Запорожье АЭС барқарор ишламоқда
Украина жануби-шарқида жойлашган Энергодар шаҳридаги Запорожье атом электр станцияси (АЭС) шаҳарда берилган ракета зарбаларига қарамай барқарор ишламоқда. Аввалроқ АЭС Россия назоратига ўтган эди.
Бир неча кун давомида ҳокимияти биноси ҳамда саноат ҳудудларига ракеталар отилган. Бунга қарамай, АЭСнинг совитиш тизими нормал ишлашда давом этмоқда.
Гувоҳлар АЭС жойлашган ҳудудда ҳарбий ва фуқаролик автомобиллари ҳаракатланаётгани ҳақида сўзлаб беришди.
Энергодар ҳокимияти биносига 19 октябрь куни ракеталар бориб урилган, натижада иморатнинг бир неча қаватига зиён етказилган. Бошқа зарбалар ортидан АЭС яқинидаги бинолар вайрон бўлган.
Сентябрь ойи бошида Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) Запорожье АЭСга ҳужумлар радиоактив материаллар сизиб чиқишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Путин ядровий машқларни ўтказди
26 октябрь куни Россияда ядровий ҳужумга жавоб беришга ҳозирлик кўриш машқлари ўтказилди. Машқлар ядровий сув ости кемалари, стратегик бомбардимончи самолётлар ва баллистик ракеталар ёрдамида ўтказилди. Аввалроқ Россия Украинани «ифлос бомба» ишлатишга ҳозирлик кўришда айблаган эди.
Россия президенти Владимир Путин «Гром» («Момақалдироқ») номи билан ҳар йили ўтказиладиган машғулотларни онлайн кузатди. Бу машқлар давомида Россия ўз ядровий қўшинларини синовдан ўтказади ҳамда душманларни қўрқитиш мақсадида қудратини намойиш қилади.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу Путинга машғулотлар давомида «душманнинг ядровий зарбасига жавобан стратегик ҳужумчи кучлар томонидан йирик ядровий зарба бериш» амалиёти синаб кўрилганини айтди
«Ўртоқ Олий бош қўмондон, Россия Федерацияси Қуролли кучларини тайёрлаш режасига мувофиқ, сизнинг раҳбарлигингизда Россия Федерацияси Қуролли кучларини назорат қилиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Машқлар давомида душманнинг ядровий зарбасига жавобан стратегик ҳужумчи кучлар томонидан йирик ядровий зарба бериш вазифаси синовдан ўтказилади», – деб ҳисобот берди Шойгу Путинга.
Штаб бошлиғи Валерий Герасимов қуруқликдан ва денгиздан отиладиган, ядровий қувватга эга қитъалараро баллистик ракеталар ҳамда ТУ-95МС стратегик бомбардимончи самолётлари томонидан ҳаводан отилган қанотли ракеталар синовлари муваффақиятли ўтганини қўшимча қилди.
Кейинроқ Путин собиқ совет мамлакатлари разведка хизматлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда дунёда можаро эҳтимоли юқори бўлиб қолаётганини айтди.
«Коллектив хавфсизлигимиз учун янги хавф ва муаммолар мавжуд», – деди у.
Пентагон бир кун аввал Россия ҳарбий машғулотларни ўтказиш режаси ҳақида хабар берганини маълум қилган эди.
Айни дамда НАТО «Steadfast Noon» («Барқарор пешин») номи билан ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий машғулотларни ўтказмоқда. Машғулотлар давомида АҚШда ишлаб чиқарилган, аммо Европада жойлашган ядровий бомбалардан фойдаланиш машқ қилинади.
Австралия Украина қўшинлари малакасини оширади, мамлакатга қўшимча зирҳли техника юборади
27 октябрь куни Австралия Украина қўшинлари малакасини оширишга ёрдам бериш учун Британияга 70 нафар ҳарбий юборишини ҳамда Киевга қўшимча 30 та зирҳли транспорт воситасини жўнатишини маълум қилди.
«Биз бу узоқ давом этадиган можаро бўлишини кутмоқдамиз. Сўнгги бир неча ой давомида кузатилган ҳолат шуни тақозо қилади. Украина учун аллақачон муҳим ёрдам пакетини ҳозирлаб қўйганмиз ва ҳозир уни Украинага етказиш жараёнидамиз. Украина бундан жуда миннатдор», – деди Мудофаа вазири Ричард Марлз ABC телеканалига берган интервьюсида.
Сўнгги ёрдам пакети билан февраль ойида можаро бошланганидан бери Австралия Украинага ажратган ёрдам қиймати тахминан 425 миллион долларга етди.
Австралия Украинани қўллаб келаётган энг муҳим НАТОга аъзо бўлмаган давлатлардан биридир. Мамлакат Киевга ёрдам ва мудофаа ускуналарини етказиб бермоқда. Шунингдек, Австралия Россияга алюминий оксиди ва алюминий рудаларини экспорт қилишни тақиқлаган. Бундан ташқари, мамлакат юзлаб россиялик жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан санкциялар киритган.
Россия президенти Владимир Путин рус қўшинларига Украинага бостириб киришга буйруқ берганидан бери минглаб одам ҳалок бўлди, кўплаб уйлар ва заводлар вайрон бўлди.
Херсон вилоятининг оккупацион “маъмурияти” Днепр ортига кўчирилмоқда
Херсон вилоятининг оккупацион “маъмурияти” Херсон шаҳридан Днепрнинг чап қирғоғига кўчирилди. Бу ҳақда Россия томонидан аннексия қилинган ҳудуднинг оккупацион “маъмурияти” бошлиғи ўринбосари Кирилл Стремоусов хабар берди. Унга кўра, Херсонни ҳимоя қилиш учун “ҳукумат” вилоятда ҳудудий мудофаа штабини ташкил этган ва унга “губернатор вазифасини бажарувчи” Владимир Сальдо раҳбарлик қилмоқда.
“Херсон вилояти ҳудудий мудофаа штаби шакллантирилди. Штаб ҳукумат ва ҳудуд хавфсизлиги ҳамда ҳимояси учун масъул бўлган органлар иштирокида деярли иш бошлади”, - деди Стремоусов.
Херсон вилоятининг оккупацион ҳукумати Украина Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми фонида 20 октябрдан маҳаллий аҳолини Днепр дарёсининг чап соҳилига кўчира бошлаган эди. Оккупацион ҳукумат кўчирилганларга Қора ва Азов денгизи соҳилидаги курортларда, аннекция қилинган Қримда яшаш учун шароитлар яратиб беришни, Россияга кўчиб ўтмоқчи бўлганларга эса уй беришни ваъда қилмоқда. Шунингдек, россияпарастлар аҳолини Украина ҳарбийлари бомбардимонларидан ва Кахов ГЭСи тўғонининг портлатилиши оқибатида юзага келадиган сув тошқинидан қўрқитмоқда.
Стремоусов Херсонда Украина армиясини “кутувчилар” бош кўтаришга ҳаракат қилганини, аммо шаҳарда вазият “абсолют назорат остида”лигини таъкидлади. “Херсонда ҳеч ким таслим бўлмоқчи эмас ва бўлмайди”, деди Стремоусов.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников Херсон йўналишида Украина армияси қарши ҳужуми сустлашганини тан олди. Унга кўра, бунга об-ҳаво шароитининг ёмонлашгани сабаб бўлмоқда.