Харьковда яна бир оммавий қабр топилди
Қабрда тинч фуқаролар ва Украина ҚК ҳарбийлари кўмилган, дея маълум қилди Украина Миллий полицияси (УМП) матбуот хизмати.
Дастлабки маълумотларга кўра, оммавий қабрга камида 17 киши кўмилган. 27 октябрда терговчилар украин ҳарбий хизматчилари бўлган уч киши жасадини эксгумация қилганлар.
Оммавий қабр ҳақида УМП терговчиларига Копанки қишлоғи аҳолиси хабар берган. Уларга кўра, Россия ҳарбийлари атрофдаги барча жасадларни йиғиб, шу ерга келтиришган ва чуқурга ташлаб, устидан тупроқ тортгач, танклар билан шиббалаганлар.
Аввалроқ Донецк вилоятининг Украина армияси озод қилган шаҳарларида терговчилар 120 дан ортиқ жасадни эксгумация қилишган эди. Хусусан, Лиманда иккита ва Святогорскда битта оммавий қабр аниқланган. Биродарлик қабрларидан ҳарбийлардан ташқари, болалар жасадлари ҳам чиққан.
“Байкар” Украинадаги завод қурилишини 2 йилда якунлашни режаламоқда
Туркиянинг “Байкар” мудофаа компанияси Украинадаги завод қурилишини икки йил ичида якунлашни режаламоқда. Бу ҳақида компания бош директори маълум қилди.
“Байкар” Украинага етказиб берган дронлар урушнинг дастлабки бир неча ҳафтасида Россия зирҳли техника ва зенит тизимларига қарши мудофаада муҳим роль ўйнади.
Туркия ва Украина ўртасидаги келишувга кўра, “Байкар” Украинада иккинчи заводини қуради.
Компания бош директори Ҳалук Байрактар, Рейтерс агентлигига, уруш қўйган тўсиқларга қарамай, иш илгарилаяпти, деди:
"Биз Украинанинг ўз мустақиллиги йўлидаги урушини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уларнинг жасоратини қадрлаймиз. Қалбан улар биланмиз. Шундай экан, бизнинг режаларимиз тўхтаб қолгани йўқ. Биз у ерда ўз заводимизни барпо этамиз. Турбинали двигательларга келсак, ушбу двигательларни Украинанинг, Мотор Сич, Ивченко-Прогресс компанияларидан сотиб оламиз. Ҳамкорлигимиз жуда яхши кетмоқда. Биз Акинcи платформамизни Украина двигательлари билан жиҳозлаймиз, жумладан, Қизилолма учувчисиз дрони Мотор Сич двигателлари билан жиҳозланади".
Турк компаниясининг “Байрактар” ТБ2 дронлари Суриядан тортиб, Озарбайжон ва Украинагача бўлган давлатлардаги можароларда муҳим омил бўлди ҳамда “Байкар”ни йирик ишлаб чиқарувчи ва экспортчига айлантирди.
ТБ2 дронлари ҳозирда 24 давлат, жумладан НАТО аъзоси Полшага ҳам экспорт қилинмоқда. Компания ўзининг янги ва каттароқ “Акинжи” дронини етказиш бўйича беш давлат билан шартнома имзолаган.
ТБ2 150 кг гача бўлган ракета ёки бошқа жиҳозларни кўтаришга мўлжалланган бўлса, “Акинжи” ТБ2 га қараганда анча баландроқ ва 10 баробар кўпроқ юк билан уча олади.
Рус аскарининг қизига 35 минг рубль жарима солинди
Псков шаҳар суди Украинадаги урушда қатнашаётган рус ҳарбийсининг қизи Анастасия Григорьевага Россия армиясини “обрўсизлантириш” айби билан 35 минг рубль жарима солди.
Қизга France-Presse агентлиги видеорепортажи важидан баённома тузилган: унда Анастасия ва синглиси Елизавета, Украинанинг “энг оловли нуқталари”да бўлиш отасига қандай таъсир этгани ҳақида ҳикоя қиладилар.
Репортажда Анастасиянинг қуйидаги сўзлари бор: “Мен барча украиналиклар олдида ўзимни жуда айбдор ҳис қиламан, улар бу ҳарбий жиноятлар, уруш, вайронагарчиликларни бошдан кечираётганидан қаттиқ афсусдаман”, деганди рус аскарининг қизи.
Судья бу сўзларни Россия ҳарбийларининг “обрўсини тўкиш” деб баҳоламоқда.
АҚШнинг KFC ресторанлар тармоғи Россияда ўз брендини ёпади
KFC мулкдори бўлмиш Yum!Brands холдинги, Россиядаги 70 та ресторанини сотиш ҳақида шартнома имзолаб, маҳаллий ҳамкорига франшиза бериш жараёнини бошлади.
Россия шаҳарларида KFC ўрнида Rostic's тез овқатланиш тармоғи иш бошлайди, деб ёзмоқда “Коммерсант” газетаси. Россияда жами мингга яқин KFC ресторани мавжуд.
Экспертлар бренд номи ўзгарганидан сўнг ижарачилар нархларни ошириши, Yum!Brands назоратисиз қолган ресторанларда эса озиқ-овқат сифати тушиб кетишидан хавфсирамоқда.
Аввалроқ Россияда McDonalds тез овқатланиш ресторанлари тармоғи маҳаллий “Вкусно – и точка” бренди билан алмашиши энг шов-шувли ребрендинг бўлган эди.
Украинада уруш бошланганидан сўнг McDonalds Россиядаги барча ресторанларини вақтинча ёпишга қарор қилди ва операцияларни тўхтатди. Ширкат агрессия ва зўравонликни қоралаши ортидан шундай йўл тутди.