Мирзиёев сепаратизмга чақирадиган ҳар қандай ҳаракатга қарши кескин чора кўрилишини билдирди
Сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан 3 июль куни ўтказилган учрашув чоғида билдирди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев ҳаёт синовларида тобланган қорақалпоқ халқининг донишмандлигига ишонишини урғулаб, “уларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил қутқуларга, жумладан, четдан бўлаётган ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка” чақирган.
“Аминманки, Қорақалпоғистоннинг меҳнаткаш, оқкўнгил ва бағрикенг эли ўзбек ва қорақалпоқ халқлари тақдирининг бирлиги ва яхлитлигига, оғизбирчилигига асосланган муқаддас қадриятларини бундан буён ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшайди”, деган Ўзбекистон президенти.
Uzbekistan Airways: Якшанба куни Тошкентдан Нукусга учолмай қолган йўловчилар 4 июль куни манзилига етказилади
Тошкент – Нукус – Тошкент йўналиши бўйлаб 3 июль куни парвоз қилиши режаланган HY017/HY018 қатнови бекор қилинган. Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиаширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Авиаширкат якшанба куни бекор қилинган рейс йўловчилари 4 июль куни Тошкентдан Нукусга учадиган HY011/HY012 қатнови билан ўз манзилига етказилишини очиқлаган.
Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган Uzbekistan Airways душанба кунги рейс қайси соатда амалга оширилишига аниқлик киритган эмас.
Қирғизистон президенти матбуот котиби жамоатчиликни провокацион чиқишлардан тийилишга чақирди
Қирғизистон президенти матбуот котиби Эрбол Султанбоев, қўшни давлатларда бўлаётган жараёнлар у давлатларнинг ички иши, деб эслатди:
“Қирғизистон тинчликсевар давлат сифатида бошқа хорижий давлатларнинг ички ишларига аралашишга ҳақли эмас. Хорижий мамлакатларда содир бўлаётган барча жараёнлар фақат уларнинг ички иши. Шу боис, сиздан яна бир бор қўшни ва бошқа мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида ноаниқ фикр ва баҳоларга эга бўлган, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик тамойилларига зид бўлган турли материалларни тарқатмасликни сўраймиз”.
Расман: “Фуқаролар орасида провокацион ташвиқотлар ўтказган шахслар қўлга олинди”
Миллий гвардия матбуот котиби Даврон Жуманазаров, АОКАда бошланган брифингда Қорақалпоғистондаги вазият юзасидан маълумот бермоқда.
Унинг маълум қилишича, бир неча шахс қўлга олинган, республикада транспорт воситаси ҳаракати чекланган.
У оммавий тартибсизликни давом эттиришга уринган шахслар қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди, аҳолини сохта маълумотларга ишонмасликка чақирди.