“Мотор Сич” корхонаси директори давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди
Украина хавфсизлик хизмати “Мотор Сич” корхонаси директори, собиқ депутат ва сиёсатчи Вячеслав Богуслаевни ҳибсга олди.
Украина матбуотининг ҳуқуқ идораларига таяниб хабар беришича, В.Богуслаев давлатга хиёнат ва босқинчи мамлакатга кўмак кўрсатишда айбланмоқда. Жиноят кодексида ушбу айблов учун умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Запорожье шаҳрининг “ЗаБор” портали хабарига қараганда, “Мотор Сич” директорининг уйида тинтув ўтказилган, унинг ўзи эса тергов учун пойтахт Киевга юборилган.
Украина хавфсизлик хизмати яқин фурсатда тергов ҳаракатлари борасида батафсил маълумот бериши кутилмоқда.
Вячеслав Богуслаев – Украина Қаҳрамони, таниқли жамоат арбоби, Олий Раданинг тўрт карра депутати, мамлакатнинг энг бой шахсларидан бири. У 1994 йилдан буён “Мотор Сич” корхонасига раҳбарлик қилиб келади.
Запорожьеда жойлашган “Мотор Сич” ширкати самолёт ва вертолётлар учун двигатель ишлаб чиқарувчи дунёдаги йирик заводлар сирасига киради.
Украина матбуоти Вячеслав Богуслаев президент Владимир Путин билан яқин муносабатда бўлгани, жумладан, Кремль соҳиби мунтазам ташриф буюрадиган Россиядаги ибодатхонага катта миқдорда хайрия қилгани ҳақида ёзган.
Мобилизация қилинган яна бир аскар ўлди
Россия қишлоқларидан бирида бир оила сентябрь ойи охирида урушга сафарбар қилинган ва тахминан бир ҳафтадан сўнг Украинада ўлган Никита Перлин билан видолашди.
Дафн маросими ҳақидаги хабар Никитанинг туғилган куни, 19 октябрга тўғри келди. У шу куни 32 ёшга тўлиши керак эди.
Перлин 29 сентябрда армияга жўнаб кетди ва 4 октябрда Украинада эди.
Бир ҳафта олдин Челябинск вилояти расмийлари Жанубий Уралдан сафарбар қилинган беш нафар одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Перлин улардан бири.
Сентябрь ойи бошида Россия президенти Владимир Путин Украинадаги қўшинларини кучайтириш учун заҳирадагиларни қисман сафарбар қилишга буйруқ берган эди.
Россия: Белгородда 12 киши ҳалок бўлди
Россия расмийлари чегара яқинидаги Белгород вилоятининг Шебекино шаҳри Украина томонидан ракета ҳужумига тутилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ва 12 киши яраланганини маълум қилди.
Белгород соғлиқни сақлаш вазири Андрей Иконниковнинг айтишича, 44,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Шебекино шаҳридаги фуқаролик инфратузилмасига зарба берилиши оқибатида 14 ёшли болакай ва бир қария ҳалок бўлган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда вилоят губернатори Владислав Гладков Украинани ҳужумда айблаган эди.
Россия Украина кучларини чегарадаги Белгород ва Курск вилоятларида тинч аҳолига қарши кўплаб зарбалар берганликда айблаб келади.
Киев бу айбловларга расман жавоб бермаган.
"Бахмутда вагнерчилар кунига 100 одамини йўқотди"
Россия қўшинлари бир ойдан кўпроқ вақт давомида Бахмут шаҳри томон олдинга силжий олмаяпти.
Бахмут шаҳри яқинида жанг қилаётган Украинанинг 93-механизациялаштирилган бригадаси қўмондони Олексий Sky News телеканалига берган интервьюсида "Вагнер" хусусий ширкати жангчилари минтақада Россия сафида туриб жанг қилаётганини ҳамда катта йўқотишларга учраётганини хабар қилди:
"Бизнинг йигитлар улар билан жанг қилди. Кунига тахминан улар 50, 100 одамини йўқотди. Уларнинг жасадлари ўша ерда қолиб кетди. Ҳатто жасадларни ҳам олиб кетишмади. Йигитларимиз бориб, уларнинг қуролларини йиғиб олишди".
Уруш шароитида томонлар берган маълумотларни мустақил текшириш имкони йўқ.