Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:47

Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш таклифи кимдан чиқди ва оқибатлари учун ким масъул?


Нукусдаги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида, расмийларга кўра¸камида 18 киши ҳалок бўлган, 243 киши яраланган.
Нукусдаги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида, расмийларга кўра¸камида 18 киши ҳалок бўлган, 243 киши яраланган.

4 июль куни Европа Иттифоқи Қорақалпоғистондаги зўравонликларни очиқ ва мустақил тергов қилишга" чақирди. Расмий Брюссель баёнотида конституциявий ўзгаришлар бўйича норозиликларга нисбатан президент Мирзиёев кўрсатган тезкор муносабат олқишлаган. ЕИ вазият кескинлашишининг олдини олиш учун томонларни босиқликка чақирмоқда.

1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда юз берган ва жумладан, тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келган оммавий норозилик намойишлари, таҳлилчиларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев ва унинг “Янги Ўзбекистон”и учун биринчи жиддий сиëсий синовга айланди.

Бу воқеаларни кузатаëтган оддий аҳолидан тортиб сиëсатшуносларга қадар уни “текис йўлда қоқилиш”¸ “йўқ жойдан яратилган инқироз” сифатида талқин этмоқда. Воқеалар чоғида энг кўп янграган ибораларадан бири "вақт бомбаси" деган ибора бўлди.

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилиб¸ минтақа аҳолиси ва ҳудуди иҳоталанган ҳозирги вазиятда тармоқларда жамоат фаоллари “Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш таклифи кимдан чиқди ва бунинг оқибатлари учун ким масъул?” деган саволни беришмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 июль куни Қорақалпоғистон олий ҳокимият органи - Жўқорғи Кенгесда қилган чиқишида юзага келган вазият учун масуълиятни маҳаллий қонун чиқарувчилар зиммасига юклади.

"Сизлар ўзингиз бердингизку бу таклифни"¸ деди Қорақалпоғистон Республикаси парламенти депутатлари ва жамоатчилик фаоллари қаршисида гапирган президент.

Айни пайтда Конституцияга ўзгартишлар бўйича масъул комиссия раҳбари, Ўзбекистон ҳукуматининг бош юристи Акмал Саидов Қорақалпоғистондаги норозиликлар бошланганидан буён ҳали бу борада бирон изоҳ бергани йўқ.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ўзгартишларнинг Қорақалпоғистонга оид моддалари ким томонидан таклиф этилгани ва қандай муҳокамалардан ўтгани қоронғулигича қолмоқда.

Тошкентдаги Конституциявий комиссияга яқин Озодлик манбаси комиссия раиси Акмал Саидовнинг бошқа, жумладан, президентлик муддати билан боғлиқ 90-модда қаторида, Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ моддаларни ўзгартириши борасида "астойдил жонбозлик кўрсатгани"ни таъкидлади. Айни пайтда бу манба¸ Саидов бу жонбозликни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари "Зайнилобиддин Низомиддиновнинг бевосита топшириғига биноан" қилганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукуматидаги бошқа бир манбага кўра¸ янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга доир моддалари юзасидан илк хавотирлар шу йил бошида билдирилган. Бу мулозим ҳам "ўзгартишларга бош-қош бўлган Администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бу хавотирларга қулоқ солмагани"ни иддао қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу каби хавотирлар, жумладан, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашидаги муҳокамаларда ҳам янграган.

"Президентни "тарихий воқеа бўлади", Қорақалпоғистон халқи бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлаяпти, деб ишонтиришган", деди Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган Ўзбекистон ҳукуматидаги манба.

Озодлик ихтиёрида бу иддаоларни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Аммо Ўзбекистондаги ҳокимият иерархияси ва Президент Администрациясининг қудрати назарда тутилса, Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар Конституцияга ўзгартишлар борасида бошқа, демократик давлатлардаги каби парламент эмас, балки Президент Администрацияси ҳал қилувчи овозга эга бўлганини тахмин қилишди.

Озодлик ҳозирча жавобсиз қолаётган бу саволлар борасида расмийларнинг муносабатига очиқ.

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш таклифи асосий таклиф бўлмагани, балки президент муддатини узайтириш учун ўйлаб топилган таклифлардан биттаси эканини айтади. Унинг фикрича, таклиф кимдан чиққанидан қатъи назар, пировардида оқибатлар учун масъулият президент зиммасида:

Мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов
Мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов

-Ўзи конституциявий ислоҳот деган лойиҳа асосан битта мақсадда – Шавкат Мирзиëев президентлик муддатини узайтириш учун бошланганини ҳамма билиб турибди. Аммо жараëн давомида уни легитимлаштириш¸ асосий мақсадни хаспўшлаш учун имкон қадар кўпроқ ўзгаришлар қўшишга киришишди. Шулардан бири сифатида Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш таклифи ҳам қўшилди. Бу таклиф айнан кимдан чиққанини билмаймиз. Формал томондан қаралса¸ бу таклиф ва унинг ўзгартишлар рўйхатига киритилгани учун Конституциявий комиссия масъул. Аммо ишончим комилки¸ бу ўзгартиш оммага тақдим қилинишидан олдин у Мирзиëевга кўрсатилган ва унинг розилиги олинган. Шу боис¸ бу таклиф ва унинг оқибатлари учун бирламчи масъул президент Мирзиëев деб биламан. 1 июль кунги воқеалар эртасигаëқ Мирзиëев бу ўзгартишларни кун тартибидан олиб ташлади. Ваҳоланки¸ бу иш расман унинг ваколатига кирмайди. Бу таклиф парламент томонидан берилган бўлса¸ уни бекор қилиш ҳам парламент томонидан қилиниши керак эди. Ана шу қарори билан Мирзиëев Қорақалпоғистон статусини ўзгартириш таклифига бевосита ўзи масъул эканини тан олди.

Мустақил журналист¸ кинодокументалист Шоҳида Тўлаганова Ўзбекистонда барча қарорлар "президент ва унинг администрацияси томонидан қабул қилинади", деб ишонади:

Шоҳида Тўлаганова дунëнинг уруш ва бўҳронлар гирдобига тортилган давлатларидан ҳозирлаган ҳужжатли фильмлари билан танилган.
Шоҳида Тўлаганова дунëнинг уруш ва бўҳронлар гирдобига тортилган давлатларидан ҳозирлаган ҳужжатли фильмлари билан танилган.

- Агар Мирзиëев бу таклиф ва унинг оқибатларига алоқадор бўлмаса¸ унда мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол ва кайфиятдан бехабар¸ асосий иши тепадан туширилган таклифларни қўл кўтариб тасдиқлаб бериш бўлиб қолаëтган парламентни тарқатиб юборсин. Зудлик билан мустақил комиссия тузиб¸ масаланинг тагига етсин. Аммо ҳамма қарор президент ва унинг администрацияси томонидан қабул қилинадиган Ўзбекистонда бу қарорнинг айнан президент ва унинг администрациясидан тушмаганини аниқлаш имкони йўқ¸ афсуски.

Ўзбекистондаги мақоми боис жамоатчиликка очиқ гапириш ваколати йўқлигини айтган Тошкентдаги европалик кузатувчилардан бири Қорақалпоғистонда қон тўкилишига олиб келган фожиали воқеалар учун масъулият Ўзбекистон расмийлари зиммасида эканини айтди:

-Қорақалпоғистонда бўлган қонли воқеалар учун масъулият Ўзбекистон конституциясидан автоном статусни олиб ташлашга қарор қилган расмийлар зиммасидадир. Нима учун бундай қарор берилгани жуда мавҳум. Бу ишни қилганлар ë қорақалпоқларнинг Тошкентга нисбатан йиғилиб қолган норозилик ва эътирозларидан мутлақ бехабар¸ ëки улар ўзбеклар билан қорақалпоқларни атайин бир-бирига қарши қўйишни мақсад қилган. Қайси эҳтимол тўғрилигини билиш қийин. Чунки Ўзбекистонда на мустақил ижтимоий фикр институтлари ва на мустақил социологик тадқиқот марказлари бор. Шу боис¸ давлатни бошқараëтганларнинг жамоатчилик кайфиятидан мутлақ бехабарлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

Боз устига¸ конституцияга ўзгартиш киритиш борасида қорақалпоқ жамоатчилиги билан маслаҳат жараëни деярли бўлмади. Ўзбекистонда бошқарувчилар билан бошқарилаëтганлар ўртасида ҳалол мулоқот йўқлиги маълум ҳақиқат. Қорақалпоғистондаги қонли воқеалар жамоатчилик кайфиятини менсимаслик¸ улар фикри билан ҳисоблашмасликнинг ниҳоятда қалтис экани ҳақида берилган кучли сигнал бўлди.

XS
SM
MD
LG