Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Лиз Трасс: Айни дам эҳтиёткорлик эмас, жасорат вақти

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс Ғарб иттифоқчиларини Украинага танклар, қирувчи самолётлар ва оғир қуроллар юборишга чақириб, урушнинг янада авж олишидан қўрқиш нотўғри эканлигини ва “ҳаракатсизлик энг катта хато бўлишини” таъкидлади.

Трасс Россия босқинига қарши курашда Украинага ёрдам бераётган давлатларга юзланиб “айни дам эҳтиёткорлик эмас, жасорат вақти эканлигини”, урғулади.

НАТО давлатлари Украинага ҳарбий қурол ва техникалар, жумладан, ракета ва зирҳли техникалар етказиб беришда давом этмоқда. Аммо улар Украина президенти Владимир Зеленскийнинг илтимосларига қарамай, вазият кучайишидан қўрқиб, қирувчи самолётларни юборишни истамаяпти.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аллақачон НАТОни Россияга қарши прокси уруш олиб боришда айблади.

Ғарб расмийлари буни рад этиб, зиддият Россиянинг ўз қўшнисига асоссиз бостириб кириши сабаб юзага келаётганини айтмоқда.

ISW: Кремль Днестрбўйини Украинадаги урушга тортишга уринмоқда

“Урушни ўрганиш институти” (ISW) Россиянинг Украинага ҳужуми қандай кечаётгани ҳақида қисқа маълумотнома эълон қилди. Унга кўра:

  • Жамланган артиллерия Россияга “Украина шарқида чекланган даражада олға силжиш” имконини беради, аммо Россия кучлари ҳамон украин армияси мудофаасини ёриб ўтиш учун “кураш олиб бормоқда”.
  • Россия қўшинлари Изюм жабҳасига қўшимча кучларни ташлади.
  • Қудратли бомбардимонлар ва давомли ҳужумлар Россия қўшинларига Мариуполдаги “Азовсталь” заводидаги украин мудофаачилари устидан муваффақият қозонишда ёрдам бермади.
  • Херсон теварагидаги Россия кучлари бутун Херсон вилоятини босиб олиш мақсадида янги ҳужумга ҳозирлик кўраётганга ўхшайди, Россия оккупацион кучлари эса украинларнинг кенг кўламли мудофааси манзарасида россияпараст “Херсон Халқ Республикаси” (ХХР) тузилганини эълон қилишга тайёргарликни давом эттирмоқда.
  • Кремль Днестрбўйини Украинадаги урушга тортишга ёки НАТОга қўшимча босим ўтказиш мақсадида Молдавиянинг ўзида вазиятни беқарорлаштиришга уринмоқда.

Францияда Путиннинг собиқ куёвига тегишли вилла ҳибс қилинди

Биаррицда Владимир Путиннинг қизи дея тахмин қилинаётган Катерина Тихонованинг собиқ эри – тадбиркор Кирилл Шамаловга тегишли вилла ҳибс қилинди. Уй манзили Франция молия вазирлигининг санкциялар доирасида музлатилган кўчмас мулклар реестрига киритилган, деб ёзади “Медиазона”.

Жорий йил мартида фаол Сергей Савельев Шамаловнинг ушбу вилласига кириб, видео эълон қилган. Кейинчалик у ҳибсга олинганди.

Nice-Matin нашри қайд этишича, Франция ҳукумати россиялик тадбиркорларга тегишли яна икки виллани ҳибс қилган. Улар Ложувард соҳилда жойлашган. Биринчи вилла Сан-Тропе яқинида бўлиб, 2005 йилдан бери унга “Русал” раҳбари Олег Дерипаска эгалик қилади. Сен-Жан-Кап-Ферра коммунаси атрофида жойлашган ва сиртдан Версаль саройининг ихчам нусхасини эслатувчи иккинчи вилла эса “Русская платина” ширкати директорлар кенгаши раиси Муса Бажаевники.

Француз ҳукумати маълумотига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери мамлакатда Россия банкининг 22,8 миллиард евро маблағи музлатилган, шунингдек санкцияга учраган россияликларга оид ўттизга яқин кўчмас мулк, тўртта яхта, олти вертолёт ҳамда учта санъат асари ҳибс қилинган.

Расмийлар Мариуполда эпидемиологик ҳалокат эҳтимолидан огоҳлантирмоқда

Мариуполдаги кўчалардан бири, 2022 йил 15 апрели
Мариуполдаги кўчалардан бири, 2022 йил 15 апрели

Ўн минглаб мариуполликка фақат Россия армияси ҳужумларигина эмас, жуда ёмон турмуш шароити ва антисанитария ҳам ўлим хавфини солмоқда. Бу ҳақда Мариуполь шаҳар кенгаши хабарномасида айтилган.

Шаҳар расмийларига кўра, ҳозирнинг ўзида Мариуполда ҳаво ҳарорати +20 даражага чиққан, бу эса яқинда шаҳарда ўлимга олиб борувчи эпидемиялар авж олиши мумкинлигини англатади. Бунга марказлашган сув таъминоти ва канализациянинг йўқлиги, вайроналар остидаги жасадларнинг чириши ҳамда егулик ва сувнинг ўта танқис бўлиб бораётгани сабаб бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG