Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:05

Туризм бемалол, танқид чекланган. Мирзиёев нега блогерларни танлади?


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев блогерлар билан, 26 август, 2019 йил
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев блогерлар билан, 26 август, 2019 йил

Amnesty International ташкилотининг айтишича, Ўзбекистонда онлайн платформалар ҳамда ижтимоий тармоқда фикр билдираётган фаоллар ва блогерлар ҳуқуқлари қаттиқ чекланганича қолмоқда.

Бу ҳақда ташкилотнинг 25 июнь куни эълон қилган баёнотида айтилади.

Amnesty International мамлакатдаги марказий ва маҳаллий ҳокимият идораларини кескин танқид қилгани учун тақиб ва тазйиққа учраган ёки ҳибсга олинган блогерларнинг исмларини қайд этган.

"Сизларни президент қўллайди!"

Гарчи блогерлар Каримов даврида майдонга чиқишни бошлаган эса-да, сўз эркинлигининг кўриниши сифатида Мирзиёев ҳокимиятга келгач эътироф этилди ва кенгроқ йўл берилди.

Аммо блогерларнинг ўзларининг эътирофича, бу эркинлик нисбий.

2019 йилда Мирзиёев блогерларга "сизларни президент қўллаб-қувватлайди!" дея ваъда берган эди.

У тармоқларни мунтазам кузатиши ва блогер ва журналистларнинг танқидий чиқишларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб келади.

Аммо бу баёнотларга қарамасдан, матбуот эркинлигини кузатувчи халқаро ташкилотларга кўра, Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, асосан, тармоқлар билан чекланиб қолмоқда. Айни пайтда тармоқлардаги эркинликнинг ўзи ҳам чекланган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам, Ўзбекистонда Матбуот ва ОАВ ходимлари куни арафасида қилган чиқишида буни тан олди:

"Шахсан ўзим ОАВда чиққан таклифларни мунтазам кузатиб боряпман. Давлат телевидениесида кўп нарса йўқ. Хусусий ОАВ, телеканаллар фаол ишлаяпти. Халқимизнинг эркин фикри, яхши таклифларини ошкора беришяпти. Бу ҳам очиқлик сари қилган ҳаракатларимиз белгиси, бу ислоҳотларда давом этамиз".

Танланган блогерлар ва улар тегмаётган мавзулар

Ижтимоий тармоқларда, матбуот ёзмаган мавзуларни ёзиб, жиддий таҳлил қилаётган ҳамда бунинг учун турли даражадаги ҳокимият органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушаётган блогерларнинг аксари - сўз эркинлиги чекланганини эътироф этадилар.

Ушбу ҳолат, таҳлилчиларга кўра, ҳам расмий ва хусусий оммавий ахборот воситалари учун ўта чекланган ва ҳатто қарийб кўринмаётган сўз эркинлиги - аслида блогерлар учун ҳам кескин чегараланганидан далолатдир.

Блогерлар тегмаётган мавзулар эса талай. Хусусан, элитар коррупция - президент ва унинг оиласи, Бош вазир, Тошкент ва бошқа вилоятлар ҳокимларидан айримлари ва оиласига алоқадор коррупцион иддаоларга оид мавзулар.

Интернет нашрларининг нисбатан эркинлашганига қарамай, ҳозирча маҳаллий матбуот бу мавзуларни чеклаб ўтмоқда. Ўзбекистон юқори ҳокимият доираларидаги коррупцияга доир халқаро текширувлар, жумладан, Озодликнинг резонанс уйғотган қатор суриштирувлари нафақат расмийлар, балки маҳаллий блогер ва журналистларнинг ҳам "эътиборидан четда қолган". Маҳаллий блогосфера одатда бу каби мавзуларда фақат президент ва расмийларнинг муносабатидан сўнггина фикр билдиради.

Қамоқдаги блогерлар

Бу мавзуларни ёритган ёки тилга олишга уринган блогерларга нисбатан жиддий босим бўлаётган, ҳибс ва қамоқ жазолари қўлланганига оид мисоллар тобора кўпайиб бормоқда:

  • маҳаллий ҳокимиятни кескин танқид қилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 7 йилга қамалган,
  • ҳокимият идораларидаги коррупцияни танқид қилган, сўз эркинлиги ва ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимоясига чиқиш қилган тошкентлик блогер Миразиз Бозоров 3 йиллик уй қамоғида,
  • Ўзбекистон расмийларининг дин бўйича сиёсатини танқид қилган тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалган.

Туризм бемалол, танқидга йўл йўқ

Ўзбекистонда блогерларга нисбатан босим ва тазйиқлар Human Right Watch, "Чегарасиз мухбирлар", Халқаро Журналистлар қўмитаси, АҚШ Давлат департаменти, Amnesty International каби халқаро ташкилотлар ҳамда ҳукуматлар томонидан қораланмоқда:

  • “Блогерлар таҳдид қилинмоқда ёки ҳибсга олинмоқда. “Халқ фикри” канали асосчиси Отабек Сатторий қисмати бунга мисол. Унинг суд жараёнини ёритишга уринган журналистлар ҳужумга ёки асоссиз жиноий таъқибга учради”. “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти, 2021
  • “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича ислоҳотлар суръати 2021 йилда, айниқса, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган октябрдаги президент сайлови арафасида тўхтаб қолди ва айрим жиҳатларда орқага чекинди”. Human Rights Watch ташкилоти, 2022
  • “Халқаро майдондаги блогерлар мамлакатда туризм ва маиший ҳаёт ҳақида оммавий ҳамда енгил мавзуларни ёритишга рағбатлантирилар экан, ҳукуматнинг маҳаллий фаоллар томонидан танқид қилиниши ҳануз имконсиздир, бу эса мамлакатда сўз эркинлиги қаттиқ чекланганича қолаётганини англатади”. Amnesty International, 2022

"Сарой блогерлари"

Аммо у ёки бу амалдор, ёхуд йирик давлат ташкилотидаги ўғирлик, коррупция, жиддий қонунбузарликлар ҳақида фавқулодда жасорат билан ёзилган эксклюзив маълумотлар айрим блогерлар саҳифасида баъзан-баъзан пайдо бўлаётгани кузатилмоқда.

Ва бундай маълумотлар одатан, ҳокимиятнинг айрим идораларидаги тадбирларни фаол ёритаётган блогерларда кузатилади.

Бу ҳолат жамоатчиликда анчадан буён муҳокама бўлиб келаётган - сайланган сарой блогерлари баҳсини авж олдирмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда блогерлик фаолияти қонунчилик билан тартибга солинмаган. Яъни блогерлик фаолияти, мажбурияти ва ҳимоясини белгиловчи ҳуқуқий асос йўқ.

Жамиятдаги жиддий муаммолар - учи ҳукумат ва президент оиласига бориб тақаладиган жиддий коррупцион жиноятлар ҳақида чиқиш қилаётган блогерларнинг эрки ҳукумат томонидан чекланаётганига оид жиддий хавотирлар бор.

Ҳокимият органларида “сарой блогерлари” деб номланаётган блогерлар гуруҳи пайдо бўлгани ва уларни АОКА махсус назоратга олгани, цензура қилаётганига оид иддаолар шулар жумласидандир.

АОКА - Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги. Агентлик Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олувчи ва уларнинг фаолиятини регуляция қилувчи давлат органидир.

Озодлик АОКАга

  • АОКА блогерлар фаолиятини регуляция қиладими ва агар қилса, қандай ҳуқуқий асосда регуляция қилади?
  • АОКА Ўзбекистонда аудиторияси ошаётган ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатаётган блогерларни цензура қилади, деган иддаолар бор. Бу тўғрими?
  • АОКА воситачилигида, ҳукумат ва айрим конкрет амалдорларга хизмат қиладиган, давлат ва лобби гуруҳлари сиёсатини тарғиб қилувчи блогерлар гуруҳи борлиги иддао қилинади, бу тўғрими?

деган саволлар билан мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Таҳлилчилар расмий ва давлат матбуотига, худди танланган блогер ва хусусий нашрларига берилгани каби эркинлик бериш – айнан ҳукуматнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолаётганини қайд этмоқда.

Матбуот эркинлиги аҳволини кузатаётган халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистон ҳукуматини сўз эркинлиги борасида берилган ваъдалар ва эълон қилинган ислоҳотларни тилда такрорлаш эмас, амалда бажаришга чақириб келмоқдалар.

XS
SM
MD
LG