Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:59

БМТ: Украинадаги уруш озиқ-овқат инқирози ва очарчилик хавфини кучайтирди


Киев яқинидаги Хребени қишлоғи, 17 июль, 2020
Киев яқинидаги Хребени қишлоғи, 17 июль, 2020

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар Россиянинг Украинага босқини глобал озиқ-овқат танқислигига ва ҳатто дунёда юз миллионлаб кишини қамраб олувчи чинакам очликка олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Украинадаги уруш COVID-19 пандемиясидан устма-уст оғир зарба еган жаҳон иқтисодиёти энди-энди тикланаётган паллага тўғри келди.

Бир неча кун аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерриш сайёрамизни озиқ-овқат, энерготашувчилар ва қишлоқ хўжалиги ўғитларининг жадал қимматлашуви кутаётганини айтди. БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотига кўра, шусиз ҳам 2020 йил ўрталаридан бошлаб пандемия ва бошқа омиллар туфайли қарийб барча озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари муттасил ва тез ошиб, 2022 йил февралда, яъни Россия Украинага бостириб кирган пайтда тарихий максимумга етган эди.

Украина эса буғдой, жўхори ва кунгабоқар мойи экспорти бўйича пешқадам мамлакатлардан бири бўлиб, 50 дан ортиқ мамлакатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради. Буни ўтган кунларда Украина президенти Владимир Зеленский ҳам эслатганди. Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги кўплаб давлатлар, хусусан, Эрон, Туркия ҳамда салкам 172 млн аҳоли яшайдиган Бангладеш украин буғдойи импортига тўғридан-тўғри қарам. Шунингдек, Россия ҳам айни маҳсулотлар экспортида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айрим маълумотларга кўра, уруш бошлангунча Украина ва Россия буғдойи экспорти жаҳон бозорининг қарийб учдан бир ҳиссасига тенг бўлган.

Мисол учун, бугун Шимолий Африканинг барча мамлакатларида – Мисрдан тортиб Марокашгача – аҳоли қаҳатчилик бошланишидан қўрқиб ун ва ғалла ғамлашга зўр берган. Қатор ислом давлатларининг лидерлари Россия-Украина уруши оммавий тартибсизликлар ва ижтимоий портлашга сабаб бўлишидан хавотирда – ўз вақтида айнан озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашуви кетма-кет қўзғолонларга ва алал-оқибат “араб баҳори”га олиб келган эди.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) раҳбари Дэвид Бисли сўнгги 4 йилда, Россия Украинага бостириб киргунича дунёда очдан ўлиш таҳдиди остида қолган одамлар сони 80 миллиондан 276 миллион нафаргача кўпайганини урғулайди. “Масалан, Ливанда буғдойнинг 60 фоиздан ортиғи ҳамиша Украинадан келтирилган. Миср, Яман, Сурия, Тунис – уларнинг барини Украина боқади”, дейди у.

“Форбс” журналининг FAO маълумотига таяниб ёзишича, ўтган 2021 йилда Россия ва Украина буғдойи импортига Эритрея 100 фоиз ва Сомали 90 фоиз қарам бўлган. Монголия, Арманистон, Озарбайжон ҳамда Грузиянинг Россия буғдойига қарамлиги 100 фоизга яқинлашган, Қирғизистон, Беларусь, Конго Демократик Республикаси ва Финляндия эса эҳтиёжининг 80 фоиздан ортиғини Россия буғдойи ҳисобига қондиради. Украина буғдойи импортига қарамлик Сейшель оролларида 90 фоизни, Ливия, Покистон, Мавритания ва Жибутида эса 40 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Қолаверса, Украина кунгабоқар ёғи етказиб бериш бўйича биринчи ўриндаги мамлакат ҳамдир – 2020 йилда у жами глобал экспортнинг 40 фоизини таъминлаган (Россия 19 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаган). Нигер, Танзания, Ҳиндистон, БАА, Молдова, Кения, Ҳолландия ва Шри-Ланкада кунгабоқар мойи импортининг 70 фоизи айнан Украина ҳиссасига тўғри келган. Россия, шу билан бирга, колза ёғи етказиб берувчилар топ-2 лигига ва соя ёғи экспортчилари кучли бешлигига киради.

Киев иқтисодиёт мактаби президенти ва президент Владимир Зеленскийнинг маслаҳатчиси, ўтмишда Украина иқтисодиёт вазири бўлган Тимофей Милованов “Настояшчее время” телеканалига берган интервьюсида экспортга жўнатиш учун ҳозирланган 5 миллион тоннадан ортиқ ғалла ҳарбий ҳаракатлар туфайли Украина портларида қолиб кетаётганини айтган эди:

“Биз Украинадан буғдой экспорт қила олмай қолдик, чунки, Мариуполь қамалда. Одессада эса, гарчи Мариуполдагидек қизғин бўлмаса ҳам, барибир ҳарбий ҳаракатлар давом этяпти. Иккови ҳам порт шаҳар – буғдой шу портлар орқали экспортга жўнатилади. Агар бу баҳорда экин эколмасак, келаси йили экспорт ҳажмлари жиддий камайиши турган гап”.

Уруш Қора денгиз портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишда қўлланилган барча логистика занжирларини узиб ташлади. Табиийки, Россия босқинидан сўнг Украина портларида тижорат юкларини жўнатиш-қабул қилиш тўхтаб қолган. Қора ва Азов денгизларида камида 100 та савдо кемаси қолиб кетган, уларнинг соҳиблари Россияни чиқиб кетиш учун “яшил йўлак” очиб беришга чақирмоқда.

Ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича дунёда энг йирик ширкатлардан бири бўлмиш Yara International (Норвегия) Россия-Украина уруши бу соҳага зарба бериши мумкинлиги ва натижада озиқ-овқатлар нархлари янада ошиб кетишидан огоҳлантирди. Ўғитлар нархи шундоқ ҳам газ улгуржи баҳосига параллел тарзда кўтарилиб кетган. Боз устига, Ғарб мамлакатлари савдо алоқаларини узаётган Россиянинг ўзида ҳам калий ва фосфат каби ўғитлар жуда катта миқдорда ишлаб чиқарилади, замонавий дунё қишлоқ хўжалигини бу ўғитларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Yara International раҳбари Свейн Торе Ҳолстерга кўра, вазият бундан баттар бўлиши мумкин. “Жаҳон аҳолисининг ярми ўғитлар ҳисобига овқатланади, агар далаларга ўғит солинмаса, айрим экинлар ҳосилдорлиги 50 фоизга камайиб кетади”, дейди у.

Европа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда қўлланадиган энг муҳим ўғитларнинг қарийб чорак ҳиссасини Россиядан оларди. Икки ҳафта муқаддам Россия ҳукумати ўз ишлаб чиқарувчиларидан ўғит экспортини тақа-тақ тўхтатишни талаб қилди. Шунингдек, буғдой, жавдар, сули ва арпа экспортини “вақтинча чеклади”.

Аммо бу ҳисоб-китобларда эътиборга олиш керак бўлган ягона омил эмас – Украинадаги воқеаларнинг жаҳон озиқ-овқат бозорига таъсири ўйлаганимиздан кучли бўлиши мумкин. Мисол учун, Европа заводларида азотли ўғитларнинг энг муҳим масаллиғи – аммиак ишлаб чиқариш учун катта миқдорда табиий газ ёқилади, газ эса Россиядан келади. Ўтган йили газнинг улгуржи нархлари ошиб кетиши туфайли ЕИдаги ишлаб чиқарувчилар ўз қувватларини 40 фоизгача камайтиришга мажбур бўлишган эди. Бу ташиш харажатларининг ўсиши, яна бир йирик калий таъминотчиси – Беларусга қарши санкциялар жорий этилиши ва экстремал об-ҳаво шароити каби бошқа омиллар билан бирга ўғитлар баҳоси кескин кўтарилишига ва пировардида озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишига олиб келди.

Устига устак, иқлим ўзгариши ҳам вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиларидан бири бўлмиш Канада ўтган йили кенг кўламли қурғоқчилик ва жазирамадан катта талафот кўриши натижасида паста (итальянча макарон маҳсулотлари) ишлаб чиқаришда қўлланадиган қаттиқ буғдой нархи 90 фоизга ошди.

АҚШнинг буғдой етиштириладиган асосий ҳудудларида ўтган йили экстремал ёнғинлар кузатилган бўлса, Лотин Америкасининг қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакатлари, хусусан, Бразилияни даҳшатли қурғоқчилик ҳолдан тойдирди. Бу ёқда Австралия сув тошқинларидан катта талафот чекмоқда. Шарқий Африкада ҳам аҳвол оғир: кетма-кет уч йил давом этган аномал қурғоқчилик экинларни нобуд қилди, чорва моллари қирилди. Сув ва яйлов танқислиги юз минглаб одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилиб, турли қабила ва элатлар ўртасида низолар авж олишига сабаб бўлаётир.

Юқоридаги барча омилларнинг умумий ҳосиласи бўлмиш глобал озиқ-овқат инқирози нафақат Осиё ва Африкага, балки Россия, Европа ҳамда Шимолий Америкага ҳам таъсир қилади. БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари Украинадаги уруш туфайли дунёда озиқ-овқат нархлари ўртача 22 фоизга ошишини башорат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG