Латвия сафарбарликдан қочган русларни қабул қилмайди
Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичнинг маълум қилишича, Рига армияга сафарбарликдан қочган Россия фуқароларига гуманитар визалар бермайди, Шенген визаси борларга ҳам чегарадан ўтишига рухсат бермайди.
Латвия буни "хавфсизлик сабаблари" билан изоҳламоқда.
19 сентабрдан бошлаб Болтиқбўйи давлатлари, жумладан, Латвия ҳам Шенген визаси бор Россия фуқаролари учун чегарани ёпди. Хусусан, давлат томонидан таъқиб қилиниш таҳдиди остида бўлган одамларга бериладиган инсонпарварлик визалари давом этиши аввалроқ маълум қилинган эди.
Чехия бош вазири: Путин урушни янада кучайтиришга уринмоқда
Чехия бош вазири Петр Фиала Путин эълон қилган қисман сафарбарликни Украинадаги урушни янада кучайтиришга уриниш деб атади. Ва бу Россия бутун вазиятда ягона тажовузкор эканлигининг яна бир далилидир, деди Фиала.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда Украинага ёрдам беришда давом этиш жуда муҳим ва бу, жумладан, Чехия Республикасининг ўз манфаатларига мос келади.
Чехия Россия босқинидан кейин Украинани оғир қуроллар билан таъминлаган биринчи давлат бўлди ва уруш пайтида ҳам Украина Қуролли кучларини танклар, вертолётлар ва артиллерия тизимлари билан таъминлашда давом этди.
Польша бош вазири: НАТО иттифоқчилари Украинани дастаклашда давом этиши керак
Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий, мамлакати Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.
"Биз НАТО бўйича иттифоқчиларимиз билан биргаликда Украинани янада кўпроқ қўллаб-қувватлашимиз керак ва ўзини ҳимоя қила олиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Қисман сафарбарлик ҳақидаги хабарлар тасдиқланди. Россия Украинани йўқ қилишга ва унинг ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак", деди Моравецкий.
Айни дамда Моравецкий Польша, АҚШ ва Буюк Британия иттифоқчи кучларининг Польша шарқидаги қўшма машғулотларида иштирок этмоқда.
Россияда чақирув қоғозлари кела бошлади
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сафарбарлик эълон қилингандан кейин ҳарбий комиссарликка чақирув қоғози олинган суратларни жойлаштирмоқда. Бошқалар қаторида шифокорлар хизматга чақирилмоқда.