Беруний Алимов, собиқ дипломат, “Янги медиа таълим маркази” раҳбари
Ушбу ўзгаришлар аввало Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини, унинг суверенитетини, хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Давлатимизнинг замонавий “челленжлар”, таҳдидлар олдида янада кучли ва иродали бўлиши учун хизмат қилиши шарт.
Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам том маънода ҳимояланиши ва унга ҳомийлик кўрсатилишининг кафолатланишига эришилиши лозим. Бундан ташқари, ҳар кимнинг интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалигининг алоҳида қайд этилиши, сўзсиз, ижобий натижа бериши керак. Чунки бу ёғига орқага қараб кетолмаймиз.
Муҳокамаларга сабаб бўлаётган масала ҳақида ҳам бир оғиз гапириб ўтсам. Ҳозирги раҳбарнинг учинчи муддат президент бўлиши-бўлмаслиги қарорини ҳозир Ўзбекистонга бўлаётган, олдинги даврда мутлақо кузатилмаган янгича, янада агрессивроқ ташқи сиёсий таҳдидлар билан боғлаган бўлардим.
Шахсан, “демократия йўлида” дейилаётган ҳар қандай ўзгариш ёки реформани қўллаб-қувватлайман. Бироқ Конституцияга киритиладиган янгиланишлар кейинчалик амалиётда қай даражада ишлайди? Бундан кейин қонунларнинг устунлиги реал тан олинадими? Ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий ва демократик давлат сифатида ўзимизни кўрсата оламизми?
Назаримда, шуларга тайёр туришимиз керак.
Муҳаммад Матжон, журналист
Инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган жамиятларда Конституциявий ўзгаришлар мухолиф сиёсий партияларнинг қаттиқ назорати остида ўтади.
Янги Ўзбекистонда Президент сайлови каби, мухолиф сиёсий партияларни оғзини ёпиб ўтказишяпти. Халқ ғафлатда.
Аъзам Обидов, шоир ва таржимон
Конститутцияга ўзгартириш киритилмоқчи бўлса, энг аввало унда “матбуот ва ОАВ давлат назоратидан холи ва тўла мустақилдир” деган модда бўлмоғи шарт.
Унда соғлом мухолифат, сиёсий рақобат ҳақида ҳам гап бўлсин. Яна, худди ОАВ каби, адабиёт, маданият ва санъат соҳаси ҳам мустақил ва эркин бўлиши белгиланса.
Йўқса, президентлик муддатини узайтириш, ноллаштиришни асл мақсад остига яширганча, гапни узоқдан бошлаб, чайналиб айлантириш шартмас.
Дима Қаюм, блогер
Қомус янгиланиши эмас ишлаши керак!
Майли шунисини ҳам кўрайликчи...
Халқимиз учун манфаатли бўлса, ўзгаришига халқ рози бўлса мен хам кўпчилик томон.
Оддий китоб шаклида қолиши эмас, миллати, динидан қатъий назар юртдаги ҳар бир шахсни бугунидан рози қиладиган асосий янги қомус бўлсин!