Днепрдаги ҳужумда 2 киши ўлди, бири ҳомиладор аёл
Кеча Днепрга йўлланган ракета зарбалари оқибатида икки киши ҳалок бўлди, улардан бири ҳомиладор аёл эди, деб ёзди “Фейсбук”да Украина президенти Владимир Зеленский.
“Ҳар куни террорчилар билан курашяпмиз. Тинч одамларни ўлдирувчи, шаҳарларни бомбаловчи, украинлар ҳаёти ва тақдирини барбод қилувчи кимсалар билан. Бугун навбатдаги ракета зарбалари бўлди. Оқибатда Днепрда икки киши қурбон бўлди. Улардан бири – ҳомиладор аёл. Яраланган уч киши касалхонага ётқизилган. Бу хунрезликларни асло кечирмаймиз. Қасос адолатли ва муқаррар”, деб ёзди у.
Украина президенти офиси бошлиғининг ўринбосари Кирилл Тимошенкога кўра, иккинчи қурбон – автомашиналарни ювиш шохобчаси операторидир.
Блинкен: Россиянинг “ифлос бомба” ҳақидаги иддаолари ёлғон
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг Украина урушда “ифлос бомба” қўллаши мумкинлиги ҳақидаги иддаоларини “ёлғон” деб атади.
“Бугун Украинани дастаклашда давом этиш ҳамда Россиянинг Украина ўз ҳудудида “ифлос бомба”ни қўллашга ҳозирланаётганига доир ёлғон иддаоларини рад этиш хусусида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан гаплашдим”, деб ёзди у “Твиттер”да.
Донецк вилоятининг озод қилинган ҳудудидан оммавий қабр топилди
Донецк вилоятининг Украина Қуролли кучлари томонидан яқинда озод қилинган Дробишево қишлоғи ҳудудидан тўрт нафар тинч аҳоли вакилининг жасади кўмилган қабр топилган. Донецк вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, яқин орада бу жасадлар эксгумацияси бошланади.
Украина ҚК бош штаби маълумотига мувофиқ, сўнгги бир неча кун ичида украиналик ҳарбийлар тўртта аҳоли пункти - Донецк вилоятидаги Новосадовое қишлоғи ҳамда Луганск вилоятидаги Карамзиновка, Мясожаровка ва Невское қишлоқларини душмандан озод қилишган. Айни пайтда Бахмут шаҳри устидан назоратни қўлга олиш учун шиддатли жанглар бормоқда.
АҚШ Украинага иккита NASAMS берди
“Вашингтон Киевга иккита NASAMS зенит ракета тизимини етказиб берди”, деб билдирди Raytheon Technologies ширкати бош директори Грег Хайес.
Унга кўра, зенит ракета тизимлари Украинага икки ҳафта олдин олиб келинган, лекин фақат бугунга келиб улардан фойдаланиш жараёни бошланган.
Хайеснинг айтишича, расмий Вашингтон Украинага Patriot ҳаводан мудофаа тизимини етказиб берилишини қўлламади.