей Волина халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраб Интернетда видео эълон қилди. Қўмондонга кўра, “Азовстал”дагиларни зудлик билан эвакуация қилиш зарур.
“Бизнинг бўлинмада 600 дан ортиқ ярадор бор, турли даражадаги жароҳатлар. Улар тиббий ёрдамга муҳтож, бу ерда на шароит, на дори-дармон, на ёрдам берадиган ходимлар бор. Жароҳатланган тинч аҳоли вакилларига имкон қадар ёрдам беряпмиз. Бу ерда юзлаб тинч аҳоли, ўнлаб болалар, ҳаракат имконияти чекланган одамлар, кўплаб қариялар бор. Вазият жуда оғир, сув, озиқ-овқат, ўқ-дори, қурол-яроғ, ҳарбий техника етишмаслигини-ку айтмасам ҳам бўлади" , деди 36-денгиз пиёдалари бригадаси қўмондони Сергей Волина.
Reuters агентлиги қўмондоннинг шахсини тасдиқлаган.
Азовстал заводи Украинанинг Мариуполдаги сўнгги мудофаа ўчоғи ҳисобланади. Рус қўшинлари заводга яширинганларга таслим бўлиш талаби билан бир неча бор ультиматум қўйди. Бироқ украин ҳарбийларни буни ҳар сафар рад қилишди.
Украина расмийларига кўра, Путиннинг Азовсталга ҳужумни бекор қилгани ҳақидаги баёнотига қарамай, рус қўшинлари заводга бостириб киришга уринмоқда.
Зеленский: Путин газ билан Европани шантаж қилмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский чоршанба куни Россиянинг Болгария ва Полшага газ етказиб беришни тўхтатиш қарорини Европани «шантаж» қилиш, деб атади:
"Россия нафақат газ, балки ҳар қандай савдони қурол деб билади. У бирор савдо соҳасидан қачон фойдаланиш мумкин бўлишини кутмоқда. Оврўполикларни сиёсий шантаж қилиш. Ёки бирлашган Европани нишон сифатида кўрадиган Россия ҳарбий машинасини кучайтириш учун. Чунки тез фурсатда Европа савдода Россияга қарамликка йўл қўйиб бўлмаслигини тан олади ва Европа бозорларида барқарорликни тезроқ кафолатлаш мумкин бўлади."
Россия Болгария ва Полшага газ етказиб беришни тўловни рублда амалга ошириш талаби рад этилганидан сўнг, чоршанба куни тўхтатди.
Харковда ракета ҳужумида бир киши ҳалок бўлди
Бугун Харков шаҳри яна ракета ҳужумига нишон бўлди. Украина расмийларига кўра, ракета ҳужуми оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.
Россия босқинчи кучлари ўтган ой Киев чеккасидан сиқиб чиқарилар экан, Москва ўз эътиборини Украина шарқига қаратди ва у ердаги вилоятларни тўлиқ босиб олиш учун янги ҳужум бошлади.
Москва ҳануз буни Украинани қуролсизлантириш бўйича “махсус операция” деб аташдан тўхтмаяпти ва рус ОАВларига уруш сўзини ишлатишни тақиқлаган. Аммо Ғарб давлатлари ва БМТ Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини “тажовуз” деб атайди.