Зеленский: Россия дон йўлагини бутунлай тўсиб қўйган
Украина президенти Владимир Зеленский Украина кучлари шарқий Донецк вилоятида рус қўшинларининг “кучли ҳужумини” қайтарганини хабар берди.
Зеленский Россия ҳужумини Чоп шаҳри баталёни тўхтатганини айтган, бироқ тўқнашув қаерда содир бўлганига ойдинлик киритмаган.
Зеленский шунингдек, россиялик ҳарбийлар асирга олингани ва Украинанинг “алмашинув фонди” тўлдирилгани, айтди. Энг шиддатли жанглар Донецк вилоятидаги Бахмут ва Авдивка шаҳарлари атрофида бўлмоқда.
"Ҳамкорларимиз террорчи давлатни шантажни тўхтатишга ундашмоқчи. Лекин бу қанчалик иш берди? Фактлар ҳозирча Россия раҳбарияти имзолаган ҳужжатларни амал қилишдан кўра, озиқ-овқат инқирозини кучайтиришдан кўпроқ манфаатдор эканлигини кўрсатмоқда. Бу Россия билан музокаралар ҳақида гапираётганларнинг барчасига жавоб. Унинг Қора денгиз ғалла ташаббусидан чиққани бунга яққол мисол. Россия ҳеч қандай реал битимлар истамаслигига 218та далил бор. Ҳозирда 218 та кема экспорт шартномалари бўйича озиқ-овқат ташиш учун Украина портларига киришни кутиб турибди. Россия эса ҳамкорларга берган ваъдаларига қарамай, дон йўлаги фаолиятини секинлаштирди. Энди эса уни бутунлай тўсиб қўйган”, деди у.
Якшанба куни Украина инфратузилма вазирлигининг маълум қилишича, Москванинг мазкур қароридан сўнг, жами 218 та кеманинг ҳаракати "тўсиб қўйилган".
Таҳлилчилар буғдой нархининг глобал миқёсда кўтарилишини башорат қилмоқда.
Украина ва Туркия, буғдойни Россиясиз жўнатишга келишиб олди
Россиянинг келишувдан чиққанига қарамай, Туркия Қора денгиз орқали дон экспорти бўйича келишувни давом эттиради. Бу ҳақида Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдоған маълум қилди.
"Истанбулда қўшма механизмни жорий қилиш орқали биз 9,3 миллион тонна Украина ғалласини жаҳон бозорига етказиб, озиқ-овқат инқирозини юмшатишга эришдик. Агар Россия Украина каби фойда кўрмаслигидан иккиланаётган бўлса ҳам, биз инсониятга хизмат қилиш борасидаги саъй-ҳаракатимизни қатъият билан давом эттирамиз”, деди Эрдўғон.
Россия ва Украина дунёдаги энг йирик икки озиқ-овқат экспортчиларидан ҳисобланади. Йил бошида ҳам Россиянинг Украинадан ғалла экспортини тўсиб қўйиши глобал озиқ-овқат инқирозига сабаб бўлган эди.
Россия, Украинанинг Қора денгиз орқали дон экспортини давом эттириши хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Москва БМТ воситачилигидаги келишувдан чиққанини хабар қилди.
"Россия бу ҳудудларда юк ташиш хавфсизлигини кафолатлашнинг имконсизлиги ҳақида гапираётган бир шароитда бундай келишувни амалга ошириш қийин ва бу анча хавфли ҳамда кафолатсиз", деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.
Песков, шунингдек Украинани келишувни бузишда айблади. Россия шанба куни Қора денгиз флотига қилинган ҳужумдан сўнг келишувдан чиққанини хабар қилди.
Песков Россия июль ойидаги келишувга воситачилик қилган Туркия ва БМТ билан алоқаларни давом эттиришини билдирди. Дмитрий Песков келишув қайта тикланиши учун Россия қандай шартлари қўяди, мазмунидаги саволга жавоб беришдан бош тортгани хабар қилинди.
Дон ортилган 6 та кема Одесса портини тарк этиб, портдан 12 километр узоқлашган. Украина инфратузилма вазирлиги, Украинада Қўшма мувофиқлаштириш марказининг рухсатномаси бўлмагани сабабли, “218 та кема ҳозирги жойида тўхтаб қолди”, дея билдирди.
Вазирликнинг билдиришича, Украина портларидан чиқиб кетган 95 та кема истеъмолчига жўнатиш учун якуний текширувдан ўтишни кутмоқда, 101 та бўш кемалар эса Украина портларига киришни кутмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган 22 та кема эса Украина портларини тарк этишни кутмоқда. Украина Қора денгиз дон экспорти келишуви доирасида ҳозиргача 9 миллион тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганини билдирди.
ISW: Путин узоқ давом этадиган конвенционал урушга ҳозирлик кўрмоқда
Президент Владимир Путин узоқ давом этадиган конвенционал урушга ҳозирлик кўрмоқда, яъни у босиб олинган ҳудудларни қўлида сақлаб қолишга бор кучини ташлайди ва янги ҳудудларни ишғол этишга ҳаракат қилади.
Американинг Урушни ўрганиш институти(ISW) экспертлари, Ядро қуроли кўринишидаги кескин эскалация ёки, аксинча, сулҳ афтидан энди уни қизиқтирмайди, деб ҳисоблашмоқда. Шунингдек, сафарбарлик эълон қилиниши ҳам Путиннинг нияти бошқа эканини кўрсатади.
“Путин сафарбарлик эълон қилгани учун ички сиёсатда катта товон тўлади: минглаб россияликлар бошқа давлатларга қочиб кетишди, мамлакатда норозилик мисли кўрилмаган даражада кучайди, Россия ҳукумати ва ҳарбийлари кескин танқид қилинмоқда. Агар Путин урушни давом эттиришни кўзлаган бўлса, янги чақирилган аскарлар етиб боргунича позицияларни ушлаб туриш учун Украинага дарҳол мадад кучларини жўнатиш кераклигини тушунса ва вазиятни ўз фойдасига ўзгартирса, бу товон ўзини оқлайди”, дейилади ISWнинг янги ҳисоботида.
Қозоғистонда россияликликларга махсус бошпаналар очилмоқда
Олмаотада сафарбарликдан қочган россияликларга махсус мусофирхоналардан вақтинча жой берилмоқда. Ҳозирда шаҳарда иккита шелтер ишлаб турибди. Улар бошпанага муҳтож Россия фуқароларини бепул ётоқ-жой билан таъминлайди.
Шелтерда яшаш текин, аммо у ерда қолиш вақти чекланган. Ижара харжларини “Ковчег” жамияти ўз зиммасига олди – ташкилот бутун дунё бўйлаб россияликларга ёрдам кўрсатмоқда.
Шелтерлардан бирида 24 нафаргача одам яшаши мумкин, бироқ бошпана кўпи билан 14 суткагача берилади. Муассаса маъмури Илья Молчанов Қозоғистонга Красноярскдан келган. У “Ковчег” жамияти Олмаотада мусофирхона очмоқчи бўлганини эшитгач, волонтёр бўлишга қарор қилган. Ильянинг ўзи муассасада муддатсиз яшайди.
“Бошпанага муҳтож одам ариза беради, ариза бизга етиб келгач, биз уни жойлаштирамиз. Тахминан 10-14 кун бу ерда яшаши мумкин. Баъзилар эртароқ чиқиб кетишади. Биз шу орқали одамларга хавфсиз ва қулай шарт-шароитга эга доимий бошпана топиш имкониятини тақдим этамиз”, дейди Илья.
Ҳозирча Олмаотада иккита шунақа мусофирхона мавжуд. У ердан бошпана олиш учун навбатга турганлар сони тобора ортмоқда.
Шелтер жойлашган уй ижараси ойига уч минг долларни ташкил этади, аммо мусофирлар учун яшаш бепул. Барча харажатларни Украина уруши бошланганидан сўнг Россияни тарк этганларга кўмаклашиш мақсадида ташкил қилинган “Ковчег” жамияти тўлайди. Бундай муассасалар дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатида бор.