Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

23:41 24.10.2022

Украин олигархи Зеленский ҳайдалишига умид билдирган

Олигарх уйидаги тинтув пайти олинган сурат
Олигарх уйидаги тинтув пайти олинган сурат

Украина Хавфсизлик хизмати мамлакатдаги двигателлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона бўлмиш “Мотор Сич” АЖ фахрий директори, олигарх Вячеслав Богуслаевнинг телефон орқали сўзлашувлари акс этган видеони эълон қилди. Богуслаев икки кун олдин коллаборационизмда ва агрессорга шерикчиликда гумон қилиниб, қўлга олинган эди.

Видеодан англашилишича, Богуслаев уруш бошланишидан олдинроқ ва уруш бошланганидан сўнг Россияга ҳарбий вертолётларнинг бир неча тури учун двигателлар ва бошқа эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борган. Шунингдек, у Россиянинг Украинага ҳужумига оқлаб, Россия армияси “Зеленскийни ҳайдаб юбориб, ортига қайтади”, дея умид билдирган.

Богуслаев томони ушбу ёзувлар юзасидан изоҳ берганича йўқ.

УХХ Богуслаевни 22 октябрь куни ҳарбий аҳамиятга эга товарларни Россияга сотишда гумон қилиб ҳибсга олган эди. Унга коллаборационазимда ва агрессор давлатга шерикчиликда гумон қилинаётгани билдирилган.

23:37 24.10.2022

Разведка: Shahed-136 дронларининг 85 фоизи уриб туширилмоқда

Британия ҳарбий разведкаси фикрича, Украина Россия томонидан қўлланаётган Эроннинг Shahed-136 дронларига қарши тобора муваффақиятли кураш олиб бормоқда.

Расмий манбаларга кўра, ушбу дронлар билан амалга оширилаётган ҳужумларнинг 85 фоизи ҲҲМ тизимлари ва Қуролли кучлар ёрдамида даф этиляпти.

Гап шундаки, бу дронлар секин ва паст учади, кўп шовқин чиқаради, айни хусусиятлари туфайли якка-якка учирилган пайтда уларни уриб тушириш осон.

Россия Shahed-136 дронларидан – захирада кам қолган юқори аниқликда урувчи ракеталар муқобили ўлароқ фойдаланмоқда.

The New York Times Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сакага таяниб хабар беришича, Исроил Украинага Эрон дронларига қарши самарали кураш олиб бориш учун зарур разведка маълумотларини тақдим этган.

“Украин мулозими Исроил томони Эрон дронларини уриб туширишда асқатадиган разведка маълумотларини берганини айтди”, дейилади хабарда.

18:37 24.10.2022

ISW: Россиянинг "Ифлос бомба"га оид даъволарини ҳеч ким жиддий қабул қилмайди

АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларига кўра, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Украина гўёки “ифлос бомба” қўлламоқчи эканлиги ҳақидаги гаплари Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишини сусайтириш ёки тўхтатиш ва НАТО ичида низо чиқариш учун ўйлаб топилган ваҳимадир.

Аммо бу гапларни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Шунингдек, Кремлнинг ўзи шунга ўхшаш провокация ҳозирлаётгани эҳтимоли ҳам паст.

Бу Россиянинг “ностратегик ядро қуроли”ни қўллашга тайёрланаётганини ҳам билдирмайди, чунки бунақа қарор шахсан Путиннинг ўзи томонидан олинади ва уни олдиндан билиш имкони йўқ.

17:11 24.10.2022

Россияликлар чекинаётган Херсондан ҳайкаллар ғойиб бўла бошлади

Украинанинг Херсон шаҳри марказида рус саркардаси Александр Суворов ҳайкали йўқолиб қолди. 24 октябрь куни эрталаб ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий нашрларда Суворов ҳайкалидан бўшаб қолган шоҳсупа фотосурати чоп қилинди.

Херсонликлар тахминича, ҳайкални Днепрнинг чап соҳилига одамлар ва техникани кўчираётган россиялик ҳарбийлар ўзлари билан олиб кетишган. Рус ҳайкалтароши Николай Рукавишников томонидан ясалган мазкур бюст Херсонга 1950 йили Ленинграддаги Суворов музейи томонидан совға қилинган эди.

Кейинроқ адмирал Федор Ушаков ҳайкали ҳам ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. У Херсон давлат денгиз академияси қаршисидан қўним топган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG