Николаевдаги ҳужумда 1 киши ҳалок бўлди
18 октябрнинг эрта тонгида Кривой Рогда портлашлар содир бўлди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул. Мулозимга кўра, портлаш товушлари шаҳарнинг шимолий қисмидан келган.
Шунингдек, маҳаллий телеграм-каналлар кечаси Николаев шаҳрига ҳам ҳужумлар бўлганини хабар қилди. Зарбалардан сўнг шаҳар ва унинг теварагидаги аҳоли масканлари электрсиз қолган. Кейинроқ Николаев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким шаҳарга С-300 ракеталари билан зарба берилганини билдирди. Улардан бири икки қаватли бинога теккан, харобалар остидан эркак жасади топилган. Ҳозирда шаҳарда электр таъминоти тиклангани айтилмоқда.
Бугун эрталаб Украинанинг жами етти вилояти – Кировоград, Черкасск, Полтава, Днепропетровск, Николаев ҳамда Киевда ҳаво тревогалари эълон қилинди.
Украина бўйлаб 60 га яқин авиация зарбаси берилди
Ўтган кеча-кундуз ичида Украина ҳудудлари бўйлаб 10 ракета зарбаси ва 58 та ҳаво зарбаси берилган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош штаби 18 октябрь тонгидаги ҳисоботида билдирди.
“Ўтган сутка ичида душман 10 та ракета зарбаси, 58 та авиация зарбаси бериб, ёппа ўққа тутиш реактив тизимлари орқали 60 марта Украина ҳудудини ўққа тутди. Пойтахт Киев ва Киев вилояти, Одесса ва Николаев вилоятлари, Донецк ва Херсон вилоятларидаги 35 тадан зиёд аҳоли пункти душман зарбасига нишон бўлди. Бунинг учун душман қанотли, авиация ва бошқарилувчи зенит ракеталаридан фойдаланган”, дейилган УҚК хабарномасида.
Ейскдаги авиаҳалокат натижасида камида ўн уч киши қурбон бўлди
Краснодар ўлкасидаги Ейск шаҳрида 17 октябрь оқшомида ҳарбий учоқ қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони, Россия ФВВ тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, уч бола дохил 13 кишига етган, яна 19 киши яраланган.
Душанба оқшомида Су-34 учоғининг 9 қаватли тураржой биноси ёнига қулагани натижасида кучли ёнғин юзага келган. Учоқ пилотлари катапульта қилишга улгуришган.
Россия Мудофаа вазирлиги қайдича, ҳарбий учоқ машғулот парвози пайтида қулаб тушган. Учувчилар ҳисоботига кўра, авиаҳалокатга ҳавога кўтарилиш вақтида двигателлардан бирининг ёниб кетгани сабаб бўлган.
Киев Теҳронни Россияга қурол-аслаҳа етказиб бермасликка чақирди
Украина томони Эронни Россиянинг ҳарбий жиноятларига шерикликда расман айблаб чиқди.
“Теҳронни Россияга ҳар қанақа қурол етказиб беришни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Акс ҳолда, Эрон ва унинг раҳбарияти энг қаттиқ жавобгарликка тортилади”, дейилган Украина ТИВ баёнотида.
Эрон шу пайтгача расман Россияга дрон етказиб бермаётганини таъкидлаб келади. Аммо Украина шаҳарларига ҳужумлар Россияда ишлаб чиқарилган ракеталар билан бир қаторда Эронда ишлаб чиқарилган “Шаҳид” дронлари воситасида ҳам уюштирилаётганига шубҳа йўқ. Кеча Киевда ҳомиладор бир аёл ҳам айнан дрон ҳужуми натижасида нобуд бўлгани айтилмоқда.