Россия кучлари Энергодарни тарк этмоқда
Украинанинг “Энергоатом” компанияси Россия қўшинлари Запорожье атом электр станцияси ходимлари яшайдиган ва ишлаётган Энергодар шаҳрини тарк эта бошлагани ҳақда билдирди.
Энергоатом расмий телеграм-каналида билдирилишича, 19 октабрдан 20 октабрга ўтар кечаси россиялик зобитлар ва шаҳарнинг ишғолчи маъмурияти вакиллари ўзлари яшаб турган “Скифская” меҳмонхонасидан мол-мулк, телевизор, музлатгич ва бошқа жиҳозларни олиб чиқишни бошлаганлар.
Илгари Россия томонидан тайинланган Херсон вилояти ҳокимияти аҳолини Днепрнинг Энергодар ҳам жойлашган ўнг қирғоғидан чап томонга эвакуация қилишини эълон қилди.
Чоршанба куни "Озодлик" радиосининг Украина хизмати ҳам ижтимоий тармоқлардаги постлар ва сунъий йўлдош тасвирларига асосланиб рус ҳарбийларининг Нова Каховка яқинидаги паром ўтиш жойида Днепрнинг ўнг қирғоғидан одамлар ва жиҳозларни олиб чиқа бошлагани ҳақда хабар берганди.
Германияда украиналик қочқинлар ётоқхонасига ўт кетди
Германиянинг Гросс-Стремкендорф шаҳарчасида ёнғин украиналик қочқинлар жойлашган ётоқхонани буткул вайрон қилди.
19 октабрь кечқурун рўй берган ёнғин пайти ётоқхонада йигирма нафар киши бўлган. Уларнинг ҳеч бири жабрланмаган.
Полиция ёнғинга ўт қўйиш сабаб бўлган деб ҳисобламоқда. Ёнғиндан сўнг дарҳол барча одамлар бошқа бинога кўчирилган.
БМТ маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери 14 миллиондан ортиқ украиналик мамлакатни тарк этган. Улардан етти миллионга яқини қайтиб келди. Европада яна 7 ярим миллиондан кўпроқ украиналик қочқин қолмоқда.
ЕИ Россияга камикадзе дронлари етказиб бераётган Эронга қарши санкция жорий қилди
Европа Иттифоқи Кенгаши рекорд қисқа вақт ичида Россия армиясига Украина инфратузилмасига ҳужум қилиш учун “Шаҳед-36” камикадзе дронларини етказиб берган Эронга қарши санкциялар пакетини тасдиқлади.
Ушбу босқичда “Шаҳед Авиэйшн Индастриес” ширкати ва яна бир қанча шахслар, жумладан Эрон Қуролли кучлари штаби бошлиғи, генерал-майор Муҳаммад Ҳусайн Бағирий, Ислом инқилоби гвардияси Аэрокосмик корпуси қўмондони Сайид Ағажоний санкциялар остида қолди.
Европа Кенгашига раислик қилаётган Чехия ҳукумати расмий сайтида санкциялар бугундан кучга кириши айтилган.
Россия Украинани камикадзе дронлари билан яна ҳужумга тутди
Запорожье вилоятидаги Камышеваха аҳоли пунктида махсус ихтисослаштирилган мактаб вайрон бўлган.
"Жабрланганлар йўқ. Лекин вайрон бўлган фуқаролик инфратузилмаси ва турар-жой бинолари бор", - деди Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко.
Николаев вилоятида, Баштанский ва Николаевский туманлари, шунингдек, Николаев шаҳри ҳужумга тутилди. Уйлар вайрон бўлган, аҳоли орасида қурбонлар йўқ.
Шаҳарга “С-300” ва “Шаҳед-136” камикадзе дронлари билан зарба берилган. Тўртта дрон таълим муассасаларидан бирига урилган.
Днепропетровск вилоятида саноат корхонаси ва Кривой Рог вилоятидаги энергетика инфратузилмаси ҳужумларга нишон бўлган.