Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

“Ғалла уруши”. Россия Украина донини четга чиқармаяпти ва ўзи ўғирлаб сотяпти


Қримдаги ғалла хирмони. Украина, 24 июнь, 2021.
Қримдаги ғалла хирмони. Украина, 24 июнь, 2021.

Халқаро ғалла кенгаши маълумотига кўра, сўнгги йилларда Украина дон экспорти бўйича дунёда тўртинчи ўринда бўлган. Мамлакат 90 фоиз ғаллани хорижга Қора денгиз портлари орқали жўнатарди: Россия босқинига қадар украин ширкатлари Қора денгиз портларидан кемаларга ҳар ой қарийб беш миллион тонна ғалла юкларди.

Ўрта ер денгизидан Қора денгизига сочма юкларни ташишга мўлжалланган махсус кемалар – балкерлар карвони қатнаган. Улар бари Украинадан буғдой, жўхори, арпа ва бошқа ғалла хомашёсини бутун дунёга етказиб берарди.

Уруш бошлангач Россия нафақат Украинанинг Қора денгиз соҳилидаги аксар порт шаҳарларини босиб олди, балки мамлакатни ғалла тижорати йўлларини ҳам тўсиб қўйди.

“Қора денгизда рус кемалари сузиб юрибди. Улар ҳали уруш бошланмасидан Украина ҳудудига келган халқаро кемаларни портлардан чиқармаяпти. Шунингдек, дон ортиладиган юк кемалари ҳам портларимизга кира олмаяпти”, дейди Бутунукраина аграр кенгаши раисининг ўринбосари Денис Марчук.

Еврокомиссия Украинадан ғалла экспорт қилиш имкониятларини изламоқда. Европа мулозимлари, хусусан, Россия Украина портларида ва элеваторларда қолиб кетган миллионлаб тонна донни темир йўл ва бошқа транспорт турлари орқали олиб чиқиш чоралари устида бош қотиряпти. Бироқ бу ниҳоятда катта куч ва принципиал янги логистикани тақазо этади. Чунки битта балкерга ўртача 60 минг тоннага яқин дон ортиш мумкин бўлса, юк машинаси атиги бир неча ўн тонна юк олади. Украинанинг экспортга мўлжалланган бутун ғалласи бир илож қилиб Европанинг Ўрта ер денгизи портларига етказилган тақдирда ҳам бунча донни ташийдиган савдо кемаларини топиш, юк ортиш ва жўнатишга анча-мунча вақт керак.

“Европа портларининг режалаштирилган порт фаолияти ва ўз жадвали борлигини унутмайлик. Улар сўнгги бир йиллик иш фаолиятини режалаётган пайтда Украинадан у ерга кемаларга ортиш учун ғалла ташилишини хаёлларига ҳам келтирмаганлар”, эслатади сиёсатшунос Алексей Якубин.

Россияда Владимир Путин мамлакат бу йил ўз тарихида “рекорд ҳосил” – 130 миллион тонна ғалла, жумладан 87 миллион тонна буғдой олишини, шунингдек ғалла савдосида янги бозорларга чиқишини башорат қилмоқда. Боз устига, CNN хабарига кўра, Россия ўз ғалласидан ташқари, босиб олинган ҳудудларда украин фермерларидан тортиб олинган донни ҳам сотяпти. Журналистлар босиб олинган Қримдан Сурияга ғалла келтирган рус кемаси ҳаракатини сунъий йўлдош орқали кузатишди. Кема Қримдан жўнашидан олдин яриморолга юк машиналарида Украина элеваторларидан ғалла ташиб келинган.

“Биз Украинанинг босиб олинган ҳудудлари – Херсон, Запорожье вилоятининг бир қисми, Донецк ва Луганск вилоятларидаги вазият ҳақида гапиряпмиз. Бизнинг ҳисобимизча, Украина ҳудудларидан тахминан 500 минг тонна ғалла олиб кетиляпти”, дейди Денис Марчук зарарни чамаларкан. Унинг айтишича, 500 минг тонна ғалла пулга чақилганда 150 миллион доллар бўлиши мумкин – бу Украина бюджети учун жиддий талафот.

Қолаверса, урғулайди Марчук, бизнинг кўпйиллик савдо ҳамкорларимизга ғалла етиб бормай қўйди. Улар орасида Ғарбнинг фаровон мамлакатларидан ташқари, Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги ривожланаётган давлатлар ҳам бор. Ушбу минтақаларда ғалла танқислиги очарчиликка ва оммавий норозиликка сабаб бўлиши мумкин.

“2011 йилги “араб баҳори”ни эсланг. Ўша тўполонларга одамлар қўлида пул камайиб кетиши, буғдой ва ун баҳоси осмонга сапчигани сабаб бўлган эди. “Араб баҳори” миллионлаб қочқинларни пайдо қилди ва уларнинг аксари Европага қараб йўл олди. Бугун ўша воқеалар такрорланиши хавфи бор”, дейди Марчук.

Украина аграр сиёсат вазирининг биринчи ўринбосари Тарас Висоцкий унинг фикрига қўшилади: “Бу уруш глобал озиқ-овқат инқирозини бошлаб берди. Қолаверса, ҳозирда истеъмолчилар кўп маҳсулотларга жисмонан етиша олмайдиган вазият юзага келмоқда, қимматчилик аҳолининг бир неча қатламини иқтисодий заиф қилиб қўяди. Натижада улар харид қобилиятларини йўқотадилар. Агар ўрта истиқболда нарх-наво ўсиши тўхтатилмаса, унинг таъсири узоқ муддатли бўлади ва аҳволни ўнглаш учун бизга йиллар керак бўлиши мумкин”, дейди у.

Висоцкий айтишича, ишлаб чиқарилган бутун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари истеъмол қилинган. Бинобарин, мамлакатда ўн миллион тонналаб ғаллани четга жўната олмаётган экан, истеъмолчилар учун битта чора қолади – истеъмолни камайтириш.

“Ёки етишмаётган озиқ-овқатни бошқа мамлакатлардан олиш мумкин, лекин, улар ҳам истеъмолни камайтириши керак бўлади. Яъни, хоҳласак-хоҳламасак, танқислик юз беради. Истеъмол камайиши одамни ўлдирмайди, аммо диетик мувозанатни бузиши муқаррар”, дея тушунтиради мулозим.

Украинада янги ғалла ҳосилини йиғиб-териб олиш бошланишига бир неча ой бор. Бироқ экспертлар ўша вақтгача кўплаб мамлакатлар ўз захирасини еб битиришини айтишмоқда. Ва токи Россия армияси Қора денгизни тўсиб қўйган экан, захираларни тўлдириш имконсиздир.

XS
SM
MD
LG