Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Ўзбекистон валюта "қора бозори"да рубль доллар ўрнини эгалламоқда


Иллюстратив сурат: Иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистоннинг рубль зонасига кириши Украинага тажовуз боис Ғарб санкцияларига юз тутган “Россиянинг офатига шерик бўлиш”ни ҳам англатади. 
Иллюстратив сурат: Иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистоннинг рубль зонасига кириши Украинага тажовуз боис Ғарб санкцияларига юз тутган “Россиянинг офатига шерик бўлиш”ни ҳам англатади. 

Ўзбекистон валюта қора бозорида Россия рублини сотувчи ва олувчилар кўпаймоқда.

Тошкентнинг Чорсу бозоридаги саррофлардан бирининг Озодликка айтишича, асосий фойда ҳозир рубль олди-бердиси ҳисобидан бўляпти.

“Рублчилар кўпайган. Фақат рубль олиб-сотиш билан шуғулланувчилар бор. Олдин доллар билан шуғулланганлар ҳам ҳозир рублга ўтяпти. Чунки рублда фойда кўпроқ”, - дейди сарроф.

Долларнинг ҳам, рублнинг ҳам "қора бозор"даги курси банклардагидан деярли фарқ қилмайди.

“Долларни (100 АҚШ доллари-таҳр.) 1 миллион 115 минг олиб 1 миллион 125 минг сотяпмиз.. Рубль бизда олиш 147 сўм, сотиш 150 сўм. Банк 150 оляпти рублни, лекин катта суммани бизга олиб келишади. Россиядан келишяпти. Рўйхатга тушиб қолмай, деб бизга олиб келишади“, - дейди сарроф.

Тошкентлик тадбиркор Тоҳир Собиров Ўзбекистон валюта бозорида рубль кўпайишини Россиядан келувчилар кўпайгани, Россия билан савдо-сотиқ рублда бўлаётгани ва мигрантлар маблағларни рублда юбораётгани билан боғлайди.

‘’Россиядан келувчилар кўпайди, улар катта пул билан келмоқда. У ёқда ишлаётганлар ҳам олдин долларда пул жўнатган бўлса, энди рублда юборяпти. Россия билан олди-сотди шартномалари ҳам рублда. Менинг ўзим ҳозир Россия билан иш қиляпман, уй-рўзғор жиҳозларини Ўзбекистонга келтираман, контрактлар фақат рублда бўляпти. Истайсизми, истамайсизми, кўпчилик рублга ўтишга мажбур бўляпти”, - дейди Тоҳир Собиров.

“Ўзбекистон рубль ҳудудига кириб бўлган”

Ўзбекистонлик иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича,, Ўзбекистон рубль ҳудудига аллақачон кириб бўлган.

“Биринчидан, ҳозир Россиядаги юридик ва жисмоний шахслар рубль айланадиган бозорни қидиряпти. Кўпчилиги Россиядан санкциялар ва чекловлар сабаб кўчиб кетяпти. Расмий статистика бўйича 4 миллионга яқин одам Россиядан чиқиб кетган. Бир қисми Ўзбекистонда. Яшашга ва бизнесга шароит қидиряпти улар.

Мақсад - ўз молиявий ресурсларидан бемамол фойдаланиш. Россиядан олиб келган карталари ишламаяпти. Ўзбекистонга келиб, карталар очяпти. Уларда фақат рубль бор.

Рублни қандай қилиб бўлса ҳам конвертация қилиш керак. Ўзбекистонга олиб келиб конвертация қиляпти”, - дейди Абдуқодиров.

Шу йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Марказий банки барча тижорат банкларига “Россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш ва банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида Россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар” берган эди.

“Россия офатига шерик бўлиш”

Мустақил иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг фикрича, Ўзбекистоннинг рубль зонасига кириши Украинага тажовуз боис Ғарб санкцияларига юз тутган “Россиянинг офатига шерик бўлиш”ни ҳам англатади.

“Ўзбекистон 3 март куни рубль ҳудудига кириб бўлди. Ҳозир рубль айланишига тўсиқ йўқ. Банкларга рублни сотиб олиш ва сотиш бўйича мажбурият юклангандан кейин рубль ҳудудига айланиб бўлганмиз. Россия рублини киритдикми, ўзимиз ҳам рубль ҳудудга кирдикми, Россия юз тутган офатга биз ҳам шерик бўламиз”.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, яна бир омил Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо-сотиқ фақат рублда бўлаётганидир.

“Кимдир Россияга мол сотади, кимдир мол олиб келади. Мол сотиб олганда рублда тўлаш шарт қилиб қўйилган. Кўпчилик шу рублда мол олади, шунинг учун улар кўпроқ рубль сотиб оляпти. Бунинг ҳажми борган сари ўсиб боряпти. Ўзбекистонга келаётган Россия фуқаролари ўзлари билан рубль олиб келиб, шу рублни сўмга алмаштиряпти, шу ерда яшаш учун. Шунинг учун рубль бозори кенгайиб боряпти”.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам Ўзбекистонда рубль экспансияси ортаётгани ҳақида ўзининг Телеграм-каналида ёзди.

Отабек Бакиров фикрича, Россия рубли уруш ва агрессиянинг символларидан бирига айланиб бўлган.

"Босқинчилар оккупация қилинган Херсон, Запорожье ва Харьковнинг айрим ҳудудларида тўлов воситаси ўлароқ рублни муомалага киритишга уринишмоқда. Россия тарафидан аввалроқ босиб олинган Қрим, ДНР ва ЛНР (Украина), Днестрбўйи (Молдова), Абхазия ва Жанубий Осетия (Грузия) каби ҳудудларда ҳам рубль тўлов воситаси сифатида ишлатилади.

Уруш бошлангандан буён Россиянинг сателлитлари рубль курсини турли воситалар ва усуллар билан юқори даражада ушлаш ва фойдаланиш кўламини кенгайтириш сиёсатини олиб боришмоқда", - деб ёзди Бакиров Телеграм-каналида.

Таҳлилчилар фикрича, асосий истеъмол моллари Россиядан келаëтгани сабаб Ўзбекистон қора бозорида рубль долларнинг ўрнини эгаллаши турган гап. Иқтисодчи Абдуқодиров ҳам шу фикрда.

“Россиядан импорт юқори бўлса, рубль экспансияси ҳам ортиб бораверади. Чунки Россиядан импорт қилинадиган моллар пулини тўлаш учун рубль керак. Рубль массаси кўпайса, нарх-наво ортиб бораверади. Мана ҳозирдан кўряпмиз озиқ-овқатга нарх ошиб боряпти. Уй- жой ошиб кетди. Бу-талабнинг кескин кўтарилганидан. Айни товар массасига катта рубль массаси келиб қўшилди. Таклиф ортгани йўқ, талаб рубль массаси ҳисобига ортяпти, шунинг учун нархлар ошяпти”, - дейди Абдуқодиров.

“Рубль долларнинг ўрнини босолмайди”

Ўзбекистон валюта бозоридаги вазият билан таниш блогер Дима Қаюм эса, Россия рубли доллар ўрнини эгаллаяпти, деган фикрдан йироқ.

“Бизнинг Фарғонада товарлар Хитойдан келади, шунинг учун ҳамма доллар олади. Йиққан маблағларини ҳам долларда сақлайди. Рублга ишонч йўқ. Эрта-индин санкциялар кучини кўрсатади, рубль қадри яна тушади. Ҳозир вақтинча ушлаб туришибди”, - дейди Дима Қаюм.

Иқтисодчи Абдуқодировнинг фикрича, рубль қурби тушиши яқин келажакда Россия билан савдода асосий муаммо бўлиши тайин.

“Санкцияларни 6-8 ойдан кейин катта таъсирини кўрамиз. Агар Россия ялпи ички маҳсулоти йил якунига кўра 12 фоизга камайса, бу “катастрофа” бўлади. Россия учун ва бутун МДҲ учун. Россия билан ким катта савдо алоқаларига эга бўлса, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам бу катта “катастрофа” бўлади. Кеча бир рубль турган нарсани 5 рублга олишга, 5 рублга турган нарсани 3 рублга сотишга мажбур бўламиз. Уларда ўзини молни қимматга сотиша ҳаракат кучайиб бораверади. Россияга боғланиб қолган совдо сотиқ алоқаларини эса Хитойга ёки Европага мослаштириш Ўзбекистон учун осон бўлмайди”, - дейди иқтисодчи.

Ўзбекистондаги валюта тушумининг салмоқли қисмини четда, асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган фуқаролар юбораётган маблағлар ташкил қилади.

Жаҳон Банки маълумотига кўра, ўтган йилнинг 1-3 чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмаларининг 55 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

XS
SM
MD
LG