Ўтган тунда Россия ҳарбийлари Днепропетровск вилоятини ҳам ўққа тутишди
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченкога кўра, Никополь ва Кривой Рог туманлари ҳужумга учраган. Жами тўртта обшчина “Град” ва оғир артиллерия қуролларидан ўққа тутилгани айтилмоқда.
Россиянинг РИА Новости агентлиги эса, уларнинг назорати остидаги Херсон шаҳри марказига ракета зарбалари берилганини билдирмоқда.
Агентликка кўра, зарба Херсон вилояти маъмурияти биносига йўлланган ва натижада оккупация маъмурияти томонидан тайинланган бандлик департаменти бошлиғи яраланган, унинг ҳайдовчиси ўлган.
Херсон вилояти оккупацион маъмурияти бошлиғининг ўринбосари ракета ҳужуми вақтида бинода ҳудудий раҳбарлар йиғилиши бўлаётганини маълум қилган.
Россияпараст маъмурият раҳбари Кирилл Стремоусовга кўра, зарба Украина томонидан HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизими орқали йўлланган.
«Кабинетимга бешта HIMARS учиб кирди. Тинч аҳолидан бир киши ўлди. Ҳозирча бошқа ҳеч нима дея олмайман», деган у "Интерфакс" мухбирига.
Озодлик уруш шароитида ушбу маълумотларни оператив текшириш имконига эга эмас.
АҚШ президенти Жо Байден Украина учун 600 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади
Reuters агентлигига кўра, ҳарбий ёрдам HIMARS ракета тизимлари, тунда кўриш жиҳозлари, миналардан тозалаш машиналари, артиллерия снарядлари ва бошқа қурол-аслаҳаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, янги пакет доирасида америкалик мутахассислар украин ҳарбийларини тайёрлаш билан шуғулланади. АҚШ 24 февралдан бери Украинага жами қарийб 15 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен эса, Рейтерга берган интервьюсида Украинани қўллаб-қувватлаш қимматга тушади, аммо эркинлик “бебаҳо”, дея таъкидлади.
Киевда туриб сўзлаган фон дер Ляен хоним блок Украинани қувватлашда қатъиятли бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлади. ЕИ аъзо давлатлари ўртасида Россияни босқинчилиги учун қандай жазолаш борасида келишмовчиликлар пайдо бўла бошлади.
Европада ривожланаётган энэргетика инқирозининг Киевни қўллаб-қувватлашга таъсири ҳақида сўралганда, фон дер Ляен Украина ёнида туриш “қимматга тушади, аммо бизнинг эркинлигимиз, халқаро тинчлик тартиби ва демократия бебаҳо”, дея жавоб берди:
"Ҳа, бу жуда қимматга тушишини яхши тушунамиз. Аммо бизнинг эркинлигимиз, халқаро тинчлик тартиби ва демократия бебаҳодир. Қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки, автократия эмас, демократия ғалаба қозонади. Мен Украина ва Европа, демократик давлатлар ғалаба қозонишига қатъий аминман”.
Европа Иттифоқи бу йил Украинани қўллаб-қувватлаш учун ўз тарихида биринчи марта Европа тинчлик жамғармаси орқали Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштирди.
“Украина ўз мудофааси учун зарурий барча ҳарбий имкониятларга эга бўлиши ҳар доимгидан ҳам муҳим”, деди фон дер Ляен.
Путин ва Си Цзинпиннинг Самарқаддаги учрашуви
Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Украинадаги вазият борасида хавотирларини тушунишини айтди. Путин шу билан бирга Хитой раҳбарини можаро бўйича “мувозанатли” позицияси учун мақтади.
Икки давлат раҳбарлари пайшанба куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида учрашди. Бу икки етакчининг Украинадаги уруш бошланганидан кейинги илк юзма-юз учрашуви бўлди.
Учрашувда Хитой раҳбари “қадрдон дўстини” яна кўрганидан мамнунлигини билдирган. Путин АҚШнинг бир қутбли дунёни яратишга уринишлар муваффақиятсизликка учрашини айтган. Хитой президенти шу пайтгача омма олдидаги чиқишларида Украинани тилга олмаган.
Хитой давлат телерадиокомпаниясига кўра, Хитой Россияга ўзининг асосий манфаатлари билан боғлиқ масалаларда астойдил ёрдам беришга тайёр.
Цзинпин ва Путин охирги марта, 24 февралдаги босқиндан бир неча ҳафта олдин шахсан учрашган ҳамда Ғарбга қарши бирга туришга ва ҳамкорлик қилишга келишиб олган эди.
Украина: Изюм оккупациясида одамлар қийноққа солинган
Украина инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Изюм оккупацияси вақтида Россия ҳарбийлари одамларни қийноққа солгани айтилган ертўладан видео ёйинлади.
Видеода Лубинец тор ерости хонасида кўринади. Тош тўшалган ерда линолеум парчалари кўринади. Мулозим айтишича, линолеум тошда қон доғлари қолмаслиги учун керак бўлган.
Ўртадаги стол тутқунларни сўроқ қилган рус ҳарбийси учун қўйилган бўлса эҳтимол.
Лубинец тутқунлардан қийноққа солиш йўли билан Россия ҳарбийларига зарур маълумотлар олинган, украин ҳукумати бу ерда сўроқ берган одамлардан хабардор, демоқда.
Мулозим халқаро ҳамжамиятни Россия Женева конвенциясини бузаётганига эътибор беришга чақирди ва Украина террорчи давлат билан урушишга мажбур бўлаётганини урғулади.
Уруш бўлаётгани сабабли Озодлик ҳатто расмий давлат органларининг маълумотларини ҳам тезкор текшириш имконига эга эмас.