Россия ҳарбий мажбуриятга эга шахсларни мамлакатдан чиқишини тақиқлаши кутилмоқда
Россия ҳарбий мажбуриятга эга шахсларни, биринчи навбатда, сафарбарликка жалб қилиниши мумкин бўлган эркакларнинг мамлакатдан чиқишини тақиқлаши кутилмоқда. Бу ҳақда "Вёрстка", "Медуза", "Сота", "Важние истории" ва "Ходорковский LIVE" Кремль ва ФХХга яқин бўлган ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.
"Важние истории" тақиқ 26 сеньтябрдан жорий этилишини ёзмоқда. “Медуза”нинг манбалари эса 28 сентябрь санасини айтаяпти. "Вёрстка" манбалари эса 30 сентябрдан чегаралар ёпилишини иддао қилган. "Ходорковский LIVE" тақиқ фақат эркакларга эмас, ҳарбий мажбуриятга эга аёллар, масалан, шифокорларга ҳам тегишли бўлишини ёзди.
Манбаларнинг билдиришича, Россия ҳукумати сафарбарликдан қочганлар сони кўпайиб бораётганидан ташвишланмоқда.
Иркутск вилояти Усть-Илимск шаҳри военкоматида ўқ отилди
Бу ҳақда "Тайга.Инфо" ва Baza маълум қилди. Воқеанинг видеоси ҳам тармоқларда тарқалди. Видеода қуролланган одам ўқ отаётгани, бино ичидаги одамлар эса ваҳимада қочаётгани акс этган.
"Тайга.Инфо" яраланганлар орасида чақирув комиссиясининг раиси борлигини ёзди. Аввалроқ унинг ўлдирилгани хабар қилинганди. Отишмада қанча одам жабрлангани тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Ўқ отган одам қўлга олинди. Baza қўлга олинган шах акс этган видеони эълон қилди. Видеодаги шахс ўзининг Руслан Зинин эканини, 25 ёшдалигини ва ишсизлигини айтган.
«Ҳозир ҳаммамиз уйга қайтамиз», деди 25 ёшли Руслан Зинин военкоматда ўқ отишдан олдин, деб ёзди Baza гувоҳларга таянган ҳолда
Доғистонда намойишлар давом этди
Доғистонда 26 сентябрь куни сафарбарликка қарши намойишлар давом этди. Полиция норозиларни куч билан тарқатди. Махачқала ва Хасавюртда камида юз киши ушланди.