Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:17

“Қамоқ блогер учун катта зарба”. Сатторий билан бир қамоқхонада ўтирган блогер ҳикояси


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Яккабоғ туман фаоли Одил Элмурод ва чироқчилик блогер Ҳумоюн Умрзоқов.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Яккабоғ туман фаоли Одил Элмурод ва чироқчилик блогер Ҳумоюн Умрзоқов.

Ўтган йил сентябрь ойида ёлғон маълумот тарқатишда айбланиб, бир йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган қашқадарёлик блогер Ҳумоюн Умрзоқов 17 апрель куни муддатидан олдин озодликка чиқарилди.

23 ёшли Умрзоқов Озодлик билан суҳбатда таниқли блогер Отабек Сатторий билан бирга Навоийдаги қаттиқ тартибли колонияда ўтирганини айтди.

“Сатторий ҳозир тушкунликда. Дунёга қарашлари анча ўзгарган. Озодликни соғинган. Қилган ишлари бўйича суҳбатлашганмиз, лекин товламачилик қилмаганман, деб айтди менга...”, - дейди Умрзоқов.

Ўтган йили Сатторийнинг "шубҳали жиноятлар билан қамалиши” халқаро матбуот ташкилотлари томонидан қораланганди.

Сатторий ҳозирда туҳмат ва товламачилик айби билан 6 ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

2021 йилда "туҳмат"да айбланиб, бир йилга қамалган қашқадарёлик блогер Ҳумоюн Умрзоқов эса муддатидан олдин шартли озодликка чиқарилди.

У ўзига нисбатан қийноқ қўлланилмагани, бошқа маҳбусларнинг қийноққа солинганига гувоҳ бўлмаганини айтади.

"Оғир жазо"

Ҳумоюн Умрзоқов ўзига белгиланган бир йиллик қамоқ жазосини “оғир жазо”, деб ҳисоблайди.

”Ичкарида бўлган вақтда мен кўп кузатдим. Оғирроқ жиноят қилганлар уй қамоғи ва шартли озодликка чиқиб кетганликларини кўрдим. Манзил колониясига олинганликларини кўрдим. Менга оғирроқ жазо беришди, қилган ишим учун”.

Умрзоқов Чироқчи туманида ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органи ходимлари ва ҳокимиятни танқид қилувчи чиқишлари билан танилган.

Ўтган йил сентябрида у ёлғон маълумот тарқатишда айбланиб, қамоққа олинди.

Қашқадарё суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 - моддаси (Туҳмат қилиш, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш) бўйича айбдор деб топди.

Айблов хулосасида айтилишича, сентябрь ойида блогер Ҳумоюн Умрзоқов машина ўғирлангани ҳақида ёлғон хабар берган.

Умрзоқов судда айбига иқрор бўлган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамояти Яккабоғ туман фаоли Одил Элмурод блогерлар нотўғри ахборот берган тақдирда ҳам қамоқ жазоси белгилаш "ҳаддан ташқари оғир жазо" деган фикрда.

"Фуқаро бўладими, блогер бўладими, гапи учун қамоққа ташланиши ёки суд қилиниши бу сўз эркинлигига берилган қақшатқич зарба деб ҳисоблайман. Гапирган гапи учун инсон қамалиши бу катта фожеа”, - дейди Одил Элмурод.

Айни пайтда “Эзгулик” фаоли баъзи ҳолларда блогерларнинг ўзлари ҳам касбий фаолиятини суиистеъмол қилиш орқали жанжалларга сабабчи бўлаётганини назардан қочирмайди.

“Манфаат эвазига шу ишни юритадиган одамларни мен блогер ҳисобламайман. Блогерлик бировни оғирини енгил қиладиган, халқнинг муаммоларини кўтариб чиқадиган бир соҳа”.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов фикрича, Ўзбекистонда блогерларнинг касбий кўникмалари йўқлиги муаммоси ҳам бор.

“Блогерлар ва ҳокимият қуйи поғоналарида тўқнашувлар кўп бўляпти. Баъзилар буни сўз эркинлигига таҳдид, дейди. Мен масаланинг бошқа жиҳатига қараган бўлардим. Блогерларнинг касбий кўникмалари йўқлиги муаммосига. Кимдир сўз эркинлигидан фойдаланиб, одамларнинг шахсий дахлсизлигига таҳдид қилаётган ҳолатлар ҳам бор. Баъзи блогерлар видеога олиб, “тарқатвораман”, деб қўрқитиб, касбий фаолиятини суиистеъмол қилаётган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўляпмиз", - дейди Ташанов.

Қашқадарёлик блогер қамоқ унинг учун катта зарба бўлганини айтади. Лекин у блогерлик фаолиятини тўхтатмоқчи эмас.

“Кўчада юрган одамни ичкарига олиб ташлашса, одамга анча руҳий таъсири бўлади. Айнан блогерлик фаолият юритаётган бўлса қамоқ блогер учун катта зарба”, - дейди Ҳумоюн Умрзоқов.

Ўтган йил октябрида иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

Сайловлар арафасида қатор халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ёмонлашгани, блогерлар ва тармоқ фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинганини танқид қилиб чиқишган.

Ўзбекистон матбуот эркинлиги индексида юқорилади

Айни пайтда Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бу йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистонни 133-ўринга қўйди. Халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг позицияси бу йил бирданига 24 поғонага яхшиланганини Президент Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов олқишлаб чиқди.

Рейтингдаги кескин ўзгаришларга ташкилотнинг бу йил матбуот эркинлигини баҳолаш методологиясини ўзгартиргани сабаб бўлгани айтилади.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда блогерларга таҳдид қилиш ва уларни қамоққа ташлаш давом этаётганини таъкидлаган.

“Қарийб 20 йил қамоқда ўтирган охирги журналистлар озодликка чиқди, аммо реабилитация қилинмади. Блогерлар таҳдид қилинмоқда ёки ҳибсга олинмоқда. “Халқ фикри” канали асосчиси Отабек Сатторий қисмати бунга мисол. У 2021 йил май ойида туҳмат ва товламачилик иши бўйича олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Унинг суд жараёнини ёритишга уринган журналистлар ҳужумга ёки асоссиз жиноий таъқибга учради”.

XS
SM
MD
LG