Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:19

Журналист Анора Содиқова ўзига таҳдид бўлганини айтди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари жим


Журналист Анора Содиқова.
Журналист Анора Содиқова.

Журналист таҳдид сабаб ўзбек олигархи ҳақидаги мақоласини сайтдан ўчирди. Омбудсман болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатишни талаб қилди. Эксперт янги аэропорт баҳонасида пул ўзлаштирилиши эҳтимолидан баҳс этди.

Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Журналист Анора Содиқова ўзига таҳдид қилинганини айтмоқда

13 апрель куни “Рост24” cайтида журналист Анора Содиқованинг “Халқаро молиявий криминаллар рўйхатида кўринган ўзбек олигархи” номли мақоласи эълон қилинган. Мақолада Pandora papers ҳужжатларида номи қайд этилган ўзбекистонлик тадбиркор Жаҳонгир Усмоновнинг фаолияти хусусида сўз борган. Журналист ўз суриштирувида Ўзбекистон футболининг бир неча йиллик раҳбари, марҳум сенатор Мираброр Усмоновнинг ўғлига тегишли бир неча компанияларнинг занжири оффшор ҳудудларга, молиявий жиноятларга томон етаклашини айтади.

Шунингдек, журналист тадбиркор йирик маблағларини яшириш, хориждаги оффшор компаниялар ҳисоб рақамларига олиб чиқиш учун “Эзгу мақсад” хайрия фондидан фойдаланган бўлиши мумкинлигини билдиради.

Бу ҳақда мақола ва видеоматериал эълон қилингач, орада кўп ўтмай Анора Содиқова таҳдидлар сабаб уларни тармоқдан ўчиришга мажбур бўлган.

“Мен фондга интервью учун борганимдаёқ тепадагиларнинг фамилияларни айтишди. Гўё мен бу “сигнал”дан сўнг суриштирувни тўхтатаман. Бир ой изланиб, фактлар асосида материал тайёрладик ва эълон қилдик. Бироқ шеригимнинг рақамига қўнғироқ қилишиб, “тинч ҳаёт керак бўлса” материални олиб ташлашимиз кераклигини айтишган. Шундан сўнг мақолани сайтдан олишга, YouTube саҳифасидан ўчиришга мажбур бўлдик”, дейди Анора Содиқова “Human.uz” сайтига.

Бу воқеа жамоат фаоллари ва журналистларни ташвишга солган.

“Журналист Анора Содиқова атрофида бўлаётган ҳолатдан биз хавотирдамиз. Қонун устувор давлатларда ҳар қандай зиддиятли ҳолатлар (агар у бўлса) фақат суд орқали ҳал қилиниши керак. Журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас. У замонлар ўтиб кетди. Қайтаришга уринманг. Фонд бу ҳолатни кузатиб боради”, деб ёзди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

Аммо айни пайтда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари журналистга таҳдид юзасидан бирон муносабат билдиргани йўқ.

“Аввал борини ишлатинглар!” – Иқтисодчи водий учун янги аэропорт қуриш лойиҳасини танқид қилди

Фарғона водийсида ҳудуддаги ҳар учала вилоят учун ягона бўлган халқаро аэропорт қурилиши кутилмоқда. Расмий изоҳга кўра, Андижон, Наманган ва Фарғона аэропортлари шаҳарлар ичида жойлашган ва атрофи бино-иншоотлар билан зич ўралгани сабабли уларни кенгайтириш имконияти чекланган.

Иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров янги аэропорт ташаббусини кэптив лойиҳа деб атади.

“Ўзи водийдаги учта аэропортнинг қувватидан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ. “Уларни кенгайтириш имконияти чекланган” эмиш. Э барака топгур, аввал бор салоҳиятини ишлатиб олинглар. Бундан 25 йил аввал ҳам Андижон аэропорти кунига 7-8 та рейс қабул қилган. Ҳозир ҳафтасига шунча рейс йўқ”, деб ёзади эксперт.

О.Бакиров янги аэропортни қуришдан асл мақсад авиация бизнесини ошириш эканини шубҳа остига олган.

“Агар акси бўлганида аввал моделлаштирилган иқтисодий асослари келтириларди. Бу аэропорт қурилиши лойиҳалаш ва пудрат ишлари билан имкон қадар кўп пул ўзлаштиришга қаратилган навбатдаги миллиард долларлик кэптив лойиҳа бўлади. 6 йиллик тажрибамиз инобатга олинса ва кэптив лойиҳалар ўзлаштирувчиларининг саноқли вакилларини номма-ном билишимиздан келиб чиқилса, аэропорт қурувчисиям яна бегона бўлмайди”, деб ёзади муаллиф.

Ўзбекистон “канадек ёпишиб олган тўртта олигарх ўғрини боқиш учун бутун ресурсларни уларнинг фойдасига тақсимлашга кўз юмадиган бой давлат эмас”лигини таъкидлаган О.Бакиров бу борада биргина Кутаиси аэропорти тарихини ўрганиб чиқишни тавсия этган.

Эксперт шамол электр станциясининг салбий жиҳатини очиқлади

ЎзФА Қорақалпоғистон бўлимининг табиий фанлар институти қайта тикланувчи энергия бўлими бошлиғи Юсуф Камолов Беруний туманида биринчи шамол электр станцияси ишга туширилиши ҳақида гапирди (“Ишонч” газетаси, 12 апрель).

100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси 120 минг хонадонни энергия билан таъминлаши кутилмоқда. Анъанавий усулда электр энергияси ишлаб чиқариш учун газ ва нефть керак. Шамол электр станцияси лойиҳаси эса табиий ресурсларни тежашга хизмат қилади.

Эксперт, айни чоқда, шамол ҳисобига ишлайдиган станцияларнинг салбий жиҳатлари, хусусан, қушлар учун хавфли эканига ҳам эътибор қаратган.

“Станциянинг парраклари жуда катта бўлиб, улар сониясига 60 метр тезликда айланади. Демак, ўзига келиб урилган қушларни нобуд қилиши турган гап. Шу боис станциялар бунёд этиладиган жой дастлаб орнитологлар томонидан ҳам ўрганиб чиқилади... Баъзи давлатларда қушларнинг кўчиш мавсумида станциялар фаолияти вақтинча тўхтатиб турилади”, дейди Ю.Камолов.

Олим илмий тадқиқотлар учун катта миқдорда маблағ зарурлигини ҳам ёдга олган.

“Хорижда бирор ихтиро қилинса, ишонишади ва катта пулга сотиб олишади. Бизда, аксинча, негадир олимларимизга ишонишмайди. “Буларнинг қўлидан нима ҳам келарди?” дегандек лоқайд муносабатда бўлишади. Бизнинг энг оғриқли ва фожиали муаммомиз ана шунда”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 2050 йилгача мамлакатда табиий газ, кўмир ва нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланиш тўхтатилишини маълум қилди.

“Банк ходимлари бурнимдан ип ўтказиб судради” – Юлдуз Усмонова клиника очишда дуч келган қийинчиликлари ҳақида

Тошкентда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага тегишли тиббий клиника тантанали равишда очилди (www.daryo.uz, 12 апрель). Тадбиркорликка қўл урган санъаткорнинг айтишича, клиникани очиш осон бўлмаган.

“Мен илгари ашуламни айтиб юраверар эканман. Бизнесменларни фақат бой одам деб билар эканмиз. Бечора бизнесменларнинг қанча муаммоси борлигини ўзи билар экан, холос. Ҳокимлик-ку, якка ўзи қарор қабул қилишга қўрқади. Туманга ариза берсангиз, шаҳарга жўнатади, ундан кейин бошқасига юборади, хуллас, ҳаммаси асаббузарлик. Ҳокимликдагилар клиника очишга рухсат бергунига қадар бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Ундан кейин банк бурнимиздан ип ўтказиб судради”, дея ҳикоя қилади хонанда.

Юлдуз Усмонова.
Юлдуз Усмонова.

Усмонова банк ходимларидан қаттиқ ранжиганини айтган.

“Мен-ку майли, бошқа ёшлар ҳам бизнес ғояси билан банкка борса, шундай бўлаверадими? Кредитни ҳам 22 фоиздан беришди, бу кичкина маблағ эмас. Юлдуз Усмонова бўлиб шунча қийинчилик билан кредит олсам бу кетишда биз ҳеч қачон ўсмаймиз. Банк бошқарувчилари 2-3 йилда ўзгариб турса ҳам бурни осмону фалакда экан”, дейди у.

Хонанда суҳбат давомида клиника учун лицензияни таниш-билишчиликсиз олгани ҳақида гапирган.

“Очиғи, клиниканинг рухсатномасини бир-икки сўм бериб ёки Юлдуз Усмоноваман деб олганим йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан таниш-билиш қилсам ҳам бўларди. Атайин устига бир тийин пул бермай, ҳаммасини қонун доирасида қилдим”, дейди Ю.Усмонова.

Янги очилган клиника хонанданинг биринчи тадбиркорлик иши эмас. Унинг Сергели туманида тикув фабрикаси ҳам бор. Интервьюлардан бирида Ю.Усмонова фабрикадан катта даромад олмаса-да, ёпа олмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.

Омбудсман: қашшоқлик болаларнинг таҳқирланиши хавфини оширади

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида яшовчи аёл фарзандларига жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказаётгани акс этган видео тарқалиши ортидан Ўзбекистоннинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова баёнот берди (www.gazeta.uz, 11 апрель).

“Болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатинг! Ҳар бир бола зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Биз жамият сифатида буни қабул қилмаслигимиз керак. Биз ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун масъулиятини кучайтиришимиз, болаларни шафқатсиз муомала ва зўравонликдан асраш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим”, дейди у.

А.Юнусова болаларнинг таҳқирланиши, калтакланишига олиб келаётган омилларга ҳам тўхталган.

Болалар омбудсмани Алия Юнусова.
Болалар омбудсмани Алия Юнусова.

“Ота-оналарнинг турмуш шароитининг оғирлиги, қашшоқ ва камбағаллиги, уларнинг спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва ўз фарзандларини ташлаб кетиши ҳамда миграцияси болаларнинг қаровсизлиги, таҳқирланиши ёки эксплуатацияси хавфини оширади. Болалар зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапирмайдилар ва шунинг учун камдан-кам ҳолларда керакли ёрдамни олишади”, дейди Болалар омбудсмани.

Расмий вакил болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани тўғрисидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВда эълон қилинишидан олдин масъул органларга хабар берилиши мақсадга мувофиқ эканини айтган.

“Чунки болалар мавзусининг ОАда ёритишнинг ўзига хос этикаси ва қонун-қоидалари, талаблари бор. Жабрланган болаларни таниш мумкин бўлган маълумотлар берилмаслиги керак”, дейилади муносабатда.

Украина уруши сабаб Ўзбекистонда дори-дармон тақчиллиги кузатилиши мумкин

Халқаро вазият сабаб Ўзбекистонда аҳоли учун зарур 150 турдаги дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд (“Оила ва табиат” газетаси, 14 апрель). Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда соҳага оид элликка яқин муаммо санаб ўтилган ва уларга ҳамон ечим топилмаётгани танқид қилинган.

Жумладан, қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилмагани, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар амалиётда 15 фоизли нарх преференциясидан фойдалана олмаётгани қайд этилган. Мисол учун, 2021 йилда 24 турдаги қалбаки, 400 турдаги сифатсиз, 1,5 мингдан зиёд номдаги контрафакт ва 2,5 минг номдаги рўйхатдан ўтмаган дори ва тиббиёт буюмлари савдоси аниқланган. Бош прокуратурага бу борада назоратни кучайтириш топширилган.

Ҳудудларни дори воситалари билан таъминланиш ҳолати ҳам мутлақо қониқарсиз деб баҳоланган.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда йилига 1,6 миллиард долларли 1,5 мингдан зиёд турдаги фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан 647 турдаги дори ва тиббий буюмлар мамлакатда ишлаб чиқарилгани ҳолда, ҳар йили қарийб 1,2 миллиард долларли маҳсулотлар четдан келтирилади.

XS
SM
MD
LG