Отабек Тошев, иқтисодчи
Конституциявий ислоҳотлар – муҳим аҳамиятга эга тадбирдир. Аммо, бу ишни амалга ошириш, олдинги эскича, анъанавий усулда кетаяпти.
Ўзбекистон Конституцияси лойиҳаси расмий матбуотда бир ёқлама мухокама қилинди, қарама-қарши фикрлар у ёқда турсин, ҳаттоки, мустақил фикрлар ҳам деярли очиқ айтилгани йўқ.
Ижтимоий тармоқларни ҳисобга олмаганда жамият жуда пассив, энг ёмони парламентни бор-йўқлиги ҳам билинмайди.
Қисқа лўнда қилиб айтганда, сиёсий рақобат йўқ жойда, қонунларни бир тўда сиёсий гурух ўз худбин манфаатлари учун қабул қилади.
Киритилиши кутилаётган таклифлар ҳам гўёки "советча" услуб, ёндошувга ўхшаб кетади яъни ура-урачилик ҳиди келиб турибди.
Ҳозирги даврдаги давлатни бошқараётган сиёсий элита шунчалар ношудки, давлатни, миллатни тараққий қилдирадиган демократик конституция лойиҳасини тайёрлашга ҳам қодир эмас.
Ўзбек жамиятининг жуда катта қисми нафақат янги конституция лойиҳаси, шунингдек, ҳозирги мавжуд конституция доирасида яшашга ҳам амалда тайёр эмасдир.
Бизнинг фожиамиз қонунлардан кўра, тушунча билан яшашни афзал биламиз. Қачонки жамиятни тўқсон-тўқсон беш фоизи давлатчилигимиз мустақиллигига бефарқ, ҳатто Россия таркибига киришга мойил бўлиб турган бир вақтда конституция лойиҳаси ҳақида назаримда гапириш ортиқчадек.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Ҳозирги аянчли ҳолатга келиб қолганимизнинг асосий сабаби мавжуд элитага бориб тақалади. Буларнинг ношуд, нодонлиги туфайли бутун халқ шундай аянчли ҳолатга келиб қолди.
Очиқ холислик билан шуни айтиб ўтишим керак! Бутун ижтимоий тармоқлар тўлиб кетди "Президент Шавкат Мирзиёев учунчи муддатга қолмоқчи, мана шунинг учун конституция ўзгараяпти" деган қарашлар, фикрлар билан.
Ҳа, тўғри мазкур фикрлар, муносабатларда жон бор. Шундай бўлсада, президент ҳали кейинги муддатга қолиш қарорини бергани йўқ. Назаримда давлат раҳбари вазиятга қараб ўз қарорини қабул қилади, ҳали бунга тўрт йил вақт бор.
Мен президентимизни узоқ кузатишларим мобайнида шундай фикрга келдим. Агарда Ўзбекистондаги вазият президентнинг кейинги муддатга қолиши билан ёмонлашиб кетадиган бўлса, ишонч билан шуни айтишим мумкин, Шавкат Мирзиёев ватан, миллат манфаатларини эгалаб турган мансабидан юқори қўйиб, сиёсий ҳокимиятдан кетишига ўзида куч топа олади ва бунга қодирдир.
Феруза Бабашева, собиқ депутат
Тўғрисини айтаман, Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар билан унчалик ҳам қизиқаётганим йўқ.
Сабаби, ўзим мисолимда қонунларнинг ишламаслигини кўрдим. Ундай қонунлар борми, йўқми менга энди аҳамияти йўқ.
Умумий битта фикр, қонунлар ишламаса уларни ёқиб юбориш керак! Тамом!
Анора Содиқова, “Rost24” сайти бош муҳаррири
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Акмал Саидовнинг чўнтагидаги ён дафтарми?
У хоҳлаган вақтда Конституцияни ўзгартиради, истаса ўзгартиш киритади.
Ўзбекистонда бошқа тизимни биладиган бошқа малакали юристлар йўқми?
Умуман олганда, мен Конституцияни ўзгартиришдан кўпроқ уни қоғозда эмас, амалда ишлашига кўпроқ эътибор бериш керак деган бўлардим.
Конституцияни шу вазиятда турган ҳолда амалда ишлашини таъминласак, анча хаётимиз яхши тарафга ўзгарар эди, деб ўйлайман.
Ҳозирда конституцияга ўзгартишлар учун кўплаб таклифлар келаётгани айтилмоқда. Менинг назаримда таклифларни қонун кўринишига келтириш ҳам мумкин эди.
Конститутцияни ўзгартираверишга бутунлай қаршиман.
Дадахон Ёқубов, журналист
Конституция баъзи ҳолларда, кичик ўзгаришларга юз тутиши мумкин. Бунга ички, ташқи, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Аммо 30 йил ичида сал кам йигирма марта ўзгартирилиши, ҳужжат қадрини, давлат қадри ва барқарорлигига зарар келтиради.
Ортиқча таҳлил қилиб ўтирмайман. Уни етмишдан ортиқ ўзгартиришлари оғир келади. Қонунлар аралашиб кетади. Аҳолидан давлат мулозимлари сони ортиб кетади. Жамоат ва нодавлат идоралари, фаоллар ҳаракати батамом сиқиб чиқарилади.
Конституцион судга кўп марта мурожаат қилиб, бир натижа олган эмасмиз.
Аммо Ўзбекистон мадҳиясига жадидларимиз мусиқаси олинса, айни муддао бўлар эди. Сиз тахминан кутаётган уччала масалада жавобим аниқ, Ўзбекистон Республикаси унитар давлат деган жойига, таркибида Қорақалпоғистон Республикаси мавжуд ва бошқа суверен давлатлар ҳам ихтиёрий тарзда, ҳалқаро қонунлар асосида қўшилишлари ва таркибидан чиқишлари мумкин. Бу шахсий таклифларимдир. Юрист эмасман!