Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:43

ШҲТ давлат лидерлари Самарқандда йиғилди

Ўзбекистонда 15−16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига ҳозирлик кўрилмоқда.

ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон аъзо давлатдир. Афғонистон, Монголия ва Беларусь ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Бу саммит доирасида қатор кўп томонлама ва икки томонлама учрашувлар белгиланган. Бу учрашувларда ШҲТ ҳудудидаги давлатлар ўртасида иқтисодий, молиявий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтиришни кўзловчи битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Аммо бу ерда асосий хавотир - Украинага босқини ортидан мислсиз санкциялар остида қолган Россия банклари ва молиявий институтлари билан ҳамкорлик ҳамда бунинг ортидан Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонга иккиламчи санкциялар қўлланиши эҳтимолидир.

Самарқанддаги ШҲТ саммитига тайёргарлик тўрт йил олдин бошланган.

Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ташкил этилган ва вилоят ҳокимлигига 5 йилга 2 фоизлик 25 млн АҚШ долларига тенг эквивалентдаги кредит ҳам берилган эди.

Ўзбекистон 2016 йилда ҳам Шанхай Ҳамкорлик Саммитига мезбонлик қилган.

Самарқандда саммитни қўриқлагани келган ИИБ ходимлари талабалар ётоқхонасига жойлаштирилди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити арафасида Самарқандда кескин даражадаги хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ШҲТ Саммитда қатнашиши режалаштирилган Россия ва Хитой дохил 15 президент хавфсизлигини таъминлаш учун бошқа вилоятлардан ҳам қўшимча кучларни жалб қилган.

Шаҳарнинг тадбир давомида ҳаракатланиши чекланадиган 16 кўчаларнинг ҳар 30-40 метр оралиқларида биттадан ички ишлар ёки миллий гвардия ходими хавфсизликни таъминлаш учун жойлаштирилган.

Озодликка келиб тушган маълумотларга кўра, вилоятлардан Самарқандга сафарбар қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари вақтинчалик Олий ўқув юртларининг талабалар ётоқҳоналарида яшамоқдалар.

Саммит хавфсизлигини таъминлайдиган автомобиллар учун махсус рақам

Самарқандда бошланиш арафасида бўлган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Саммити хавфсизлигини таъминлаётган патрул автомобиллар учун махсус давлат рақамлари ҳам жорий этилди.

Бунда одатда Тошкент шаҳри ёки вилоятларга мансублиги кўрсатилиши керак бўлган рақамларнинг ШҲТ ташкилоти герби билан алмаштирилганлигини кузатиш мумкин.

Бор-йўғи икки кун фойдаланишда бўладиган ушбу махсус давлат авторақамларини ишлаб чиқариш учун давлат бюджетидан қанча маблағ сарфланганини аниқлашнинг имкони йўқ.

Эрдўғон Самарқандда Путин билан яна Украина масаласида гаплашмоқчи

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 та давлат раҳбари, жумладан, россиялик ҳамкасби Путиннинг таклифига биноан ШҲТнинг Самарқандда ўтказиладиган саммитида иштирок этади.

Туркиянинг Hurriyet нашрига кўра Россия етакчиси Путин билан энг муҳим мулоқотни ўтказади.

"Эрдўғон-Путин учрашувининг энг муҳим мавзуси Россия-Украина уруши бўлади. Эрдўғон россиялик ҳамкасбига Туркиянинг воситачилик ташаббуслари доирасида урушни тугатиш ва доимий ўт очишни тўхтатиш учун қўлидан келганини қилишда давом этишини билдиради. Лидерларни Туркияда учраштириш таклифини Путинга такрорлайдиган Эрдўғон, дипломатик ечимга урғу беради. Икки лидер учрашувида Сурияга қарши эҳтимолий ҳарбий операция ҳам кун тартибида бўлиши кутилмоқда" деб ёзади Hurriyet.

Ижтимоий тармоқларда саммит сабаб йўлнинг узоқлашганига ҳайдовчилар норозилик билдирмоқда

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари халқаро аҳамиятдаги М-39 автомобил йўлида жойлашган "Silk Road Samarkand" ("Самарқанд Ипак Йўли") Туризм марказида бўлиб ўтиши айтилди.

Шу сабабли 14 сентябрдан 17 сентябрга қадар ҳалқаро аҳамиятдаги йўлнинг ушбу қисмида ҳаракатланиш тўлиқ тақиқланади.

Самарқанд орқали республиканинг бошқа вилоятларига ўтишда одатдагидан кўпроқ вақт ва ёнилғи талаб этадиган айланма йўллардан фойдаланишга мажбур бўлиши ижтимоий тармоқларда ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда ШҲТ саммити доирасида Самарқанд шаҳрини айланиб ўтиш йўллари тўғрисидаги маълумот Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан эълон қилинган ва у транспорт ҳаракатини бутунлай тўхтатмайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG