Кремль Изюмда оммавий қабр бўйича Киев баёнотини “уйдирма” деб рад қилди
Украин ҳарбийлари Харьков вилоятидаги аҳоли масканларини озод қилганидан сўнг оккупация даврида тинч аҳоли ўлдирилганига оид дастлабки далиллар ўртага чиқа бошлади.
Хусусан, ўтган ҳафтада Изюм шаҳри қабристони яқинидаги номсиз қабрларга оммавий дафн қилинганларни эксгумация қилиш ишлари бошланди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда ўз ажали билан ўлганлар ҳам, вайронагарчилик ёки очликдан ўлганлар ҳам кўмилган. “Грати” нашри у ердан топилган бир эркак жасади ҳақида мақола эълон қилди – у қийнаб ўлдирилгани айтилмоқда.
“Бу Бучадаги сценарийнинг ўзгинаси. Бу ерда ҳам барчаси ўша сценарий бўйича давом этяпти. Ва булар бари уйдирма, турган гапки, биз бу воқеаларда ҳақиқатни ҳимоя қиламиз”, деди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Харьков вилоятидаги Россия оккупацияси оқибатларига доир янги далиллар ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
2022 йилнинг баҳорида Киев вилоятида, жумладан Бучада Россия ҳарбийлари тинч фуқароларга зўравонлик қилгани ва ҳатто уларни қатл этганига доир кўплаб далил-исботлар эълон қилинганига қарамай, Кремль ҳамда Россия расмийлари буларнинг барини “фейк” ва “томоша” дея иддао қилишмоқда.
Туркиянинг энг йирик банки “Мир” карталари билан ишлашни тўхтатди
Туркиядаги энг йирик Iş Bankası Россиянинг “Мир” тўлов тизими билан ишлашни вақтинча тўхтатганини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ёзди. РИА “Новости” DenizBank ҳам “Мир” карталари билан ишлашни тўхтатгани тўғрисида хабар берди.
Агентликларнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда Туркиянинг қатор меҳмонхоналари ҳам “Мир” картасини қабул қилишдан бош тортаётганлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Россия туроператорлари ассоциацияси Туркияга бормоқчи бўлган туристларга ўзлари билан нақд пул олиб боришни тавсия этмоқда.
Яқин орада Туркиянинг Vakıfbank, Ziraat Bank, Iş Bank и Halkbankлари ҳам “Мир” тўлов тизими билан ишлашни тўхтатиши кутилмоқда.
АҚШ генерали: Украина Россиянинг камида 55 та самолётини йўқ қилди
Россия Украина осмонида ҳарбий устунликка эриша олмади, деб ҳисобламоқда АҚШ генерали.
АҚШнинг Европа ва Африкадаги ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал Жеймс Хекер Россия уруш бошлаганидан бери Украинада камида 55 та самолётини йўқотгани ҳақида маълум қилди. Унга кўра, камида 5 самолёт аэродромларда йўқ қилинган.
Генерал фикрича, катта йўқотишлар ортидан Россия Украина осмонида ҳарбий устунликка эриша олмаяпти. Шунинг учун ҳарбий ҳаракатларда рус қирувчи ва бомбардимончи самолётлари катта аҳамиятга эга бўлмаяпти.
АҚШ қўмондони Украина Россия самолётларини йўқ қилишда Совет Иттифоқи пайтида ишлаб чиқарилган С-300 ва "Бук" мудофаа тизимлардан фойдаланаётганини таъкидлади. Киев Шарқий Европа давлатларидан ҳаводан мудофаа учун айнан мана шу тизмларни етказиб беришни илтимос қилаётир.
Жеймс Хекер Россия Украина осмонида ҳарбий устунликка эриша олмагани америкалик кузатувчилар учун ажабланарли ҳол бўлганини айтди. Чунки АҚШ экспертлари Россия биринчи навбатда украин осмонини ўз назоратига олишини башорат қилишганди.
АҚШ экспертларига кўра, айни пайтда Украина ўз ҳарбий самолётларининг 80 фоизини сақлаб қолган ва улардан ҳаводан зарба беришда самарали фойдаланмоқда.
Генерал Хекерга кўра, Россия украин зенит тизимларини йўқ қилишга эътибор қаратмагани оқибатида “асосий стратегик хато”га йўл қўйган. Украина август ойидан бошлаб АҚШнинг радиолокацияга қарши AGM-88 ракеталарини олмоқда. Бу ракеталар Украинанинг Су-27 ва Миг-29 қирувчи самолётларига ўрнатилмоқда. Бу ракеталардан Россия зенит тизимларини йўқ қилишда фойдаланилмоқда.
Turkish Airlines Россия учувчилари малакасини оширишдан воз кечди
Turkish Airlines ширкатининг ўқув маркази Россия учувчиларини парвоз имитацияси тренажёрларида малакасини оширишдан воз кечди. The Insider нашрига бу маълумотни Россия авиаширкатларидан бири тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, Turkish Airlines авиаширкатга жўнатган расмий маълумотда бундай қарор “Парвозлар хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги санкцияларни кучайтиргани” муносабати билан қабул қилинган.
The Insider бу хабар ортидан қатор экспертлардан фикр олди. Экспертларга кўра, Turkish Airlines ортидан бошқа ўқув марказлари ҳам мана шундай қарорларни қабул қилиши эҳтимол. Кўпчилик экспертлар парвоз имитацияси тренажёрларида малака оширилишининг тўхтатилиши оқибатида Россияда парвозлар хавфсизлиги, айниқса, олис масофага учувчи Boeing B777 ва Airbus A350 самолётларида, савол остида қолиши мумкинлигини айтмоқда.